23-боб. ҚАРШИ ДАЪВО
246-м о д д а. Қарши даъво тақдим этиш
Суд иш юзасидан ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар жавобгар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқилиши учун даъвогарга нисбатан қарши даъво тақдим этишга ҳақли.
Қарши даъво тақдим этиш даъво тақдим этиш тўғрисидаги умумий қоидаларга биноан амалга оширилади.
1. Фуқаролик ишлари юзасидан қарши даъво институтининг мақсад-вазифаларидан бири бўлиб, процессуал ҳаракатларни тежаш ҳамда шу иш бўйича агар иш алоҳида-алоҳида кўрилганда бир-бирига нисбатан қарама-қарши қарор чиқариш ҳолатларининг олдини олишга қаратилгандир.
Қарши даъво қўзғатишда ишдаги тарафларнинг тутган ўрни ўзгаради, бунга кўра, дастлаб жавобгарга нисбатан даъво қўзғатган шахс-жавобгар бўлиб, қарши даъво қўзғатган шахс эса - давогар сифатида иштирок этади.
Фуқаролик процессида тарафларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши принципи асосида иш юритишда даъвогар билан бир қаторда жавобгарга ҳам тенг ҳуқуқ берилади.
Даъвогар бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиниш мақсадида даъво қўзғатиш имкониятига эга бўлса, жавобгар ҳам даъвогарга қарши ҳимоя қилиниш воситаларига эгадир. Бундай процессуал воситалардан бири-эътироз билдириш ва иккинчиси-қарши даъво қўзғатишдан иборат.
Жавобгар ўзига нисбатан қўзғатилган даъвони инкор этиши ва бунинг сабаблари (важлари)ни кўрсатиши мумкин. Даъвони бундай асослантирилган равишда инкор этишга эътироз деб айтилади.
Эътирозномада даъвогарнинг низоли ҳуқуқига, масалан, бирон-бир нарсанинг топширилишини, топшириқнинг бажарилишини зарарнинг тўхтатилишини ва ҳоказоларни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги ёинки уни (жавобгарни) даъвогар олдида жавобгарликдан озод қиладиган ҳолат кўрсатилиши мумкин. Даъвогар талабига қарши бўлишини билдиришда жавобгар муайян моддий-ҳуқуқий ва процессуал ҳуқуққа оид юридик асосларни ҳам кўрсатиши мумкин.
Моддий ҳуқуқ (фуқаролик, оила, меҳнат ҳуқуқи) меъёрларига асосланиб, чунончи: даъво қилинаётган нарсани (предметни) талаб қилиш учун фуқаролик қонунчилиги меъёрларида белгиланган муддат (даъво муддати) ўтганлигини кўрсатиб, эътироз баён этишга моддий-ҳуқуқий эътироз деб айтилади. Агар жавобгарнинг эътирози процессуал ҳуқуқ меъёрларига асосланган ва даъвони рад этишга (ишни бекор қилишга) қаратилган бўлса, чунончи: қилинган талаб юзасидан муқаддам суд қарори (ажрими) чиқарилганлигини ёинки бу ишнинг судга тааллуқли эмаслигини кўрсатиб, даъвога қарши бўлишга процессуал эътироз деб айтилади. Жавобгар манфаатини ҳимоя қилишнинг иккинчи процессуал воситаси қарши даъводир. Эътироздан қарши даъвонинг фарқи шундаки, бунда даъвогарнинг талабига қарши бошқа бирон-бир моддий-ҳуқуқи талаб қўйилади.
ФПКнинг 246-моддасида кўрсатилишича, жавобгар суд ҳал қилув қарорини чиқаргунга қадар дастлабки талаб билан бирга кўриш учун даъвогарга қарши даъво қўзғатишга ҳақлидир. Бу қонуннинг мазмунига кўра, жавобгарнинг ўзига қилинган дастлабки талаб билан қўшиб кўриш учун даъвогарга нисбатан қилган мустақил даъво талабига қарши даъво деб айтилади.
2. Қарши даъвони мустақил даъво сифатида ҳисобланишига асос бўлиб, жавобгарнинг манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган процессуал восита ҳисобланади. Шу туфайли юқорида баён қилганимиздек, қарши даъвога нисбатан эътироз билдириш фарқланади.
Агар суд қарши даъвони асосий даъво талаблари билан бирга кўришни лозим топган тақдирда, бу ҳақда ҳал қилув қарорида асослаши лозим, акс ҳолда манфаатдор тараф қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш ҳақида ариза беришига сабаб бўлади.
