3096-м о д д а. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда судда низолашилаётган ҳал қилув қарорига оид иш материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан талаб қилиб олиши мумкин. Суд ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун ушбу Кодекснинг 3097-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини баён қилинган талаблар ва эътирозларни асослаш учун судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди. Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
1. Низо фуқаролик ишлари бўйича судда якка тартибда ёки ҳайъат тартибида кўриб чиқилади. Биринчи инстанция судида низо судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Суд қарорлари ва ажримлар устидан шикоят келтирилганда масала ҳайъат тартибида ҳал қилинади. Бундай фарқлаш кўриб чиқилаётган низонинг мураккаблигига боғлиқ. Ишни қабул қилинган қарорнинг моддий ҳуқуқ меъёрларига мувофиқлигини ўрганишга зарурат йўқлиги туфайли ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
2. Суд муҳокамасига ишни тайёрлаш давомида ҳакамлик судидан иш ҳужжатлари, фақат ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномаси мавжуд бўлган тақдирдагина талаб қилиб олиниши мумкин. Суднинг ташаббуси билан ишдаги ҳужжатлар шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида белгиланган асосларга кўра талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Ишдаги ҳужжатларни талаб қилиб олишда суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган далилларни талаб қилиб олишга доир қоидаларга риоя қилади.
3. Суд ишни кўриш учун муҳокамага тайинлагач, томонларни суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади. Агар тегишли равишда хабардор қилинган томонлар суд мажлисининг залида ҳозир бўлмасалар, ушбу ҳолат ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Умумий қоидага кўра, тегишлича хабардор қилиш судда тарафларнинг суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилинганлиги тўғрисидаги ёзма маълумот (белги)нинг мавжудлиги ҳисобланади.
4. Суд мажлиси залида судга даъво қилинган талаблар ва эътирозларни асослаш учун тақдим этилган далил-исботлар текширилади ва ҳакамлик суди қарорини бекор қилиш учун асосларнинг борлиги ёки йўқлиги аниқланади.
5. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида судьянинг суд мажлиси залида ҳакамлик суди қарорини бекор қилиш юзасидан амалга ошириши мумкин бўлган ҳаракатларининг чегаралари кўрсатилган. Модданинг бешинчи қисми ҳакамлик суди томонидан аниқланган ҳолатларни тадқиқ этиш ёки ҳакамлик судининг қарорини моҳиятан қайта кўриб чиқиш мумкин эмаслигини кўрсатади. Суд ҳакамлик суди томонидан аниқланган ҳолатларни тадқиқ этиши ёки ишни моҳиятан қайта кўриб чиқиши мумкин эмас. Суд ҳакамлик судининг қарорини фақат ҳакамлик ишини кўриб чиқиш жараёнида қоидабузарликлар мавжудлигини аниқлагандагина бекор қилиши мумкин. Суднинг ҳакамлик суди томонидан ҳал қилинган ишни моҳиятан кўриб чиқмаслигининг сабаби шундаки, мавжуд низони ҳал қилиш тарафларнинг ҳакамлик келишувига биноан ҳакамлик судида амалга оширилади, кўриб ҳал қилинган масалани эса иккинчи марта мазмунан ҳал қилиш ваколатли суднинг компетенциясига кирмайди. Суд фақат тарафларнинг аризасида кўрсатилган қоидабузарликларни текшириб, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш ёки қолдирмаслик масаласини ҳал қилади.