ушбу Кодекснинг 140-моддасида назарда тутилган ҳолларда, жавобгарни қидириш учун қилинган харажатлар;
суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш билан боғлиқ харажатлар.
1. Фуқаролик ишларини кўриш билан боғлиқ бўлган суд чиқимлари ҳақида ушбу ҳуқуқий меъёрда аниқ белгилаб берилган бўлиб, уни кенг шарҳлашга йўл қўйилмайди.
Ишни кўриш билан боғлиқ бўлган суд чиқимларини давлат божидан фарқи шундан иборатки, агар биринчисида чиқимлар қатъий суммаси билан, яъни сарф-харажатлар қанча бўлса, шунга асосан ундирилса, иккинчисида эса, қонунда тўланадиган суммалар миқдори аниқ белгиланган бўлади. Ушбу қонунда кўрсатилганидан ташқари, ишни кўриш билан боғлиқ бўлган турли чиқимлар суд чиқимларига киритилмайди ва чиқим сифатида тан олинмайди (масалан экспертга, таржимонга хизмат вазифасидан ташқари, ўзларича кўрсатган ҳуқуқий ёрдамлари ёки суд иш кўриш билан боғлиқ турли хилдаги идоравий чиқимлар ва ҳоказо).
Суд фуқаролик ишини кўриш жараёнида ёки суд ҳал қилув қарорини ижро этишда жавобгар (қарздор)ни яшаш, ишлаш жойи номаълум бўлган тақдирда суд қидирув эълон қилиши қуйидаги қонунда ўз ифодасини топган.
Қонунда: алимент ундириш ҳақидаги, майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлиги, шунингдек боқувчисининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар бўйича жавобгарнинг (қарздорнинг) амалдаги яшаш жойи номаълум бўлса, жавобгар (қарздор) қидирилиши лозим. Бундай ҳолларда суд ички ишлар органлари жавобгарни (қарздорни) қидириши тўғрисида ажрим чиқаради.
Юқорида кўрсатилган ҳолатларда қарздорни (жавобгарни) қидириш билан боғлиқ бўлган харажатлар олдин давлат бюджетида белгиланган чиқимлар ҳисобидан бажарилиб, кейинчалик эса ички ишлар органларининг берган маълумотномаси асосида суд қарорида ундириладиган сумма аниқ кўрсатилган бўлиши керак.
2. Суд қарорини ижро қилиш билан боғлиқ харажатлар дейилганда, Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонунининг 75-моддасида назарда тутилган харажатлар тушунилади. Унга кўра, суд ижрочиларининг депозит ҳисобварағида бўлиб, ижро ҳаракатларини ташкил этиш ва амалга оширишга сарфланган маблағлар, шунингдек ижро ишини юритишда иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахсларнинг маблағлари ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари ҳисобланади. Ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига қуйидагилар киради:
қарздорнинг мол-мулкини ташиш, сақлаш ва реализация қилишга сарфланган маблағлар;
ижро ҳаракатларини амалга оширишга белгиланган тартибда жалб этилган таржимонлар, мутахассислар ва бошқа шахсларга ҳақ тўлашга сарфланган маблағлар;
ундирилган суммаларни ундирувчига почта орқали ўтказишга (жўнатишга) сарфланган маблағлар;
қарздорни, унинг мол-мулкини ёки қарздордан суднинг қарори бўйича олиб қўйилган болани қидиришга сарфланган маблағлар;
ижро ҳужжатини ижро этиш жараёнида амалга ошириладиган бошқа зарур ижро ҳаракатларига сарфланган маблағлар.
Ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонунининг
77-моддасига кўра, ижро ҳаракатларини амалга оширишга кетган харажатлар қарздордан ундирилиб, суд ижрочиларининг депозит ҳисобварағига ўтказилади. "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонуннинг 40-моддаси олтинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ижро ҳужжатини ижро этиш учун қилинган харажатлар ундирувчидан ундирилади. Кўрсатилган ҳолларда харажатларни ундириш суд ижрочисининг қарори асосида амалга оширилади. Суд ижрочиси қарорининг нусхаси тарафларга уч кунлик муддатда юборилади.
Суд ижрочисининг қарори юзасидан судга шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонун 42-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидиришга кетган харажатларни қоплашни қарздор рад этган ёки ундан бўйин товлаган тақдирда, уларни қоплаш тўғрисидаги масала ундирувчининг аризасига биноан ёки суд ижрочисининг ташаббуси билан суд тартибида ҳал қилинади. Бунда ундирувчи ёки суд ижрочиси давлат божи тўлашдан озод этилади.