2-§. Банк муассислари ва акциядорлари. Банкнинг устав капитали 5. Юридик ва жисмоний шахс бўлган резидентлар, шунингдек норезидентлар банк муассислари ва акциядорлари бўлиши мумкин.
6. Давлат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари асосида бошқа давлат ташкилотлари номидан банк муассиси ва акциядори бўлиши мумкин. Устав фондининг (устав капиталининг) эллик фоизидан ортиғи давлатга тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, банк муассислари ва акциядорлари бўлиши мумкин эмас.
7. Норезидент бўлган жисмоний шахсларнинг ва халқаро молия институтлари, чет эл банклари ва бошқа кредит ташкилотлари бўлмаган юридик шахсларнинг жами улуши банк устав капиталининг эллик фоизидан ошмаслиги керак.
Ушбу талаб мақсадларида бошқа кредит ташкилотлари деб қўйидагилар тушунилади:
мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган молиявий фаолият турларини амалга оширувчи компанияларни бошқариш мақсадида ташкил этилган холдинг компанияси (бошқарув компанияси);
ваколатли давлат органининг лицензияси (рухсатномаси) асосида мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган молиявий фаолият турларидан бирини амалга оширувчи ва жойлашган (рўйхатга олинган) давлатида консолидациялашган назорат мавжуд бўлган юридик шахслар.
8. Мазкур Низом мақсадларида қуйидаги фаолият турлари молиявий фаолият турлари ҳисобланади:
банк фаолияти;
микромолиялаш фаолияти;
суғурта фаолияти;
лизинг фаолияти;
ипотекани қайта молиялаш фаолиятини амалга ошириш.
9. Банк муассислари (акциядорлари) бўлган юридик шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган ва камида бир йил фаолият юритаётган бўлиши керак.
10. Қуйидаги шахслар банк муассислари, банк акцияларига бевосита ёки билвосита эгалик қилувчилар бўлиши мумкин эмас:
мазкур Низомнинг II бўлими 2-боби талабларига мувофиқ бўлмаган шахслар;
имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) охирги бенефициар мулкдорнинг шахсини ошкор этишни ҳамда молиявий операцияларни ўтказишда ахборот тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатда ва ҳудудда яшайдиган норезидент бўлган жисмоний шахслар ҳамда шундай давлатда рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг акциядорлари (иштирокчилари) ва охирги бенефициар мулкдорлари;
банкнинг устав капиталини шакллантириш ёки акцияларини олиш учун йўналтириладиган пул маблағларининг келиб чиқиш манбалари қонунийлигини Марказий банк томонидан белгиланган тартибда тасдиқламаган жисмоний ва юридик шахслар;
Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ёки чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ банк акцияларига эгалик қилишига тақиқлар ёки чекловлар мавжуд бўлган жисмоний ва юридик шахслар;
жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, жамоат фондлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бюджетдан ташқари жамғармалар.
11. Банк муассислари банк рўйхатга олинган кундан бошлаб бир йил мобайнида банк акциядорлари таркибидан чиқишга ҳақли эмаслар.
12. Банк устав капиталининг энг кам миқдори ва уни шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуни билан белгиланади.