4-боб. Номзодни келишиб олиш тўғрисидаги қарор 112. Ҳужжатлар тўплами белгиланган тартибда тасдиқланиб, тўлиқ равишда Марказий банкка тақдим этилган кундан эътиборан 30 кун ичида номзодни келишиб олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.
113. Тақдим этилган ҳужжатлар номзодни келишиб олиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш учун етарли бўлмаса, Марказий банк банкдан қўшимча ҳужжатларни сўраб олишга, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа юридик шахслар билан номзоднинг фаолияти юзасидан маслаҳатлашишга ҳақли.
Банк қўшимча сўралган ҳужжатларни 20 кундан ошмаган муддатда, норезидентлар билан боғлиқ ҳолатда эса 30 кундан ошмаган муддатда Марказий банкка тақдим этиши лозим. Бунда номзодни келишиб олиш муддати тўхтатиб турилади.
114. Номзоднинг ўз мажбуриятларини амалга ошириши учун зарур бўлган банк фаолияти соҳасидаги амалий ва назарий билимлари даражасини, шунингдек банк фаолиятини ва у дучор бўлиши мумкин бўлган таваккалчиликларни тушуниш даражасини баҳолаш мақсадида Марказий банк номзод билан суҳбат ўтказишга ҳақли.
115. Марказий банк номзод билан суҳбат ўтказилиши ва уни ўтказиш санаси тўғрисида банкни хабардор қилади. Банк номзоднинг суҳбатдан ўтказиш учун белгиланган кунда ва вақтда Марказий банкда ҳозир бўлишини таъминлайди.
116. Номзод билан суҳбат шахсни тасдиқловчи ҳужжатга мувофиқ номзоднинг шахси аниқланганидан сўнг, Марказий банк томонидан номзод шахсан иштирок этган ҳолда амалга оширилади.
117. Марказий банк қуйидаги ҳолларда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқмасдан қайтаради:
банкнинг кузатув кенгаши аъзолигига тақдим этилган номзоднинг келишиб олиниши мазкур Низомнинг 101 ва 105-бандлари талабларининг бузилишига олиб келса;
номзодга нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда;
Марказий банк томонидан мазкур Низомнинг 113-бандига мувофиқ сўралган қўшимча ҳужжатлар белгиланган муддат ичида тақдим этилмаганда;
номзод белгиланган вақтда суҳбатга келмаса ва унинг суҳбатга келмаслик сабабларини асословчи аризаси мавжуд бўлмаса ёки Марказий банк томонидан аризада келтирилган сабаблар узрли деб топилмаса.
118. Марказий банк тақдим этилган ҳужжатлар, ўтказилган суҳбат натижалари ва (ёки) номзод ҳақидаги Марказий банкда мавжуд бўлган бошқа маълумотларга кўра номзодни келишиб олиш ёки келишиб олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
119. Номзодни келишиб олиш ёки келишиб олишни рад этиш тўғрисидаги қарор, мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 кун ичида банкка ёзма равишда, шунингдек ахборот коммуникациялар тизими орқали электрон шаклда юборилади.
120. Марказий банк номзодни келишиб олишни рад этиш тўғрисидаги қарорни қуйидаги асосларга кўра қабул қилади:
номзод мазкур Низом билан ўрнатилган бир ёки бир нечта мезонларга ва талабларга мувофиқ бўлмаса;
ёлғон маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар тақдим этилса.
121. Номзод малака, билим ва кўникма, мулоҳазанинг мустақиллиги ёки вақтнинг етарлилиги мезонларига номувофиқ бўлганда, Марказий банк номзодни маълум шартлар асосида келишиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай ҳолатда номзодни келишиб олиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган шартлар бажарилгандан сўнг номзод лавозимига киришишга ҳақли.
122. Объектив сабабларга кўра Марказий банк билан олдиндан келишиб олинмаган ва банкнинг муҳим аҳамиятга эга ҳодими лавозимига тайинланган шахс келишиб олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги Марказий банкнинг хабарномаси банк томонидан олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
123. Келишиш жараёнидан ўтган раҳбар, ўз фаолиятининг кейинги даврида Марказий банк томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқлигини текшириш мақсадида қўшимча суҳбат ўтказиш учун таклиф этилиши мумкин.