Тадқиқотда қўлланилган методиканинг тавсифи. Тадқиқот методларини билишнинг илмий усуллари – мантиқийлик, диалектик ва тизимли ёндашув, умумлаштириш, тизимлаштириш, синтез ва анализ қилиш, қиёсий-ҳуқуқий таҳлил этиш, амалдаги қонун ҳужжатларини қўллашни илмий таҳлил этиш ташкил этади.
Тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот натижасида ишлаб чиқилган илмий-назарий хулосалар, таклиф ва тавсиялардан келгусида ҳуқуқ ижодкорлигида, ҳуқуқни қўллаш амалиётида, миллий қонунчиликни такомиллаштиришда, меҳнат ҳуқуқи фани назариясини бойитишда, корхона, ташкилот, муассасаларда меҳнат шартномасини тузиш амалиётини яхшилашда фойдаланиш мумкин.
Ишнинг тузилмасининг тавсифи. Магистрлик диссертацияси кириш, саккиз параграфни ўз ичига олган уч боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Диссертациянинг ҳажми __ бетни ташкил этади.
1 БОБ. АЙРИМ ТОИФАДАГИ ХОДИМЛАР МЕҲНАТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ ВА МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ЎЗАРО ҲУҚУҚИЙ ТАЪСИРИ МАСАЛАЛАРИ
1.1. Меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишда бирлик ва дифференциация ҳамда унинг аҳамияти
Меҳнат ҳуқуқи нормаларининг бирлиги ва дифференциацияси – бу мураккаб ва кўп қиррали ҳодисадир. Энг умумий шаклда ижтимоий муносабатлар иштирокчиларининг меҳнат ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бирлиги меҳнатни қўллаш соҳасидан қатъи назар меҳнат шартномасига асосланганлигида, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш усулларининг тенг даражадалигидадир. Ўз навбатида меҳнат ҳуқуқ ва мажбуриятларининг дифференциацияланганлиги айрим тоифадаги ходимлар меҳнати ва у билан боғланган бошқа муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишда фарқлар, истиснолар, имтиёзлар ва чекловлар белгилашни тақозо қилади.
Бирлик, агар юридик белгиларни назарда тутсак, ҳуқуқий тартибга солишнинг умумий мақсад ва вазифалари, ҳуқуқий тартибга солишнинг предмети бўлган ижтимоий муносабатларга юридик воситалар таъсирининг ўзига хослиги, асосий меҳнат ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглиги, уларни амалга оширишнинг умумий воситалари билан тавсифланади. Ҳуқуқий тартибга солишнинг предмети бўлган ижтимоий муносабатларга юридик воситалар таъсирининг ўзига хослиги марказлашган ва локал тарзда тартибга солишнинг уйғунлашганлиги, давлат ва шартномавий тартибга солиш, ҳуқуқ нормаларини ўрнатишда ходимлар вакилларининг иштирок этишида намоён бўлади.
Таъкидланганлардан келиб чиқиб, айтиш лозимки, меҳнат қонунчилигининг бирлиги аввало шунда намоён бўладики, давлат барча ходимлар учун меҳнат қилиш ҳуқуқини эътироф этади, барча ходимлар учун сарф қилинган меҳнатнинг миқдори ва сифатига қараб тенг иш ҳақи олишни, дам олиш ҳуқуқини, бепул касбий тайёргарлик, қайта тайёргарлик ва малака ошириш, касаба уюшмаларига бирлашиш, ишлаб чиқаришни бошқаришда иштирок этиш, кексаликда, шунингдек, касаллик ва меҳнат лаёқатини йўқотганда моддий таъминлаш, индивидуал ва жамоага доир меҳнат низоларини ҳал этиш ҳуқуқини мустаҳкамлайди.
Меҳнат қонунчилигининг бирлиги барча тоифадаги ходимлар учун татбиқ этиладиган ва «меҳнат ҳуқуқининг умумий нормалари» деб номланадиган нормаларда намоён бўлади. Меҳнат қонунчилигининг умумий нормалари «меҳнат шартларини тартибга солишда ходимларнинг меҳнат соҳасидан, турли касблар, мутахассисликлар ва малакаларнинг хусусиятларидан, меҳнатни техник ташкил қилиш хусусиятлари ва корхонанинг иқтисодий-географик ҳолатидан қатъи назар бирликни таъминлайди», яъни улар иш жойи ва хусусияти, иқтисодиёт соҳаси, корхона жойлашган ҳудуд, меҳнат шароитлари, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш шаклларидан қатъи назар барча ходимлар учун татбиқ этилади1.
Шунинг учун меҳнат шартларини ҳуқуқий тартибга солишдаги бирлик истисно этмасдан, балки аксинча, меҳнат ҳуқуқи нормаларининг ягона тизимидан олимлар таъкидлаганларидек, зарур ҳолларда ишлаб чиқаришни ўзига хос хусусиятлари, меҳнат фаолиятнинг турлари, табиий-иқлим шароитлари ва меҳнатни қўллашнинг бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб ходимлар меҳнат шароитларининг хусусиятларини акс эттириш ва ҳисобга олиш ҳоллари зарурлигини тан олишни тақозо қилади2.
Ҳақиқатан ҳам айрим тоифадаги ходимлар меҳнат шароитлари ва хусусиятларидаги фарқлар шунчалик ўзига хоски, улар табиий равишда мазкур ўзига хосликларни акс эттирадиган махсус нормаларни белгилаш зарурлигини юзага келтиради. Бу талабда маълум даражада юзага келган базиснинг ҳуқуққа таъсиридан иборат бўлган муҳим қонунийлик намоён бўлади. Бундан ташқари, талаб меҳнат ва у билан боғлиқ бошқа муносабатларни тартибга солишда қонунийликни таъминлаш манфаатлари билан белгиланади.
Меҳнат ҳуқуқида ҳам бошқа ҳуқуқ соҳалари каби ижтимоий меҳнат муносабатларини тартибга солишда дифференциация қоидалари қўлланилади. Дифференциация сўзи французча “differentiation”, лотинча “differentia” сўзларидан олинган бўлиб, турли хиллик, фарқлилик, фарқлаш деган маъноларни билдиради1. Дифференциация (лот. differentia – айирма, фарқ; фарқланиш) бир бутун нарсанинг турли хил қисмларга, шаклларга, босқичларга ажралиши, бўлиниши, табақаланиши; бутуннинг қисмларини ўзаро фарқлаш, ажратиш, табақалашдир2. Яъни, дифференциация сўзи келиб чиқиши хорижга тақалади ва ўзида бўлиниш, қисмларга ажралиш, бутунни турли қисмларга, шаклларга ва даражаларга бўлинишини ифодалайди.
“Дифференциация” иборасининг ўзи қонун чиқарувчи томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қўлланилмайди, бироқ меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишдаги фарқлар ҳар доим меҳнат ҳуқуқига хос бўлган3. Шунга қарамасдан дифференциация ибораси бошқа қонун ҳужжатларида қўлланилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 6, 97-моддалари матнида “дифференциация” иборасидан фойдаланилган. Айниқса, мазкур Кодекснинг 6-моддасида “жазони ижро этишда дифференциация ва индивидуаллаштиришга риоя этиш” жиноят-ижроия қонун ҳужжатларининг принципларидан бири сифатида ишлатилиши мазмун ва шакл жиҳатдан ушбу иборани Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида қўллаш бўйича ўрнак бўла олади4.
Дифференциация қоидалари моҳиятига кўра “умумий қоидалардан бутуннинг ичидаги истиснолар”га тўғри келади. Бундай истиснолар оқибатда ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятлари татбиқ этиладиган айрим тоифадаги ходимлар(давлат хизматчилари, диний ташкилотлар ходимлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, педагог ходимлар, тиббиёт ходимлари, транспорт ходимлари, спортчилар, касаначилар, мавсумий ходимлар, масофавий ходимлар ва ҳ.к.)ни вужудга келтиради.
Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятлари меҳнат ҳуқуқида дифференциация қоидалари билан бевосита боғлиқдир. Сўнгги вақтларда меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишда дифферециациянинг кенгайганлигини кузатишимиз мумкин. Бу, энг аввало, технологияларнинг мураккаблашуви, меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви, меҳнат соҳасида ихтисослашувнинг кучайиши, давлат ижтимоий сиёсатининг инсонпарварлашуви, экологик вазиятнинг мураккаблашуви ва бошқа объектив омиллар билан боғлиқ ҳолда вужудга келмоқда. Таъкидлаш лозимки, замонавий шароитларда меҳнат муносабатларида амал қилувчи хилма-хилликни мутлақ ҳолда умумий тусдаги нормалар билан тартибга солиш имкони мавжуд эмас. Мисол учун, субъектив дифференциациянинг ёрқин намунаси бўлган аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш алоҳида ёндашувни талаб қилади. Ёхуд таълим муассасидаги ва шахтадаги меҳнат шартли фарқларга эга. Зеро, умумий қоидалар универсал, умумхарактерга эга бўлса, алоҳида қоидалар давлат, жамият ва шахс нуқтаи назаридан анча муҳим бўлган ҳамда у ёки бу соҳадаги меҳнатнинг турли жиҳатлари, турли шароитларни ёки бошқа ходимлар тоифаларини ҳисобга олган ҳолда тартибга солишни тақозо қилади1.
