Тоғ лаҳимларида ётқизиқларни қалинлиги бўйича контурлаш. Маъданли ётқизиқларнинг чегараларига ташқи томондан қараганда уларнинг остки ва устки қисмлари яхши кўриниб турган холларда контурларнинг таянч нуқталарини аниқлаш, тоғ лаҳимларини бевосита кузатиш маълумотлари бўйича, колонкали бурғулашда керн бўйича ва бошқа турдаги бурғулаш ишларида намуналар бўйича амалга оширилади.
Агар қатлам чегаралари ноаниқ ва фойдали қазилмаларнинг маъдансиз(бўш), маъдан қамровчи жинсларга ўтиши аста секинлик билан содир бўлса, контурнинг таянч нуқтаси ётқизиқнинг бир ёнбошидан бошқаси томон узликсиз олинган секцион намуналаш натижалари бўйича аниқланади, бунда контур чегараси (боши) деб саноат аҳамиятига эга бўлмаган фойдали қазилма сифатини ҳарактерловчи нуқта қабул қилинади.
Ётқизиқларнинг йўналиши ва ётиши бўйича контурлаш.Ётқизиқларнинг йўналиши ва ётиши бўйича контурлашда тўртта асосий холат учрайди:
а) саноат аҳамиятига эга бўлган қалинлиги минимал ёки минимал метро-процент билан ҳарактерланувчи контурнинг нол ёки бошқа таянч нуқтаси бевосита лаҳимларда аниқланади.
б) айтиб ўтилган контурларнинг у ёки бошқа таянч нуқталари узоқдаги қўш лаҳимлар орасидан жой олади, бунда ички контурда ётувчи ҳар бир жуфт лаҳимлардан бири саноат аҳамиятига эга бўлган кўрсатгичлар билан, бу контур ташқарисида жойлашган бошқаси эса саноат аҳамиятига эга бўлмаган кўрсатгичлар билан ҳарактерланади.
в) айтиб ўтилган контурларнинг у ёки бошқа таянч нуқталари узоқдаги қўш лаҳимлар орасидан ўтади, аммо бунда ички контурда ётувчи ҳар бир жуфт лаҳимлардан бири саноат кўрсатгичлар билан ҳарактерланади, бу контур ташқарисида эса маъданли ётқизиқда умуман учрамайди.
г) узоқдаги лаҳимлар саноат кўрсатгичларига эга бўлган ётқизиқларни кесиб ўтганлиги сабабли нолли контурнинг таянч нуқталари номаълум ва бу ётқизиқлар охиригача разведка қилинмай қолган.
Биринчи холатда таянч нуқталар кузатиш ва лаҳимларда олиб борилган бевосита ўлчаш натижаларини план ва кесмаларга тушириш ёки контур ташқарисидаги иккита нуқтада олиб борилган ўлчовлар (намуналар) орасини интерполяциялаш орқали аниқланади. Иккинчи холатда четки жуфт лаҳимлар орасини интерполяциялаш орқали аниқланади. Учинчи ва тўртинчи холатларда айтиб ўтилган нуқталар экстраполяция бўлади ва у масалан, учинчи холатда узоқдаги жуфт аралаш лаҳимлар оралиғини ҳосил қилади. Барча тўрт холатда ҳам контурлар таянч нуқталарни тўғри ёки текис эгри чизиқлар билан бирлаштириш орқали амалга оширилади.