104-м о д д а. Давлат божи
Судларга даъво аризалари, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятлар, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича аризалар, судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан апелляция, кассация тартибида шикоятлар ва назорат тартибида протест келтириш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида аризалар берганлик учун, шунингдек судлар томонидан ҳужжатларнинг нусхалари берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ундирилади.
1. Давлат божи суд муассасаларига бериладиган даъво аризаларидан, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракат (қарор)лари устидан берилган шикоятлар, алоҳида тартибда кўриладиган ишлар бўйича аризалар, судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан апелляция, кассация тартибида шикоятлар ва назорат тартибида протестлар келтириш тўғрисида аризалар берганлик учун, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида аризалар берганлик учун шунингдек суд муассасалари томонидан қоғозлар ва ҳужжатларнинг нусхалари берилганлиги учун олинади.
Фуқаролик ишлари бўйича давлат божини тўлаш билан боғлиқ муносабатлар Солиқ кодексининг XVII-бўлими, Фуқаролик процессуал кодексининг ўнинчи боби, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли "Давлат божи ставкалари тўғрисида"ги ва 1993 йил 19 августдаги 423-сонли "Хорижий валютадаги давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган бошқа тўловлар ставкалари тўғрисида"ги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларига оид қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ҳақида»ги қарорлари билан тартибга солинади.
Давлат божи фуқаролардан ҳам, корхоналар, муассасалар, ташкилотлардан ҳам олинади.
Давлат божи оддий, яъни қатъий ставкаларда, сўм ва тийинлар билан ҳисоблаб олинадиган божга ва пропорционал божга, яъни даъво қиймати (суммаси)га нисбатан фоиз билан ҳисоблаб ундириладиган божга бўлинади.
Давлат божи дастлабки ва қарши даъво аризалари берувчилардан, мустақил даъво талаблари билан судга мурожаат қилувчи учинчи шахслардан, шунингдек алоҳида тартибида кўриладиган ишлар тўғрисида ариза берувчилардан ҳамда апелляция, кассация шикоятлар ва назорат тартибида протестлар келтириш тўғрисидаги ариза берувчилардан олинади, шунингдек, судлар томонидан ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари берилганлиги учун ҳам белгиланган тартибда бож ундирилади. Хусусий шикоятлар берилишида бож ундирилмайди.
Булардан ташқари юқорида айтилганидек, давлат божи тарафларнинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимослари бўйича ишда бўлган қоғозлар ва ҳужжатларнинг нусхаларини олишда ундирилади.
Бож суд томонидан ҳал қилув қарори ва ажримларнинг нусхаларини такрор берганлик учун ҳам олинади.
Дастлабки даъвогарнинг розилиги бўйича унинг бошқа шахс билан суд томонидан алмаштирилганида бу шахс ҳам умумий асосларда бож тўлаши лозим бўлади. Бундай ҳолларда дастлабки даъвогар томонидан тўланган бож қайтарилмайди.
Давлат божи нақд пулсиз шаклда тўланганлиги факти банкнинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланиши шарт.
Давлат божи нақд пул шаклида тўланганлиги факти банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция билан ёки Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси белгилаган шаклда давлат божини қабул қилган ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан тўловчига бериладиган квитанция билан тасдиқланиши керак.
Судга мулкий низо бўйича даъво баҳоси чет эл валютасида кўрсатилган даъво аризаси берилганда, давлат божи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ставкалар ва тартибда чет эл валютасида ундирилади.
Суд амалиётидан айрим мисоллар келтирамиз:
1) Жиноят процессида фуқаровий даъво қўзғатиш ва уни кўриб чиқишда давлат божи ундирилмайди ва бундай даъвогарга даъво муддати жорий қилинмайди (ЖПКнинг 276, 281-моддалари).
Иш бўйича бир неча шахслар айбли деб топилган тақдирда, ЖПКнинг 320-моддасига кўра суд харажатлари маҳкумлар зиммасига уларнинг бирининг айб даражаси ва мулкий аҳволи инобатга олиниб юклатилади («Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Қарори. Қонун номи билан. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси. 1998, № 3. 13-б).
2) Ҳал қилув қарорида эр-хотиндан қайси биридан ва қайси миқдорда давлат божи ундирилиши ва эр-хотиндан қайси бири уни тўлашдан озод қилинганлиги ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотлар кўрсатилиши лозим.
Никоҳдан ажратилган ҳолда эр-хотиндан ундирилиши лозим бўлган давлат божининг миқдорини белгилашда суд уларнинг ҳар бирининг моддий аҳволини, оиланинг барбод бўлишидаги айби даражасини ва бошқа муайян ҳолатларни, жумладан, вояга етмаган болаларнинг эр-хотиндан қайси бири билан яшаш учун қолаётганлигини ҳисобга олади1.
Do'stlaringiz bilan baham: |