Бироқ меҳнат ҳуқуқида дифференциациянинг ҳар доим чуқурлашиб бориши ҳақидаги хулоса ҳам нисбийдир. Буни қиёсий ҳуқуқшунос И.Киселевнинг фикрлари тасдиқлайди. Унинг таъкидлашича, меҳнат ҳуқуқида диферренциация – мураккаб, кўп қиррали ва турлича тушунча ҳисобланади. Ғарб давлатлари меҳнат ҳуқуқида дифференциация корхона ходимлари сонига қараб амал қилади. Одатда кичик корхоналарга бандликни кафолатлаш, касаба уюшмалари, меҳнат жамоаларининг ҳуқуқлари ва ваколатлари, меҳнат муҳофазаси бўйича айрим талаблар қўлланилмайди. Бундай ҳолатни Бельгия, Германия, Франция, Испания қонунчиликларида кўриш мумкин. Уларда меҳнат қонунчилигининг кичик ва ўрта корхоналарнинг хусусиятларига мослашиши кузатилади. Ушбу соҳада Ғарб давлатларида давом этаётган узоқ муддатли тенденция меҳнат ҳуқуқида дифференциацияни қисқартириш, унинг стандартларини бирхиллаштиришга қаратилган. Мисол учун саноатда ва қишлоқ хўжалигида ёлланма меҳнатни, хусусий ва давлат корхоналарида эса ходимлар меҳнатини тартибга солувчи нормаларни унификациялаш амалга оширилмоқда1.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, меҳнат шартларининг бирлиги ва дифференциацияси меҳнат ҳуқуқининг принципи ёки услуби эканлиги ҳақида баҳс-мунозаралар ҳамон олимлар ўртасида давом этмоқда. Хусусан, ҳуқуқшунос олимлар Й.Турсунов, М.Усмановалар меҳнат ҳуқуқининг усули, бу – меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқ нормалари орқали тартибга солиш чоғида қўлланиладиган чора ва воситалар мажмуидан иборатлигини таъкидлаб, меҳнат ҳуқуқининг усулларидан бири сифатида “меҳнатга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг яхлитлиги ва табақаланганлиги”ни кўрсатиб ўтадилар2.
Уларнинг қайд этишича, меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлитлиги давлат томонидан марказлаштирилган усулда қабул қилинадиган қонун ҳужжатларида барча мулкчилик шаклларидаги, барча тармоқлардаги, барча минтақалардаги корхона ва ташкилотлар учун бир хил, умумий нормаларни қўлланилишида, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари ва шароитларига оид бир хил кўрсаткичларни назарда тутилишида акс этади.
Меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг яхлитлиги мамлакатимизда ходимларга меҳнат муносабатлари чоғида таъминлаб берилиши лозим бўлган умумий даражани назарда тутади.
Яхлит ҳолда ҳуқуқий тартибга солиш усулига таянилгани ҳолда уни табақалаб(айрим тармоқ, минтақа, корхоналар гуруҳи, ходимларнинг у ёки бу тоифаси ва бошқалар) тартибга солиш амалга оширилмоқда.
Меҳнатни ҳуқуқий тартибга солишда бирлик ва дифференциация меҳнат ҳуқуқининг принципи ёки услуби эканлиги ҳақидаги масала бўйича ҳуқуқшунос олимларнинг фикри турлича. Жумладан, меҳнатчи олим А. Иноятов меҳнат ҳуқуқи услуби бўйича юридик адабиётларда турли ёндашув ва фикрлар мавжудлиги таъкидлайди ҳамда меҳнат ҳуқуқи услубининг қуйидаги асосий хусусиятларини санаб ўтади:
1) меҳнат муносабатларини тартибга солишда марказлаштирилган ҳамда локал нормаларнинг уйғунлаштирилган ҳолда қўлланилиши;
2) меҳнат муносабатларини қонунлар ва шартномалар асосида тартибга солишнинг узвий боғлиқлиги;
3) меҳнат муносабатларини тартибга солишда меҳнат жамоаси, касаба уюшмаси ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг иштироки;
4) меҳнат муносабатларини тартибга солишда халқаро ҳуқуқий нормалар, шунингдек, давлатлараро шартнома қоидаларининг қўлланилиши1.
Кўриниб турибдики, ушбу олим бирлик ва дифференциацияни меҳнат ҳуқуқи услубининг хусусиятлари, белгилари сифатида назарда тутмайди.
Бироқ меҳнат соҳасидаги олим А.Иноятовнинг меҳнат ҳуқуқи принциплари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларида бирлик ва дифференциаллик билан боғлиқ бошқача ёндашувни кузатишимиз мумкин.
Ҳуқуқшунос олим А.Иноятов меҳнат шартларини белгилаш соҳасидаги бошқарув асосини ўз ичига олган тамойиллар гуруҳида “меҳнат шартларининг бирлиги” тамойили ҳақида ўз нуқтаи назарини билдириб ўтади. Жумладан, унинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигида меҳнатнинг шартлари барча ходимлар учун бир хил белгиланган бўлиши, чеклашлар ҳамда камситишларга йўл қўйилмаслиги кўзда тутилган. Бу нормалар Кодекснинг 6-моддасида аниқ белгилаб берилган. Мазкур моддада барча ходимлар учун юқори даражадаги меҳнат шартлари белгиланганлиги таъкидланади. Демак, меҳнат шартларининг бирилиги тамойили шундан иборатки, меҳнатнинг юқори даражадаги шартларини белгиловчи асосий ҳуқуқ нормалари ходимлар меҳнатини меҳнат шартномаси асосида қўллаётган барча корхона, муассаса ва ташкилотлар учун мажбурийдир. Бу қоида барча соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларга бажараётган меҳнат вазифасидан қатъи назар шунингдек, жамоат ташкилотлари штатларида ишлаётган, кооператив ташкилотларда, чунончи, ширкатлар, ҳарбий қисм, диний ташкилотлар, хусусий корхоналар, айрим шахслар ихтиёрида меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ходимларга нисбатан жорий қилинади.
Бироқ А.Иноятов диффенренциацияни ҳам меҳнат шартларининг бирилиги тамойилининг таркибий қисми сифатида эътироф этади. Хусусан, унинг фикрича, меҳнат шартлари бирлиги тамойилига кўра, айрим омилларга таянган ҳолда баъзи тифадаги ходимлар меҳнати ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши, қуйидаги хусусиятларга эга бўлиши мумкин:
ходим билан корхона ўртасидаги меҳнат алоқаси хусусияти;
ходим меҳнатининг шарт-шароитлари ва хусусиятлари;
табиий иқлим шароитлари;
бошқа объектив омиллар1.
Мазкур олим ўз фикрларида дифференциацияни қайд этсада, меҳнат шартларидаги бирлик ва дифференциацияни умумий ҳолда “меҳнат шартларининг бирлиги тамойили” остида бирлаштиради.
Меҳнатчи олим М.Гасанов меҳнат ҳуқуқининг услубига қуйидаги хусусиятлар хос эканлигини таъкидлаб ўтадилар:
-меҳнат ҳуқуқининг предметини ташкил қилувчи муносабатларни давлат ва шартномавий тартибга солишнинг уйғунлашганлиги;
-ижтимоий-меҳнат муносабатларини марказлашган ва локал тарзда тартибга солишнинг уйғунлашганлиги;
-меҳнат-ҳуқуқий муносабат субъектларининг ҳуқуқий ҳолатида тенглик ва бўйсунишнинг уйғунлашганлиги;
-меҳнат ҳуқуқий тартибга солишда бирлик ва дифференциация;
-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ўзига хос усулларининг мавжудлиги1.
Мазкур олим меҳнат ҳуқуқи услубининг ўзига хусусиятларидан бири сифатида меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишда бирлик ва дифференциацияни кўрсатади. Кўриниб турибдики, меҳнат соҳасидаги миллий ҳуқуқшунос олимлар ўртасида ҳам меҳнат ҳуқуқидаги бирлик ва дифференциациянинг принцип ёки усул эканлиги масаласида қарашлари турлича ифодаланган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 1-моддаси 3-қисмига мувофиқ меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда, шунингдек айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам татбиқ этилади. Шунингдек, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган корхоналарда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилади(МК 11-12 мод.).
М.Гасановнинг қайд этишича, ҳуқуқий тартибга солишдаги бирлик меҳнат қонунчилигида асосий меҳнат ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаб қўйишдан иборат бўлиб, улар қаерда ёки қайси иш берувчида, қандай ишда, халқ хўжалигининг қайси соҳасида, қандай табиий иқлим шароитларида ва қандай меҳнат шароитларида ўз меҳнат фаолиятини амалга ошириши, шунингдек индивидуал хусусиятлари(жинс, ёш, соғлиғининг ҳолати) ва бошқалардан қатъи назар барча ходимларга татбиқ этилади. Шундай қилиб, ҳуқуқий тартибга солишдаги бирлик меҳнат қонунчилигида ҳеч қандай фарқларсиз ва истисноларсиз барча ходимларга нисбатан амал қиладиган умумий нормаларнинг мавжудлигида намоён бўлади. Бунга мисол сифатида меҳнат ҳуқуқининг асосий принципларини акс эттирган нормаларни(мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши, меҳнат соҳасида дискриминацияга йўл қўйилмаслиги, болалар меҳнатининг тақиқланиши ва б.лар), шунингдек, ходимларнинг асосий меҳнат ҳуқуқларини мустаҳкамлаган ва барча иш берувчилар риоя қилиши мажбурий бўлган ушбу ҳуқуқлар кафолатининг минимал даражасини белгиловчи нормаларни(энг кам муддатдан кам бўлмаган йиллик меҳнат таътилига, қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаган меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат муҳофазаси, ҳимояга, шунингдек ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд ҳимояга бўлган ҳуқуқлар) келтириш мумкин.
И.Я.Киселев “Қиёсий ва халқаро меҳнат ҳуқуқи” дарслигида, меҳнат ҳуқуқи дифференциациясини – мураккаб, кўпқиррали, турли тушунча деб айтиб ўтган. Ундан ташқари, дифференциация ғарб давлатлари адабиётларида тўрт турга ажратилганлигини айтиб ўтиб. Уларга:
- меҳнат ҳуқуқининг миллатлараро тизими;
- меҳнат ҳуқуқи оилалари ўртасида;
- федератив ва унитар давлатларда меҳнат ҳуқуқининг таснифланиши;
- меҳнат ҳуқуқининг миллий ички таснифланиши, деб таъкидлаб ўтган1.
Г.С. Скачкованинг фикрига кўра, дифференциация – алоҳида тоифадаги субъектлар бўйича меҳнат қонунчилиги нормаларини умумий тартибга кўра муҳим юридик фактларга асосан ҳуқуқий нормаларни фарқлашни белгилаб беради2.
Дифференциация унификациялашга қарама-қарши турган жараён сифатида айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятларини белгилайдиган ва чекланган соҳада амал қиладиган махсус мақсадли нормаларнинг мавжудлиги билан тавсифланади. Махсус нормаларнинг амал қилиши меҳнатни тартибга солишга алоҳида ёндашувни талаб этадиган барқарор белгиларга эга бўлган объектив ҳолатларнинг мавжудлиги билан тушунтирилади. Ушбу ҳолатлар қуйидаги сабаблар орқали келиб чиқиши мумкин: мазкур меҳнат турига хос бўлган талаблар ёки юқори ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлган давлатнинг алоҳида ғамхўрлигига эга бўлган шахслар.
Юқорида санаб ўтилганлар меҳнат ҳуқуқи дифференциясининг асосий жиҳатларини белгилашга имкон беради:
1) дифференциация объекти меҳнат соҳасидаги ижтимоий муносабатлар ҳисобланади;
2) меҳнатни ҳуқуқий тартибга солишда дифференциация субъекти бўлиб қонун чиқарувчи ҳисобланади;
3) дифференциациянинг моҳияти – ҳуқуқий нормаларни умумий ва махсусга бўлиш;
4) дифференциация асоси – меҳнатни тартибга солишга алоҳида ёндашувни талаб қиладиган барқарор белгиларга эга бўлган объектив ҳолатлар.
Ф.Б.Штивельберг дифференциацияга қуйидагича таъриф беради: “Меҳнат ҳуқуқининг дифференциацияси – объектив шароитлар билан юзага келган ҳуқуқий нормаларнинг барча ходимлар меҳнатини тартибга солувчи умумийга ҳамда айрим тоифадаги ходимлар меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятларини ўрнатувчи махсусга бўлинишидир”1.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бозор иқтисодиётининг ривожланиб бориши ҳамда мулкчилик шаклининг хилма-хиллашиши асосида меҳнат муносабатлари субъектлари сафига янги субъектлар муомалага кириб келмоқда. Янги субъектларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солишда меҳнат ҳуқуқи нормалари ушбу муносабатларни бутунлай қамраб олиши ва тўлиқ тартибга солиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |