106-м о д д а. Даъвонинг баҳосини белгилаш тартиби
Даъвонинг баҳоси даъвогар томонидан кўрсатилади. Даъвогар кўрсатган баҳо даъво қилинаётган мулкнинг ҳақиқий қийматига мувофиқ эмаслиги яққол бўлса, даъвонинг баҳосини судья белгилайди.
Даъво тақдим этилган вақтда унинг баҳосини белгилаш қийин бўлса, давлат божининг миқдорини судья дастлабки тарзда белгилайди ва кейинчалик ишни ҳал қилиш вақтида суд белгилаган даъво баҳосига мувофиқ, божнинг кам қисми ундирилади ёки ортиқча олинган қисми қайтарилади.
1. Фуқаролик процессуал қонунчилигида тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдори аксарият ҳолларда кўрсатиб берилган. Шунга кўра даъвонинг баҳосини даъвогар томонидан аризада аниқ кўрсатиб беришлари талаб этилади.
Суд амалиётида даъвогарнинг бу масалага жиддий эътибор берилмасликлари туфайли, улар томонидан кўрсатилган баҳо аксарият ҳолларда талаб қилинаётган мулкнинг суммасига мос бўлмасдан, ошиқ миқдорда кўрсатиш ҳоллари учрайди. Шу туфайли суд (судья)га аризада кўрсатилган баҳо мулкнинг ҳақиқий қийматига тўғри келмаса, унинг баҳосини белгилаш ҳуқуқини беради. Баҳони аниқлашда суд экспертлар, мутахассисларнинг ёрдамларидан фойдаланишлари мумкин.
2. Даъвогар томонидан ундирилиши лозим бўлган мулкнинг баҳосини судья фуқаролик ишларини тайёрлов босқичида белгилаб қўйилган бўлсада, бироқ ишни мазмунан кўришда унинг баҳоланиши бозор нархларига ёки маҳаллий шароитга мос келмаган ҳолларда унинг асл қиймати илгари белгилаган даъво баҳосига мувофиқ келмаса, суд давлат божининг кам қисмини ундириш ортиқча олинган қисмини эса қайтариш масаласини ҳал этади.
Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексида даъвонинг миқдори кўрсатилмаган бўлиб, фақат уни баҳолаш тартиби белгиланган. Шу туфайли, айрим ҳолларда амалиётда бу борада қийинчиликлар учраб туради. Тўғри, давлат божининг миқдори ҳақида махсус қонун ва ҳукумат қарорлари бўлса-да, ФПКда бу ҳақда тегишли қонун нормаларининг бўлиши иш кўришда масалаларни қийинчиликларсиз ечишга имкон берган бўларди.
Суд ҳал қилув қарорини чиқаришда даъвогарнинг талаби тўлиқ қаноатлантирилган бўлса, давлат божини тўлаш жавобгар зиммасига юклатилиши ҳақида аниқ кўрсатилиши лозим.
Суд амалиётидан мисоллар келтирамиз:
1) Мулкка нисбатан ворислик ҳуқуқи тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилганда, давлат божи суд томонидан мол-мулкнинг умумий қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва ворисларнинг ҳар биридан унинг улушига мутаносиб равишда ундирилади. Бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий характерга эга бўлган мустақил талаблардан иборат бўлган аризалардан давлат божи ҳар бир талаб бўйича алоҳида, мулкий ва номулкий характердаги аризалар учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича ундирилади. Масалан, никоҳдан ажратиш ва мол-мулкни бўлиш ҳақидаги талаб битта даъво аризасида қўйилганда ёки битта ишга бирлаштирилганда, давлат божи ҳар бир талаб бўйича алоҳида ундирилади (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларига оид қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ҳақида»ги қарори).
2) Даъво бир неча даъвогар томонидан биргаликда бир ёки бир неча жавобгарга нисбатан тақдим этилганда давлат божи даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади ва даъвогарлар томонидан улар қўйган талаблар улушига мутаносиб тарзда тўланади.
Бир даъвогар томонидан бир неча жавобгарга нисбатан даъво тақдим этилганда ҳам, шунингдек судья томонидан бир турдаги бир неча талаб бир иш юритишга бирлаштирилганда ҳам давлат божи даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ундирилади.
Бирлаштирилган бир ёки бир неча даъво талаблари судья томонидан алоҳида иш юритишга ажратилганда, қонунчилик талабларига мувофиқ тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди ва қайтарилмайди. У алоҳида ажратилган иш юритиш бўйича ҳисобга олинади, бу ҳақда судья томонидан тегишли маълумотнома тузилади ва иш материалларига қўшиб қўйилади (Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларига оид қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ҳақида»ги Қарори).
3) А. судда Д. ва Б.ларга нисбатан даъво билан мурожаат этиб, улар Сатторов кўчаси, 81-уйни алдов йўли билан сотганликлари натижасида етказилган 1.060.479 сўмлик моддий ва 3.000.000 сўмлик маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, Д. ва Б.лардан А. фойдасига солидар тартибда 1.060.479 сўм моддий, 500.000 сўм маънавий зарар ва давлат фойдасига 312.095 сўм 80 тийин давлат божи ундирилган.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан суд қарорларининг давлат божига оид қисми ўзгартирилиб, Д. ва Б.лардан давлат фойдасига ундирилган давлат божи миқдори 213.799 сўмга камайтирилди1.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларига оид қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ҳақида»ги қарорига кўра, бир вақтнинг ўзида мулкий мазмундаги даъво аризалари ва мулкий бўлмаган мазмундаги даъво учун алоҳида-алоҳида белгиланган ставкалар асосида давлат божи тўланилиши тушунтирилган.
Иш ҳолатларидан кўриниб турибдики, суд давлат божи ундирилиши лозим бўлган суммани аниқлашда хатоликка йўл қўйган, яъни моддий ва маънавий зарар учун ундирилган суммаларни қўшиб (1.060.479 сўм + 500.000 сўм), сўнгра умумий суммани келиб чиққан ҳолда бож ставкасини белгилаган.
Олий суд Пленуми қарори талабига кўра мазкур иш бўйича давлат божи аввал мулкий учун белгиланган бож ставкаси (1.060.479 сўмнинг 20 фоизи)ни, сўнгра эса, номулкий даъво учун белгиланган бож ставкаси (энг кам иш ҳақининг 50 фоизи)ни аниқлаб, уларни қўшиш орқали белгиланиши лозим эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |