247-м о д д а. Қарши даъвони қабул қилиш шартлари
Қуйидаги ҳолларда судья қарши даъвони қабул қилиши шарт:
1) қарши даъво дастлабки даъвони қоплашга қаратилган бўлса;
2) қарши даъвонинг қаноатлантирилиши дастлабки даъво қаноатлантирилишини бутунлай ёки қисман истисно этса;
3) қарши ва дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғланиш мавжуд бўлиб, уларни бирга кўриш низо тезроқ ва тўғри ҳал қилинишига ёрдам берса.
1. Мазкур қонунда кўрсатилишича, қарши даъво қўзғатиш ва даъвони қабул қилиш учун белгиланган шартлар мавжуд бўлгандагина жавобгарнинг талабини қаноатлантириш мумкин.
Даъво турларидан бири сифатида қарши даъво қуйидагича шартлар бўлганида бир вақтнинг ўзида ҳам даъвога қарши ҳимоя воситаси, ҳам жавобгарнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш воситаси бўлиб кўрилади.
биринчидан, қарши даъвонинг қабул қилиниши шартлари қуйидагича: биринчидан, қарши талаб дастлабки талабни қоплашга қаратилган бўлиши керак;
иккинчидан, қарши даъвонинг қаноатлантирилишини бутунлай ёки қисман истисно қилиши керак;
учинчидан, қарши ва дастлабки даъво талаблари ўртасида ўзаро боғланиш ва уларни бирга кўриш низони тезроқ ва тўғри ҳал қилишга ёрдам берган бўлиши керак. Шу уч шартдан бири бўлса ҳам, судья қарши талабни судда кўриш учун қабул қилади (ФПКнинг 247-моддаси). Бу қонун судьяга кенг ваколатлар бериш билан бирга тарафларнинг бир-бирларига нисбатан қилган даъво талабларини бирга қўшиб кўриш мақсадга мувофиқ бўлиш-бўлмаслигини жиддий равишда текширишга мажбур қилади.
Қарши даъволар даъво қўзғатиш тўғрисидаги умумий қоидалар бўйича қўзғатилади. қарши даъво қўзғатилишида, умуман даъвога оид процессуал қоидаларга, чунончи: аризасининг мазмуни давлат божи ва суд чиқимларининг тўланиши ва ҳоказолар тўғрисидаги қоидаларга (ФПКнинг 40, 41, 103, 104. 105, 149 ва даъво ҳақидаги бошқа моддаларига) риоя қилинади.
2. Қарши даъво дастлабки даъвони қоплашга қаратилган. Бу қоидани амалиётда татбиқ этилиши қатор ноаниқликларга олиб келиш ҳоллари учраб туради. Дастлабки даъвони қоплашга қаратилган талаблар мажбуриятларни бекор қилиш кўринишларидан бири ҳисобланади. Қарши даъво қўзғатишда кўп ҳолларда жавобгар дастлабки даъвогарга нисбатан ҳуқуқий устунликка эга эканлиги исботлашга ҳаракат қилади. Масалан, агар дастлабки даъвогар жавобгарни уй-жойдан кўчириш ҳақида даъво қўзғатган тақдирда, жавобгар ўз навбатида уй-жойнинг ҳақиқий эгаси эканлигини асословчи далиллар билан қарши даъво қўзғатиш мумкинлигини келтириш мумкин.
Ушбу шарҳланаётган 247-модда учинчи қисмига кўра, қарши ва дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғланиш бўлиши, уларни бирга кўриш даъвони тезроқ ва тўғри ҳал қилинишига ёрдам берган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкинлигини асослаш судьянинг зиммасига юкланган. Шунинг учун суд асосий ва қарши талабларни ҳар томонлама чуқур текшириши, талабларнинг предметига, уларнинг асосларига эътибор бериш керак. Агар бундай боғлиқлик бўлмаган тақдирда суд талабларни бирга кўриш масаласини рад этади.
Суд амалиётидан берилган мисоларга эътибор беринг:
Т. уй-жойдан кўчириш ҳақида М.га нисбатан судга даъво билан мурожаат қилган. М. эса қарши даъво тақдим этиб, олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топишни сўрайди.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра Т. нинг даъвоси рад этилиб, М.нинг қарши даъвоси қаноатлантирилган.
Апелляция инстанция судининг ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги ҳал қилув қарори чиқарилган. Т.нинг уй-жойдан кўчириш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 3 май куни апелляция инстанция суди ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги қарорининг
11-бандида тушунтирилишича, ҳал қилув қарори даъвогарнинг барча даъво талаблари бўйича чиқарилиши лозимлигини судлар назарда тутмоқлари керак. Бир иш юритишда бир неча даъво талаблари бирлаштирилганда ёки суд қарши даъвони кўриш учун қабул қилинганда ёхуд низо предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилинган шахснинг даъвосини қабул қилишда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд қар бир даъво юзасидан қабул қилган қарорини аниқ кўрсатиши лозим.
Апелляция инстанцияси суди томонидан иш кўрилаётганда ажримнинг хулоса қисмида М.нинг қарши даъвоси ҳал қилинмасдан қолиб кетади. Бу билан суд М.нинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бузган.
Do'stlaringiz bilan baham: |