4-§. Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш 26. Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
27. Банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишда Марказий банк:
банк капитали, шу жумладан, устав капитали миқдорини доимий кўпайтириб боришнинг режалаштирилганлиги, кўзда тутилаётган даромадлар ҳамда фондларни шакллантириш истиқболлари, шунингдек муассисларнинг зарур ҳолларда қўшимча капитал кирита олиш қобилияти каби омиллар билан аниқланувчи ташкил этилаётган банк капиталининг етарлилик даражасини;
Марказий банк билан чет эл банки бўлган муассиснинг банкни назорат қилиш органи ўртасида ахборот айирбошлаш тўғрисидаги келишув мавжудлигини;
норезидент жойлашган мамлакат ваколатли органларининг ахборотини ва фикрларини инобатга олади.
5-§. Банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия беришда тақдим этиладиган ҳужжатлар 28. Банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия олиш учун ариза берувчи банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатнома олинганидан кейин олти ойдан кечиктирмай Марказий банкка қуйидагиларни тақдим этиши керак:
банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш тўғрисидаги ариза. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада ариза берувчининг электрон почта манзилининг кўрсатилиши унинг қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарномани ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигидир;
банкнинг муҳим аҳамиятга эга ходимлари тўғрисида уларнинг мазкур Низомнинг III бўлими талабларига мувофиқлигини баҳолашдан ўтказиш учун зарур бўлган уч нусхадаги ахборот;
ташкил этилаётган банк жойлашган ердаги Марказий банк ҳудудий бош бошқармасининг банк бинолари, уларнинг муҳофаза қилиниши таъминланганлиги, ускуналар, ишларни ташкил этиш техника воситалари билан жиҳозланганлигининг ва дастурий таъминотининг Марказий банкнинг мазкур Низомнинг 4-иловасида белгиланган талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаган суммада банкнинг устав капитали шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек муассисларнинг рўйхати (уч нусхада);
мазкур Низомнинг 20 — 24-бандларига мувофиқ тақдим этилган ҳужжатларнинг электрон шаклдаги кўчирма нусхалари.
29. Банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг Марказий банк томонидан кўриб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.