30911-м о д д а. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда ижро варақаси сўралаётган иш материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан талаб қилиб олиши мумкин. Суд ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш учун ушбу Кодекснинг 30912-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини баён қилинган талаблар ва эътирозларни асослаш учун судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди. Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекс 3094-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган суднинг иш юритувида бўлса, мазкур ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилаётган суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни қарздорнинг илтимосномасига биноан кейинга қолдириши мумкин.
1. Ишнинг қабул қилинган қарорнинг моддий ҳуқуқ меъёрларига мувофиқлигини ўрганишга зарурат йўқлиги туфайли ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
2. Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш давомида ишнинг материаллари ҳакамлик судидан фақат бу ҳақда ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномаси мавжуд бўлганда, талаб қилиб олиниши мумкин. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ ваколатли суд Ҳакамлик судидан материалларни талаб қилиб олишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси билан белгиланган далилларни талаб қилиб олиш қоидаларига таянади. Чунки мазкур тоифадаги ишларни кўришда суд даъво тартибида иш кўришда амалга оширадиган ҳаракатларни бажаради ва табиийки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси қоидаларига асосланиб иш юритади.
3. Суд ишни кўриб чиқиш учун тайинлаганда ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Агар тегишли равишда хабардор қилинган тарафлар суд мажлиси залига етиб келмаса, ушбу ҳолат ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Умумий қоидага кўра, тегишлича хабардор қилиш судда томонларнинг суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилинганлиги тўғрисидаги ёзма маълумотнинг мавжудлиги ҳисобланади.
4. Суд мажлисида судга даъво қилинган талаблар ва эътирозларни асослаш учун тақдим этилган далиллар текширилади ва ишни рад этиш учун асосларнинг мавжудлиги ёки йўқлиги аниқланади. Агар суд тарафларнинг тушунтиришлари, улар томонидан келтирилган далилларни ишни кўриб ҳал қилиш учун етарли ва асосли деб топса, ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ажрим чиқаради.
5. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги иш бўйича судьянинг суд мажлиси залидаги ҳаракатлар доираси кўрсатилган. Бешинчи қисмда суд томонидан ҳакамлик суди томонидан аниқланган ҳолатларни тадқиқ этиш ёки ҳакамлик судининг қарорини моҳиятан қайта кўриб чиқиш мумкин эмаслиги белгилаб берилган. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришда суд ҳакамлик суди томонидан аниқланган ҳолатларни тадқиқ этиши ёки ишни моҳиятан қайта кўриб чиқиши мумкин эмас. Суд фақат ҳакамлик муҳокамасида процессуал қоидабузарликлар мавжуд бўлганлигини аниқлагандагина ижро варақаси беришни рад этиши мумкин.
6. Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш, агар ушбу ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан уни бекор қилиш тўғрисидаги ариза берилган бўлса, қолдирилиши мумкин. Ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни қолдириш тўғрисидаги илтимоснома қарздор томонидан берилади. Суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш тўғрисида суднинг ажрими чиқарилгунга қадар ишнинг кўрилишини кейинга қолдиради.