VI БЎЛИМ. БАНКНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ 1-боб. Банкни қайта ташкил этиш 1-§. Марказий банк томонидан банкни қайта ташкил этиш учун рухсатнома бериш тартиби 191. Банкни қайта ташкил этиш рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талаблари ҳисобга олинган ҳолда, акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш шаклида Марказий банкнинг рухсати билан амалга оширилади. Банкни қайта ташкил этиш Марказий банкнинг талабига биноан ҳам амалга оширилиши мумкин.
192. Банкни қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорлар овозларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.
193. Банкни қайта ташкил этишда рухсат беришга доир мажбурий талаблар ва шартларга қуйидагилар киради:
қайта ташкил этиш натижасида омонатчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши;
қайта ташкил этиш натижасида янгидан вужудга келадиган ва (ёки) қоладиган банклар томонидан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун хужжатларида ўрнатилган пруденциал нормативлар ва бошқа талабларга риоя этилиши;
қайта ташкил этиш жараёнида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши;
қайта ташкил этилаётган банкнинг топшириш ҳужжати ёки тақсимлаш балансида ҳуқуқий вориснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги қоидаларнинг мавжудлиги.
194. Ариза берувчи банкни қайта ташкил этишга доир рухсатнома олиш учун Марказий банкка қуйидагиларни тақдим этади:
банк акциядорларининг умумий йиғилиши ваколат берган шахс томонидан имзоланган, мазкур Низомнинг 15-иловасига мувофиқ банкни қайта ташкил этишга доир рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза.
қайта ташкил этилаётган банк акциядорлари умумий йиғилишининг банкни қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори;
қайта ташкил этишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигининг асосланганлиги ва оқибатларининг молиявий тахминлари, шу жумладан, қайта ташкил этилгандан сўнг янгидан вужудга келадиган ва қоладиган ҳар бир банкнинг тахминий баланси, бундан банкни ўзгартириш мустасно;
қайта ташкил этишда иштирок этаётган ва ушбу жараён натижасида юзага келаётган банкларнинг қайта ташкил этиш натижасида ҳосил бўладиган тахминий баланслари асосида ҳисобланган пруденциал нормативлар кўрсаткичлари бундан банкни ўзгартириш мустасно;
банкнинг акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган банкнинг янги таҳрирдаги устави, бундан банкни ўзгартириш шаклидаги қайта ташкил этиш мустасно.
195. Марказий банк банкни қайта ташкил этишга доир рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани, мазкур ариза қабул қилинган кундан эътиборан 30 иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқади. Банкни қайта ташкил этишга доир рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун Марказий банк томонидан йиғим ундирилмайди.
196. Банкни қайта ташкил этишга доир рухсатномани беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
банкни қайта ташкил этишга доир рухсатномани бериш учун талаб этиладиган хужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда;
ариза берувчи рухсат беришга доир мажбурий талаблар ва шартларга мувофиқ бўлмаганда;
ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда.
197. Марказий банк банкни қайта ташкил этишни рад этган тақдирда, акциядорлар умумий йиғилишининг банкни қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
198. Акциядорлар умумий йиғилиши томонидан банкни қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан кейин қайта ташкил этилаётган банк 30 кундан кеч бўлмаган муддатда ёзма равишда маълум қилиш ва банкнинг расмий веб-сайтида тегишли эълон бериш йўли билан ўз кредиторларини келгусидаги ўзгаришлар ҳақида хабардор қилиши шарт.
199. Ариза берувчи Марказий банкдан белгиланган тартибда рухсатнома олганидан сўнг, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ монополияга қарши органининг дастлабки розилигини олиши лозим.
200. Банкни қўшиб юбориш, бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этишга доир Марказий банк рухсатномаси олинганидан сўнг, мазкур Низомга мувофиқ янгидан вужудга келадиган ҳар бир банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия олиш учун зарур ташкилий-техник тадбирлар бажарилади.
201. Банкни қўшиб юбориш, бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этиш натижасида янгидан вужудга келадиган банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга лицензия бериш мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
202. Банкни қайта ташкил этиш учун Марказий банкнинг рухсатномаси олинганлиги қайта ташкил этилиши натижасида вужудга келадиган банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга лицензия бериш учун кафолат бўла олмайди.
203. Банкни қайта ташкил этиш билан боғлиқ банк уставига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур Низомнинг V бўлим 1-бобига мувофиқ амалга оширилади.
204. Банкни қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ўзгартириш шаклида банкларни қайта ташкил этиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар қайта ташкил этишда иштирок этаётган банклар ҳисобидан амалга оширилади.
Банкни бўлиш ва ажратиб чиқариш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар қайта ташкил этиш натижасида янгидан вужудга келадиган банклар томонидан тўланади.
205. Қайта ташкил этилаётган банк зарур ҳолларда Марказий банк томонидан белгиланган тартибда банк мижозларининг барча ҳисобварақларини қайта рўйхатга олиши лозим.
206. Қайта ташкил этилаётган банк қайта ташкил этиш жараёнини Марказий банкнинг қайта ташкил этиш учун рухсатномаси олинган кундан эътиборан олти ой ичида тамомлаши шарт.
207. Банкни қайта ташкил этишга доир рухсатнома қуйидаги асосларда бекор қилинади:
ариза берувчининг рухсат этиш хусусиятига эга хужжатни бекор қилиш тўғрисидаги мурожаатига кўра;
рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.