Сифатни бошқариш фазаси. Мазкур ривожланиш фазаси олдинги асрнинг 20-йилларидан бошланади. Унинг асосий мақсади олдинги фаза шаклларига хос номутоносибликларни гарчанд буткул бартараф этилмаса ҳам, салмоғини камайтириш этиб қўйилган.
1924 йилнинг май ойида “Вестерн Электрик” фирмасининг (АҚШ) техник назорат бўлими ходими В.Шухарт сифатни бошқаришда статистик усуллари асосланган назорат хариталарини қўллаш таклифини ишлаб чиқди (2.1-расм).
В.Шухарт муҳандислар, экспертлар ва менежерларга асосий эътиборни алоҳида номутоносибликлар ва дефектлардан жараён вариацияларига (белгиланган режимдан четланиш ҳолатларига) қаратиш таклифини берди. Унга кўра икки муҳим ҳолат инобатга олиниши керак:
айбдорларни излаш керак эмас, балки, барча алоқадор шахсларни жалб этган ҳолда номутаносибликлар сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш лозим;
номутаносибликлар ва дефектларнинг сабаби жараёнлар вариацияси деб билиш.
1930 йилларда буюмлар сифати муаммоларини ҳал қилишда бутун жаҳон ишлаб чиқариш амалиёти ишчилар, назоратчи ва менежерларнинг биргаликда фаолият олиб бориш ғоясини ишлаб чиқишди. Маҳсулот сифатини оширишда асосий омиллардан бири "ишчилар ҳаёти" яъни ишлаб чиқариш ходимларининг сифат шартлари ташкил топа бошлади.
Сифатни доимий ошириш фазаси. XX асрнинг иккинчи ярмида ривожланган мамлакатлар иқтисодий ҳаётида, аҳоли ҳаётий эҳтиёжларини қондириш борасида маҳсулот сифатини таъминлаш, талабчан рақобатчилик асосида компанияларни сиқиб чиқариш (синдириш) омилларидан бири бўлиб қолди. 1950 йилларда А.Фейгенбаум ялпи (total) сифатни бошқариш (TQC - Total Quality Control) мазмун ва моҳиятларини шакллантириб, 1960 йилларда корхонани бошқариш соҳасида янги фалсафа яратилишига асос солди.
“Ҳозир сифат муаммоси бирмунча қийинроқ - дея таъкидлаган эди Фейгенбаум, - уни фақат янги ташкилий тузилма шаклланган тақдирдагина муваффақиятли ҳал қилиш мумкин. Бу муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари “эскирган” ташкилий тузилма мавжудлигидадир”.
Бу вақтда сифатни бошқариш соҳасида америкалик мутахассис Дж.Джуран маҳсулот сифати кўрсаткичи сифатида нуқсонсизлик ғоясини илгари сурган. Замонавий сифат фалсафасининг шаклланишида Эдвард Деминг томонидан 1950 йилда олға сурилган сифат менежменти дастури асос бўлиб ҳисобланади. Мазкур дастур 1992 йилгача кенг миқёсда жорий этилган.
Э.Деминг Шухартнинг илмий ғояларини чуқур ўрганиб ва бойитиб илк бора сифатни оширишга қаратилган дастурни ишлаб чиқди. Дастур 32 та прагматик аксиомага (яъни, исботсиз қабул қилинадиган ва менежерларнинг амалий фаолияти натижаларини умумлаштирадиган қоидаларга) таянади. Бунга кўра:
1 - прагматик аксиома - ихтиёрий фаолият технологик жараён сифатида кўрилиши мумкин ва шунинг учун сифати оширилиши мумкин.
2 - прагматик аксиома - ишлаб чиқариш турғун ва нотурғун ҳолатда бўлувчи тизим сифатида кўрилиши мумкин. Шунинг учун аниқ муаммоларни ҳал этишнинг ўзи етарли эмас, барибир тизим бера олиши мумкин бўлган натижани оласиз холос. Фундаментал ўзгаришлар жоиздир.
3 - прагматик аксиома - корхонанинг юқори раҳбарияти ҳар қандай ҳолларда ҳам корхона фаолияти учун масъулиятни ўз зиммасига олиши лозимдир.