А. судга Т.га нисбатан 1985 йилда туғилган ўғли С.ни оталигини белгилаш ҳақида даъво билан мурожаат қилган.
Суд даъвони рад этган.
Апелляция инстанция суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 8 февралда қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, иш юритишни тугатди. А.га оталик тўғрисидаги ёзувга тузатиш киритиш ҳақида ФҲДЁ органига мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 1 июндаги «Оталикни белгилаш ҳақидаги ишларни кўришда судлар томонидан қонунларнинг татбиқ этилиши тўғрисида»ги қарорининг 3-бандига кўра, агар боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида ота тариқасида аниқ бир шахс кўрсатилган бўлса, судлар оталикни белгилаш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилмасликлари лозим, чунки ФҲДЁ органлари томонидан оталик тўғрисида киритилган маълумот (ёзув) боланинг унда кўрсатилган шахсдан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.
Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, А. билан Т. ўзаро никоҳда бўлган даврида, яъни 1985 йилда С. туғилган бўлиб, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига Т. боланинг отаси эканлиги тўғрисида аниқ ёзув киритилган.
Бу ҳолда суд ФПКнинг 152-моддаси биринчи қисми ва Оила кодекси 63-моддасининг иккинчи қисмига асосан аризани қабул қилишни рад этилиши лозим эди1.
3) Аризани қабул қилишни рад этиш асослари ФПКнинг
152-моддасида кўрсатилган бўлиб, бу асосларни кенгайтириб шарҳлашга йўл қўйилмайди.
Р. мансабдор шахс В.нинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ҳақида шикоят билан судга мурожаат қилган.
Суд аризани қабул қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарган.
Апелляция инстанцияси суди ажримдаги аризани қабул қилишни рад этиш асосини ўзгартирган.
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2002 йил 17 май куни барча суд ажримларини бекор қилиб, ишни қуйидаги асосларга кўра янгидан кўриш учун юборди.
Суд аризани қабул қилишда рад этиш учун асос қилиб муқаддам Р.ни ишга тиклаш, етказилган зарарларни ундириш ҳақидаги фуқаролик иши судда кўрилиб, ушбу низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжудлигини кўрсатган.
Ваҳоланки, ФПКнинг 152-моддаси 2-бандида, суднинг айнан ўша тарафлар ўртасида, айнан бир предмет тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори назарда тутилган бўлиб, қонуннинг бу нормасини кенгайтириб шарҳлашга йўл қўйилмайди. Суд ажримда назарда тутган ҳал қилув қарори Р.нинг институт маъмуриятига нисбатан ишга тиклаш, етказилган зарарларни ундириш ҳақидаги фуқаролик иши юзасидан чиқарилган бўлиб, ишда жавобгар тараф бошқа шахс бўлган1.
Do'stlaringiz bilan baham: |