4-§. Банкни бўлиш 222. Банкни бўлиш деганда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини янги вужудга келадиган банкларга берган ҳолда фаолиятининг тўхтатилиши тушунилади.
223. Бўлиш шаклида қайта ташкил этилаётган банк кузатув кенгаши акциядорлар умумий йиғилиши муҳокамасига банкни бўлиш шаклида қайта ташкил этиш, ушбу қайта ташкил этишнинг тартиби ва шартлари, янги банкларни ташкил этиш ва қайта ташкил этилаётган банк акцияларини янгидан вужудга келаётган банклар акцияларига алмаштириш тартиби каби масалаларни киритади.
224. Бўлиш шаклида қайта ташкил этилаётган банк акциядорлари умумий йиғилиши бўлиш шаклида қайта ташкил этиш, янги банкларни ташкил этиш, қайта ташкил этилаётган банк акцияларини янгидан вужудга келаётган банк акцияларига алмаштириш тартиби тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда тақсимлаш балансини тасдиқлайди.
225. Бўлиш натижасида вужудга келадиган ҳар бир банк акциядорлари таъсис йиғилиши банк уставини тасдиқлайди ва кузатув кенгаши аъзолари ва бошқарув раисини сайлайди.
226. Янгидан вужудга келган банклар рўйхатдан ўтказилиши ва бир вақтнинг ўзида уларга лицензия берилиши ҳамда қайта ташкил этилган банк фаолияти тўхтатилгани тўғрисидаги ёзув (ҳуқуқий ворислар ва қайта ташкил этиш шакллари кўрсатилгани ҳолда) Банкларнинг давлат реестрига киритилиши билан бир пайтда банк қайта ташкил этилган ҳисобланади.
227. Банк бўлинганда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тақсимлаш балансига мувофиқ янги вужудга келган икки ёки ундан ортиқ банкларга берилади.
228. Марказий банк бўлиш натижасида янгидан банк вужудга келгани ва қайта ташкил этилган банк фаолияти тўхтатилгани тўғрисидаги ахборотни ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.
5-§. Банкни ажратиб чиқариш 229. Банкни ажратиб чиқариш деганда қайта ташкил этилаётган банк фаолияти тўхтатилмагани ҳолда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бир қисмини бир ёки бир неча банклар ташкил этилиб, уларга берилиши тушунилади.
230. Ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган банк кузатув кенгаши акциядорлар умумий йиғилиши муҳокамасига ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш, ажратиб чиқариш тартиби ва шартлари, янги банкни ташкил этиш, қайта ташкил этилаётган банк акцияларини ажратиб чиқарилаётган банк акцияларига алмаштириш ва бундай алмаштириш тартиби, банк уставига ажратиб чиқариш шаклида банк қайта ташкил этилгани, банк устав капитали тўғрисидаги ахборотни ўзида ифодалаган ўзгартиришлар киритиш ва шунингдек тақсимлаш балансини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни киритади.
231. Ажралиб чиқиш шаклида қайта ташкил этилаётган банк акциядорлари умумий йиғилиши банкни қайта ташкил этиш, қайта ташкил этиш тартиби ва шартлари, банк акцияларини ажралиб чиқаётган банк акцияларига алмаштириш ва бундай алмаштириш тартиби, ажралиб чиқиш шаклида банк қайта ташкил этилгани тўғрисидаги ахборотни ўзида ифодалаган банк уставига ўзгартиришлар киритиш ва қайта ташкил этиш натижасида камайтирилган банк устав капитали, шунингдек, тақсимлаш балансини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
232. Ажратиб чиқариш натижасида юзага келган банк акциядорлари таъсис йиғилиши банкларнинг кузатув кенгаши аъзолари ва бошқарув раисини сайлайди ҳамда банкнинг уставини тасдиқлайди.
233. Янгидан вужудга келган банклар Банкларнинг давлар реестрига рўйхатга олинган (ажратилган банк кўрсатилгани ҳолда) ва бир пайтда уларга лицензия берилган вақтдан бошлаб банк қайта ташкил этилган ҳисобланади.
234. Банк таркибидан бир ёки бир неча банклар ажратиб чиқарилганда, қайта ташкил этилган банкнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бир қисми тақсимлаш балансига мувофиқ, уларнинг ҳар бирига ўтади.
235. Марказий банк ажратиб чиқариш натижасида янгидан банклар вужудга келгани тўғрисидаги ахборотни ўз расмий веб сайтида эълон қилади.