2-§. Банкни қўшиб юбориш 208. Банкларни қўшиб юбориш деганда икки ёки бир неча банклар фаолияти тўхтатилиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бериш йўли билан янги банкнинг ташкил бўлиши тушунилади.
209. Қўшиб юборишда иштирок этувчи банклар ўртасида, қўшиб юбориш тартиби ва шартлари, шунингдек, ҳар бир банк акцияларини янгидан вужудга келадиган банк акцияларига алмаштириш тартиби белгиланишни назарда тутувчи қўшиб юбориш тўғрисидаги шартнома тузадилар. Қўшилишда иштирок этаётган ҳар бир банк кузатув кенгаши қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномани ва топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни акциядорлар умумий йиғилиши муҳокамасига қўяди.
210. Янгидан вужудга келадиган банкнинг уставини тасдиқлаш ва кузатув кенгашини сайлаш қўшиб юборишда иштирок этаётган барча банклар акциядорларининг умумий қўшма йиғилишида амалга оширилиб, бу йиғилиш таъсис йиғилиши ҳисобланади. Акциядорлар умумий қўшма йиғилишида овоз бериш тартиби банкларни қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада белгиланиши мумкин.
211. Янгидан вужудга келган банк рўйхатдан ўтган ва Банкларнинг давлат реестрида қайта ташкил этилаётган банклар фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ёзув киритилган вақтдан бошлаб қўшиб юборишда иштирок этаётган банклар қайта ташкил этилган ҳисобланади.
212. Банкларни қўшиб юбориш натижасида янгидан вужудга келган банкнинг юридик йиғмажилдига қўшиб юборишда иштирок этган банкларнинг қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномаси ва топшириш далолатномалари киритиб қўйилади.
213. Банклар қўшиб юборилганда ҳар бир банкнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари топшириш далолатномасига мувофиқ янгидан вужудга келган банкка ўтади.
214. Марказий банк қўшиб юбориш натижасида янгидан банк вужудга келгани ва қайта ташкил этилган банклар фаолияти тўхтатилгани тўғрисидаги ахборотни ўз расмий веб сайтида эълон қилади.
3-§. Банкларни қўшиб олиш 215. Банкларни қўшиб олиш деганда бир ёки бир неча банкнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа банкка берган ҳолда уларнинг фаолиятини тўхтатиш тушунилади.
216. Қўшиб олинаётган банк ва у қўшилаётган банк қўшиб олиш тартиби ва шартлари, шунингдек қўшиб олинаётган банк акцияларини қўшиб олиш амалга оширилаётган банк акцияларига алмаштириш тартибини белгилашни назарда тутувчи шартнома тузадилар. Ҳар бир банк кузатув кенгаши қўшиб олишда иштирок этаётган банклар акциядорлари умумий йиғилиши муҳокамасига қўшиб олиш шаклида банкни қайта ташкил этиш ва қўшиб олиш тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш масаласини қўяди. Қўшиб олинаётган банк кузатув кенгаши акциядорлар умумий йиғилишига топшириш далолатномасини тасдиқлаш масаласини ҳам киритади.
217. Қўшиб олишда иштирок этаётган банклар акциядорларининг қўшма умумий йиғилиши уставга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ва банк кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Акциядорлар қўшма умумий йиғилишида овоз бериш тартиби қўшиб олиш тўғрисидаги шартномада белгиланади.
218. Қўшиб олишда иштирок этаётган банклар Банкларнинг давлат реестрида қўшиб олинаётган банк фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ёзув киритилган вақтдан бошлаб қайта ташкил этилган ҳисобланади (ҳуқуқий вориси ва қайта ташкил этиш шакли кўрсатилган ҳолда). Марказий банк мазкур Низомнинг V бўлим 1-бобига мувофиқ қўшиб олаётган банкнинг уставига киритилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатга олади.
219. Марказий банкка тақдим этилган ҳужжатларнинг бир нусхаси қўшиб олинаётган банк юридик йиғмажилдига киритилади.
220. Қўшиб олинаётган банкнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари топшириш далолатномасига мувофиқ қўшиб олинаётган банкка ўтади.
221. Марказий банк қўшиб олинган банкнинг қайта ташкил этилгани ва унинг фаолияти тўхтатилгани тўғрисидаги ахборотни ўз расмий веб сайтида эълон қилади.