Иш юзасидан қўзғатилган қарши даъво асосий даъво билан бирга кўриш учун қўйилган талабга жавоб бермаган ҳолларда суд бу ҳақда ажрим чиқаради. Ажрим устидан шикоят берилмайди, протест келтирилмайди, чунки бу ажрим ишни кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилади.
Жавобгарга дастлабки даъвогарга нисбатан қарши даъво қўзғатиш ҳуқуқи суд иш юзасидан ҳал қилув қарори чиқаргунга қадар қўзғатишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Фикримизча бундай тартиб иш кўришни чўзишга олиб келиши мумкин, чунки суд даъвогарга қарши даъвога нисбатан далиллар тўплаш учун вақт бериши, бунинг учун иш кўришни қолдирилиши лозимлиги билан асосланади. Шунинг учун қарши даъво талаби билан мурожаат этиш учун жавобгар тайёрлов мажлисида ўз фикрини билдириши лозимлигини аниқлаш кейинчалик ишни кўриш учун асос бўлади.
3. Қарши даъволар ўзининг мазмун-моҳиятига қараб турлича бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда жавобгар қарши даъво талаби билан фақат тор доирадаги масалани, аниқроғи даъвогарнинг талабини рад этишни талаб қилиш билан чегараланса, бошқа ҳолларда жавобгар низоли ҳуқуққа нисбатан ўзига тегишли мутлоқ ҳуқуқини ҳимоя қилади ва ниҳоят учинчи ҳолда эса, қарши даъво дастлабки даъвони қоплашга қаратилган бўлишига эътибор бериш керак1.
Суд амалиётидан мисол келтирамиз:
1) Т. уй-жойдан кўчириш ҳақида М.га нисбатан судда даъво билан мурожаат қилган. М. эса қарши даъво тақдим этиб, олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топшини сўраган.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, Т.нинг даъвоси рад этилиб, М.нинг қарши даъвоси қаноатлантирилган.
Апелляция инстанцияси судининг ажрими билан суднинг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги ҳал қилув қарори чиқарилган. Т.нинг уй-жойдан кўчириш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган.
Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 3 май куни апеллация инстанцияси суди ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги қарорининг 11-бандида тушунтирилишича, ҳал қилув қарори даъвогарнинг барча даъво талаблари бўйича чиқарилишини лозимлигини судлар назарда тутмоқлари керак. Бир иш юритишда бир нечта даъво талаблари бирлаштирилганда юки суд қарши даъвони кўриш учун қабул қилганда ёхуд низо предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилинган учинчи шахснинг даъвосини қабул қилишда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд қар бир даъво аризасида қабул қилган қарорини аниқ кўрсатиши лозим.
Апелляция инстанцияси суди томонидан иш кўрилаётганида ажримнинг хулоса қисмида М.нинг қарши даъвоси ҳал қилинмасдан қолиб кетади. Бу билан суд М.нинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бузган.
2) Фуқаро З. судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Жиззах шаҳар, Заргарлик маҳалласидаги 39-уйнинг 20-хонадонни С.дан нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига кўра, сотиб олганлигини, лекин Р. бу турар-жойни бўшатмаётганлигини кўрсатиб, уни оила аъзолари билан низоли турар-жойдан кўчиришини сўраган.
И. судга қарши даъво ариза билан мурожаат қилиб, низоли турар-жой 1987 йил ўзига ажратилганлигини, шу ерда у ҳам уй рўйхатида бўлганини, хонадон унинг розилиги билан қизи Р. Номига хусусийлаштирилганлигини, турар-жойнинг З.га сотилишида унинг розилиги олинмаганлигини кўрсатиб, олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Жиззах шаҳар судиниг 1997 йил 30 майдаги чиқарган ҳал қилув қарорига биноан З.нинг даъвоси қаноатлантирилиб, Р. оила аъзолари билан низоли турар-жойдан кўчирилган.
И.нинг қарши даъвоси рад этилган. Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1997 йил 19 июлдаги ажримига кўра,ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдириган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди И.нинг адвокати томонидан келтирилган шикоят асосида фуқаролик иши ўрганиб чиқилди ва суд қарорлари қуйидаги асосларга кўра тўғри топилди:
Судда аниқланган ҳолатга қараганда, И. қизи Р. оиласи билан бирга яшаб, низоли хонадонни хусусийлаштиришда иштирок этган. “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ хусусийлаштиришга розилик берган уй эгасининг бошқа оила аъзолари яшаётган бўлсалар, уларнинг ҳаммаси шу турар-жойнинг эгаси ҳисобланадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |