23-м о д д а. Баённома юзасидан фикр-мулоҳаза билдириш
Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқишга ва у имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида унда йўл қўйилган нотўғриликларни ёки унинг тўлиқ эмаслигини кўрсатиб, баённома юзасидан ёзма равишда фикр билдиришга ҳақлидирлар. Баённома юзасидан билдирилган ёзма фикрларни раислик қилувчи кўриб чиқиб, уларга қўшилса, бу фикрларнинг тўғрилигини тасдиқлайди ва суд мажлисининг баённомасига қўшиб қўяди. Раислик қилувчи билдирилган ёзма фикрларга қўшилмаса, улар суд мажлисида кўриб чиқилади. Билдирилган ёзма фикрлар ҳамма ҳолларда ҳам ишга қўшиб қўйилиши керак. Баённома юзасидан билдирилган ёзма фикрлар улар топширилган кундан эътиборан етти кун ичида ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда кўриб чиқилиши керак. Бироқ ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаслиги баённома юзасидан билдирилган ёзма фикрлар тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
1. Фуқаролик ишини судда кўриб иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарори, айрим ишлар бўйича ажрим чиқарилганидан кейин суд мажлисининг котиби баённомани тўлиқ расмийлаштириш билан банд бўлади. Баённома имзолангандан кейин беш кун ичида унинг қанчалик тўлиқ тузилганлигини ишда иштирок этувчи шахслар танишиб чиқишга ҳақлидирлар. Кўп ҳолларда суд мажлисининг котиби процесс давомида бошқа ишлар билан машғул бўлиши ёки тез-тез суд залидан ташқарига чиқиши ва ҳоказо тарафларда учинчи шахсларда ҳамда гувоҳларда баённомани тўлиқлиги ҳақида шубҳа туғдириши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг савол-жавоблари баённомада қанчалик тўғри, етарли даражада акс эттирилганлиги уларни қизиқтириши мумкин. Билдирилган фикр-мулоҳазалар судга ёзма равишда берилиб баённомада йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф қилиш йўллари (баённомада «мана бундай ёзиш лозимлиги»), яъни қандай «сўзлар» ўз ифодасини топмаганлиги ва қандай «сўзлар» ортиқча ёзилганлиги кўрсатилиши керак.
Суд мажлисининг баённомасига нисбатан тўлиқ эътироз билдириши ёки унинг айрим (қисм) жиҳатларига фикр-мулоҳаза билдириши мумкин.
Агар суд мажлисининг баённомасидаги камчиликлар ҳақида бериладиган аризани муддати ўтказиб юборилган ҳолларда суд, унинг сабабларини қанчалик узрли эканлигини текширади ва лозим топса муддатни тиклаш масаласини ҳал этади.
2. Раислик қилувчи баённома юзасидан берилган эътироз, фикр ва мулоҳазаларни тузилган баённома мазмуни билан таққослаб кўриши лозим.
Агар раислик қилувчи билдирилган фикрларни асосли деб топса, у ҳолда ёзма аризага мулоҳазаларга қўшилганлиги ҳақидаги розилигини ўзининг имзоси билан тасдиқлаши мақсадга мувофиқдир.
Фуқаролик иши ҳайъат тариқасида кўрилган ҳолларда баённомага берилган ёзма фикрларга раислик қилувчи қўшилмаса бу мулоҳазалар суд мажлисида кўриб чиқилади ва бунинг учун манфаатдор шахслар ҳам суд мажлисига таклиф қилиниши мумкин. Суд мажлисига фикрлар билдирган шахсни жалб қилишдан мақсад фикр-мулоҳазаларнинг асослари ва уларни билдириш сабабларини аниқлашга ва изоҳлаб беришга қаратилгандир.
Баённома юзасидан билдирилган фикр юзасидан суд асослантирилган ажрим қабул қилади. Ажримда билдирилган ёзма фикрни асосли ёки асоссизлиги ёки айрим фикрларни тўғрилиги айримларини эса нотўғри эканлиги батафсил кўрсатилади.
Ишни якка судьянинг ўзи мазмунан кўришда ёки айрим процессуал ҳаракатларни амалга оширишда билдирилган фикрларга қўшилмаган судья уни рад этиш ҳақида асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.
Баённомада билдирилган фикр юзасидан қабул қилинган ажрим ёки уни рад этиш ҳақидаги қарор ишга қўшиб қўйилиши лозимлиги қонунда белгиланган. Баённомага киритилган, тўғри ва асосли деб топилган фикрлар асосий баённомага қўшимча унинг бир қисми сифатида қаралади.
Суд мажлисининг баённомасига билдирилган фикр юзасидан қабул қилинган ажримга ва судьянинг айрим процессуал ҳаракатни бажариш бўйича тузилган баённомасига хусусий шикоят ва хусусий протест берилмайди. Бундай хусусий шикоятлар суднинг ҳал қилув қарори юзасидан апелляция ёки кассация шикояти ва протестига қўшиб берилиши мумкин.
Суд мажлиси баённомасининг тўла тузилишига, шунингдек уни тўғрилигига раислик этувчи ва суд мажлиси котиби масъуллигини назарда тутиб, судлар котиблар малакаси ва ишни ташкил қилиш даражасини оширишлари зарур.
ФПКнинг 22-моддасига биноан баённома раислик этувчи ва суд мажлиси котиби томонидан суд мажлиси тугагач, уч кундан кечиктирилмай имзоланиши лозим. Суд мажлиси баённомасини тузиш ва имзолашга муддат белгиланиши суд процесси иштирокчилари ўз вақтида баённома юзасидан эътироз келтиришлари ҳамда суд қарори устидан шикоят қилишларида муҳим аҳамиятга эгадир”1.