ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
ҚАРОРИ
БАНК ФАОЛИЯТИГА РУХСАТ БЕРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА [Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3252] Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Марказий банки раиси М. НУРМУРАТОВ Тошкент ш.,
2020 йил 25 май,
12/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/1-сон қарорига
ИЛОВА
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ банк фаолиятига рухсат бериш, банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг аъзоларини, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларни баҳолаш ва уларни келишиб олиш, банкнинг алоҳида бўлинмаларини очиш ва ёпиш, банкнинг уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда банкларни қайта ташкил этиш, ва тугатиш тартиби ҳамда шартларини белгилайди.
I БЎЛИМ. БАНКЛАРНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ 1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР 1-§. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этиладиган ҳужжатларга қўйилган талаблар 1. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) мазкур Низомга мувофиқ тақдим этиладиган ариза ва бошқа ҳужжатлар қоғоз шаклида ёки электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда тақдим этилади.
Бунда, қоғоз шаклида тақдим этиладиган ва ҳажми бир варақдан ортиқ бўлган ҳужжатлар варақма-варақ тавсифланган, тикилган, рақамланган ва имзоланган бўлиши лозим. Йиллик молиявий ҳисоботлар (шарҳларни ўз ичига олган жамланма баланс, фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисобот ва молиявий ҳисоботнинг бошқа шакллари), шунингдек молиявий ҳисоботларнинг тўғрилигини тасдиқловчи аудиторлик хулосаси босмахона усулида босилган брошюралар кўринишида тақдим этилиши мумкин.
Марказий банкнинг талабига асосан алоҳида ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилиши лозим.
Электрон шаклда тақдим этилган ариза юзасидан қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарнома ариза берувчига ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда юборилади.
2. Чет эллик ариза берувчилар томонидан мазкур Низомга мувофиқ тақдим этиладиган ҳужжатлар ариза берувчи рўйхатга олинган ерда жойлашган Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси ёки бошқа консуллик муассасалари томонидан тасдиқланади.
Марказий банкка мазкур Низомга мувофиқ ариза билан мурожаат қилган шахс ариза берувчи ҳисобланади.
3. Мазкур Низомга мувофиқ тақдим этилган ариза чақириб олинган ёки уни қаноатлантириш рад этилган тақдирда ариза берувчи томонидан Марказий банкка тақдим этилган ҳужжатлар қайтарилмайди.
4. Мазкур Низомга мувофиқ тақдим этиладиган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни талабларига риоя этган ҳолда тақдим этилади.