3097-м о д д а. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини
бекор қилиш асослари
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берган ҳакамлик муҳокамаси тарафи қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этса, суд томонидан бекор қилиниши керак:
1) ҳакамлик битими қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларини бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосаларидан ажратиб олиш мумкин бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалари бўлган қисми бекор қилиниши мумкин;
3) ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини.
Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори суд томонидан бекор қилиниши керак.
1. Ҳакамлик муҳокамаси тарафи судга ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда суд ҳакамлик судининг қарорини фақат шарҳланаётган моддада назарда тутилган асослар мавжуд бўлгандагина бекор қилиши мумкин. Бунда, ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш учун асослар мавжудлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш мажбурияти айнан аризани берган тарафда вужудга келади.
Ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш учун асослардан бири низолашувчи тарафлар ўртасида тузилган ҳакамлик келишувининг қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилиши ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, ҳакамлик келишуви қуйидаги асосларга кўра ҳақиқий эмас деб топилади:
- ҳакамлик келишуви ёзма шаклда тузилмаган бўлса. Бунда, ҳакамлик келишуви иккита шаклда бўлиши мумкинлигини кўзда тутиш лозим:
1. Шартноманинг таркибий қисми бўлган шартномадаги бир шарт сифатида;
2. Алоҳида келишув сифатида;
- ҳакамлик келишуви тарафлар томонидан имзоланмаган бўлса;
- ҳакамлик келишувида ҳакамлик келишувининг тарафлари ўртасида юзага келган ёки юзага келиши мумкин бўлган барча ёки баъзи бир низолар ҳакамлик судида кўрилиши лозимлиги ҳақидаги қоидалар мавжуд бўлмаса;
- ҳакамлик келишувида, агар низо мазкур ҳакамлик судининг кўриб чиқиши учун бериладиган бўлса, доимий иш юритувчи ҳакамлик судининг номи кўрсатилмаган бўлса.
Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, ҳакамлик судининг ҳакамлик келишуви бўлган шартномадаги келишув шартининг ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги хулосаси юридик кучига қараб ушбу қоиданинг ҳақиқий эмас деб топилишига асос бўлолмайди
Қуйидаги ҳолатлар ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш учун асослар бўлиб хизмат қилиши мумкин:
- ҳакамлик келишувида кўзда тутилмаган низо юзасидан чиқарилган;
- қарорнинг шартларига жавоб бермайдиган низо юзасидан чиқарилган;
- ҳакамлик келишуви доирасидан четга чиқадиган масалалар бўйича хулосалар мавжуд бўлган ҳакамлик судининг қарори.
Ҳакамлик суди томонидан бир қисми ҳакамлик келишуви билан қамраб олинадиган, бир қисми эса қамраб олинмайдиган қарорни қабул қилишда, агар иккала қисм юзасидан масалаларни бир-биридан ажратиб кўришнинг имкони бўлса, у ҳолда келишувнинг масалани қамраб олмайдиган қисми бекор килиниши мумкин.
Ҳакамлик муҳокамасининг афзаллиги шундаки, тарафлар ҳакамлик суди судьясини шахсан танлаш ва ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини келишиб олиш имкониятига эга бўладилар. Бунда тарафлар ҳакамлик судьялари рўйхатидан ҳакамлик судини ташкил этган юридик шахс томонидан тасдиқланган ҳамда йигирма беш ёшга тўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, низонинг холисона ҳал этилишини таъминлай оладиган, низонинг якунидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаган, ҳакамлик келишувининг тарафларидан мустақил бўлган ҳамда ҳакамлик судьяси мажбуриятларини бажаришга розилик берганлик каби талабларга жавоб берадиган ҳакамлик судьясини танлашлари мумкин.
Ҳакамлик суди таркибини шакллантириш Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуни 15-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Ҳакамлик муҳокамасининг қоидалари ҳакамлик суди Регламентида белгилаб берилган. Ҳакамлик муҳокамасининг тарафлари ҳакамлик судида суд иш юритуви қоидаларини Ҳакамлик суди Регламентига мувофиқ келишиб олишлари мумкин, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонунига зид бўлмаслиги лозим.
Юқоридаги шартлар бузилган тақдирда суд ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиши мумкин.
Агар ҳакамлик суди ишни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига асосланиб кўриб чиқмаган бўлса ва унинг қонун билан ёки ҳакамлик келишуви тарафлари битими билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ва ушбу муносабатларга қўлланиши мумкин бўлган иш юритиш одатлари мавжуд бўлмаса, ҳакамлик суди шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган қонунчилик меъёрларини қўлламаган (қонун аналогияси) бўлса, ушбу кўрсатилган ҳолатларда қонун аналогиясини қўллаш мумкин бўлмаса ҳакамлик келишуви тарафларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонунчиликнинг мазмунидан (қонун аналогиясидан) ва виждонийлик, ҳалоллик, оқилоналик ва адолат талабларидан келиб чиқиб аниқланмаган бўлса, ҳакамлик судининг қарори бекор қилиниши мумкин.
Агар тарафлар уларнинг иштирокисиз иш юритиш тўғрисида келишиб олмаган бўлсалар ҳакамлик муҳокамаси улар иштирокида ўтказилади. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларининг сайланганлиги (тайинланганлиги) тўғрисида ёки ҳакамлик суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган бўлса ва шунинг учун ҳакамлик судига ўз тушунтириш ва изоҳларини тақдим эта олмаган бўлса, ушбу ҳолатда суд мазкур ҳакамлик суди томонидан чиқарилган қарорни бекор қилиши мумкин.
2. Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, ҳакамлик судлари фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган хўжалик низоларини ҳам ҳал қиладилар. Маъмурий, оилавий ва меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар ҳакамлик судида кўрилмайди.
Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида ҳакамлик суди қарорини бекор қилиш учун асос бўла оладиган сўнгги ҳолат келтирилган. Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низонинг предмети ҳакамлик судининг ваколатига тегишли бўлмаса, у ҳолда ушбу низо бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори бекор қилиниши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |