311-м о д д а. Суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли
эканлиги юзасидан текширув қўзғатиш
Суднинг қарори қонуний, асосли ва адолатли эканлиги юзасидан текширув:
1) қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти ёки апелляция протести бўйича;
2) биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ажрими устидан берилган хусусий шикоят ёки хусусий протест бўйича;
3) қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикояти ёки кассация протести бўйича;
4) биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ажрими устидан берилган хусусий шикоят ёки хусусий протест бўйича;
5) қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрим, қарор устидан назорат тартибида протест келтириш ҳақида берилган ариза бўйича;
6) қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида берилган ариза бўйича қўзғатилади.
1. Биринчи инстанция судида кўрилган фуқаролик ишлари қонунда белгиланган асосларга кўра, норози тарафларнинг шикояти (аризаси) ёки прокурорнинг протестига биноан юқори судларда қайта кўрилиши мумкин.
Суд қарорларини текширишнинг юқорида кўрсатилган ҳар қайси усуллари ўзига хос хусусиятларга эга. Суд қарорлари кўпинча апелляция ёки кассация тартибда текширилади.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан кўриладиган кўпчилик фуқаролик ишлари юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорлари, ажримлари устидан, қонунда кўрсатилган ҳолларда, шикоят (протест)лар берилганида, улар албатта текширилади. Кўрилган айрим фуқаролик ишлари бўйича апелляция тартибида шикоят берилмаса ва у қонуний кучга киргандан кейин қонунда кўрсатилган ҳолларда кассация ёки назорат тартибида текширилиши ва қайта кўрилишига қонун йўл қўяди.
Юқори инстанция судлари, шикоят ва протестларни кўриш билан биринчи инстанция судларининг хатоларини тузатади ва шу билан одил судловнинг тўғри амалга оширилишига, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда қатнашувчиларнинг ҳуқуқ ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдам беради, қуйи судларнинг қарорларини текшириш билан уларни тўғри чиқарилишига эришишни таъминлайди, улардан қонунларни тўғри татбиқ этишни талаб қилади ва улар устидан назорат олиб боради.
Биринчи инстанция суди ишни кўриб, мазмунан ҳал этганидан кейинги процессуал ҳаракат, юқори босқичда, яъни фуқаролик процессини давом эттириш-эттирмаслик, шу ишнинг кўрилиш-кўрилмаслиги, иш юзасидан манфаатдор шахсларнинг апелляция, кассация шикояти (протести) ёки назорат тартибида протест келтириш-келтирмасликларига боғлиқдир.
Бинобарин, суд қарорларининг қонуний ва асосли бўлишини текшириш учун ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан иккинчи инстанция суди фаолиятининг қўзғатилишини ва бундай текширишнинг амалга оширилишини тартибга соладиган процессуал нормалар йиғиндисига фуқаролик процессида суд қарорлари устидан шикоят қилиш институти деб айтилади. Бу институтнинг моҳияти ва аҳамияти шундан иборатки, у суд қарорларининг қонуний, асослантирилган ва адолатли бўлишлигини, қонунларнинг бир хилда татбиқ этилишини ва шарҳланишини таъминлайди, тарафларнинг суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқларининг амалга оширилишини кафолатлайди ва қуйи судларнинг фаолиятига юқори судлар томонидан раҳбарлик қилишнинг бир шакли бўлиб кўрилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш тўғриси”ги Фармони асосида судларнинг ихтисослашуви, суд тизимининг демократик асосларини ислоҳ қилиш, суд ишларининг адолатли ва ўз вақтида кўрилишини таъминлаш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига фуқаролик суд ишларини юритишда апелляция институтининг киритилиши ҳамда кассация инстанцияси ваколатларининг кенгайтирилиши юқори босқич судлари томонидан суд қарорлари, шикоят ва протест важларини ҳар томонлама синчиклаб текшириш, қўшимча далил, ҳужжат ва ҳолатларга баҳо бериш имкониятларини яратиб, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирди1.
3. Ушбу шарҳланаётган қоидага ФПКнинг 36-40 боблари бағишланганлиги туфайли уларга кейинчалик навбат билан шарҳ берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |