3-§. Мулоҳазанинг мустақиллиги 96. Банкнинг кузатув кенгаши, бошқаруви аъзолари ва муҳим аҳамиятга эга ҳодимлари ўз мажбуриятларини амалга оширишда асосланган, объектив ва мустақил қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлишлари керак.
97. Номзод мулоҳазаларининг мустақиллигини баҳолашда қуйидаги ҳақиқий ёки потенциал манфаатлар тўқнашувининг мавжудлигига ва унинг даражасига эътибор қаратилади:
а) шахсий манфаатлар тўқнашуви. Номзод кузатув кенгаши ёки бошқаруви аъзолари, муҳим аҳамиятга эга ҳодимлар ёки ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган акциядорнинг яқин қариндоши ёки улар билан яқин алоқаларга эга бўлса;
б) касбий манфаатлар тўқнашуви. Номзод ёки унинг яқин қариндошлари охирги 2 йил давомида мазкур низомнинг 77-банди 1 — 4-кичик бандларида кўрсатилган раҳбарлик лавозимларини рақобатчи банкларда ёки банк ёки унинг исталган рақобатчиси билан сезиларли тижорат алоқалари мавжуд бўлган ташкилотларда тенглаштирилган лавозимларни эгаллаган ёки эгаллаб турган бўлса;
в) молиявий манфаатлар тўқнашуви. Номзод ёки унга алоқадор шахслар ҳозирда қуйидагилар билан муҳим молиявий манфаатларга ёки мажбуриятларга эга бўлса:
банк;
ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган акциядор;
банк устунлик қиладиган улушларга эга бўлган ташкилотлар;
банкнинг ҳар қандай рақобатчилари;
банкнинг ҳар қандай мижозлари;
г) сиёсий манфаатлар тўқнашуви. Номзод ёки унга алоқадор шахслар охирги икки йилда юқори сиёсий лавозимни эгаллаган ёки эгаллаб турган бўлса.
4-§. Вақтнинг етарлилиги 98. Номзод ўз мажбуриятларини бажариши, шу жумладан банк фаолиятини, унинг асосий таваккалчиликларини ва уларни бошқариш стратегияларини ҳамда бизнес стратегияларини тушуниши учун етарли миқдордаги вақтга эга бўлиши лозим.
99. Номзоднинг вақти етарлилигини баҳолашда қуйидагиларга эътиборга олинади:
номзод кузатув кенгаши ёки ижро этувчи органи аъзоси, вақтинчалик бошқарувчи ёки тугатиш комиссияси аъзоси ҳисобланган ташкилотлари сони;
номзод кузатув кенгаши ёки ижро этувчи органи аъзоси, вақтинчалик бошқарувчи ёки тугатиш комиссияси аъзоси ҳисобланган ташкилотларнинг ҳажми, ҳусусияти, масштаби, фаолиятининг муракабблиги ва географик жойлашуви;
номзод кузатув кенгаши аъзоси сифатида сайланган ташкилотларда ўтказиладиган кузатув кенгаши йиғилишлари ва акциядорлар умумий йиғилишларининг сони;
нотижорат ёки бир гуруҳга мансуб бўлган ташкилотларнинг кузатув кенгашлари таркибидаги аъзолиги;
номзоднинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг ташқарисидаги бошқа касбий ёки сиёсий мажбуриятлари;
номзоднинг мажбурий тусдаги касбни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслардаги иштироки.
100. Номзод бир вақтнинг ўзида молиявий ёки номолиявий ташкилотларнинг мазкур Низомнинг 77-бандида кўрсатилган ёки уларга тенглаштирилган раҳбарлик лавозимларининг бир нечтасини эгаллаши, ҳар бир ташкилотнинг ҳажми, ҳусусияти, масштаби ва фаолиятининг мураккаблиги ҳамда сиёсий ёки касбий мажбуриятларнинг мураккаблиги ва ҳусусиятидан келиб чиқиб сиёсий ёки касбий мажбуриятларини бажариши мумкин. Агар номзод мазкур Низомнинг 77-банди 2 — 5-кичик бандларида келтирилган ёки унга тенглаштирилган молиявий ёки номолиявий ташкилотларда раҳбарлик лавозимларидан бирини эгаллаб турган ёки бошқа касбий ёки сиёсий мажбуриятларни бажараёт бўлса, бунда номзод бир вақтнинг ўзида тўртдан ортиқ ташкилотларнинг кузатув кенгаши аъзоси ёки иккидан ортиқ ташкилотларнинг ижро этувчи органи бўлиши мумкин эмас.
101. Номзод бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ банкнинг кузатув кенгаши аъзоси бўлиши мумкин эмас, бундан мазкур банклар бир банк гуруҳига тегишли бўлган ҳоллар мустасно.