2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган нусхаси;
3) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза қарздорлар сонига мутаносиб миқдордаги нусхалари билан судга берилади.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, аризага ишончнома ёки вакилнинг ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Мазкур муддат суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 3099-моддасида назарда тутилган талаблар, шунингдек ушбу модда қоидалари бузилган ҳолда берилган бўлса, суд ушбу Кодекснинг 152-154-моддаларида назарда тутилган қоидаларга биноан бундай аризани қабул қилишни рад этади ёки ҳаракатсиз қолдиради.
1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми ҳакамлик суди қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг мажбурий ёзма шаклда бўлиши ҳамда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори унинг фойдасига чиқарилган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ёки унинг вакили томонидан имзоланиши лозимлигини белгилайди. Аризанинг ёзма шаклига риоя қилиниши ариза беришнинг муҳим шарти ҳисобланади ва унинг бевосита аризачи томонидан имзоланиши унинг ҳакамлик суди ҳал қилув қароридан норози эканлигини ҳамда мазкур қарор юзасидан низолашиш ҳуқуқи унга тегишли эканлигини англатади. Ариза тарафнинг вакили томонидан имзоланганида аризага вакилнинг ваколатлари кўрсатилган ишончнома илова қилиниши лозим.
2. Шарҳланаётган моддада ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг мазмунига қўйиладиган мажбурий ва қўшимча талаблар келтирилган. Масалан, аризада қуйидаги мажбурий талаблар кўрсатилиши лозим: ариза бериладиган суднинг номи, устидан шикоят қилинган қарорни қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби тўғрисидаги маълумотлар, унинг манзили, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг манзили (почта манзили) ёки яшаш манзили, шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилган бўлса, вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми, манзили, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, ариза билан мурожаат қилган ҳакамлик муҳокамаси тарафининг ҳакамлик судининг қарорини олган санаси, ижро варақасини бериш тўғрисидаги талаб. Мазкур талабларнинг мажбурий саналишига сабаб, агар аризада юқорида келтирилган талаблар акс эттирилмаса, суд аризани қабул қилишни рад этади ёки ҳаракатсиз қолдиради.
3. Ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада телефон, факс рақамлари, электрон почта манзиллари ва бошқа маълумотларнинг кўрсатилиши аризанинг қўшимча, мажбурий бўлмаган талаби ҳисобланади. Лекин шуни назарда тутиш керакки, телефон, факс рақамлари, электрон почта манзилларининг кўрсатилиши тарафлар ва суд ўртасида маълумотларнинг тез алмашиниши учун хизмат қилиши мумкин, бу эса ўз навбатида, аризанинг тез кўрилишига ёрдам беради.
4. Шарҳланаётган моддада, шунингдек ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг иловаларига бўлган талаблар келтирилган.
Биринчидан, аризага ҳакамлик суди қарорининг тасдиқланган нусхаси илова қилиниши лозим. Ҳакамлик суди қарорининг тасдиқланган нусхаси деганда, қарорнинг нусхаси ҳакамлик судининг раиси томонидан имзоланиши ва ҳакамлик суди муҳрининг босилишини тушуниш лозим. Муваққат ҳакамлик суди судьясининг имзоси нотариус томонидан тасдиқланади.
Аризага шунингдек, ҳакамлик келишувининг тегишли тартибда тасдиқланган нусхаси, давлат божини белгиланган миқдорда ва тартибда тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилиниши лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 октябрдаги “Давлат божи ставкалари тўғрисида”ги Қарорига биноан, ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза юзасидан ишларни кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида давлат божи тўланади.
5. Суд ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани қабул қилганидан сўнг унинг нусхасини қарздорга (қарздорларга) юбориши зарурлигини инобатга олган ҳолда, қонун чиқарувчи аризачига аризани қарздорлар сонига мутаносиб бўлган нусхаларда тақдим қилиш мажбуриятини юклайди.
6. Ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили имзоласа ва тақдим этса, унга мажбурий тартибда ишончнома илова қилиниши лозим.
7. Шарҳланаётган модданинг еттинчи қисми суд қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза берилиши мумкин бўлган процессуал муддатни белгилайди – ҳакамлик суди қарорининг ихтиёрий ижро муддати тугаган вақтидан кечи билан 6 ой. Агар қарорнинг ўзида ҳакамлик судининг қарорини ихтиёрий ижро этиш учун бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ҳакамлик судининг қарорини тарафлар ҳакамлик судининг қарори кучга кирган пайтдан бошлаб ихтиёрий равишда ижро этадилар. Ушбу процессуал муддат қонун билан белгиланган муддат бўлганлиги туфайли, у умумий қоидага кўра, узрли сабаблар мавжуд бўлгандагина тикланиши мумкин.
8. Шарҳланаётган модданинг саккизинчи қисмида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги низонинг судловга тегишлилигига, ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг шакли, мазмуни ва иловаларига қўйиладиган талабларга риоя қилмаслик оқибатлари келтирилган. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани қабул қилганидан сўнг, суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 152, 154-моддаларига мувофиқ ёки аризани қабул қилишни рад этишга ёки аризани ҳаракатсиз қолдиришга қаратилган ҳаракатлардан бирини амалга оширади. Бунда суд аризачига камчиликларни бартараф этиш учун оқилона муддат белгилайди ва бу ҳақда ажрим чиқаради. Аризачи камчиликларни ўз вақтида тўғирлаб, аризани судга тақдим этса, суд мазкур аризани дастлаб берилган кунида берилган деб ҳисоблайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |