Маҳсулотли (товарли) намуналаш қайта ишлашга келиб тушувчи ёки вақтинча сақлаб қўйилган товар маъданларнинг сифатини аниқлаш мақсадида ўтказилади. Товарли намуналашда бир қатор технологик кўрсаткичлар: муайян партиянинг товар массаси, намуна олишнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳатолик қиймати белгиланиб, муайян намуналардаги маъданларнинг сифати, сони ва массаси бўйича таснифланади.
Техник намуналаш фойдали қазилмалар ва ёндош жинсларнинг физик-техник хоссаларини ўрганиш учун хизмат қилади. Амалда ҳар бир қаттиқ фойдали қазилма конлари бўйича уларнинг ўртача намлиги, маъданлар ва тоғ жинсларининг мустаҳкамлик хоссалари, бурдаланганлиги каби конни қазиб олиш ва минерал хом ашёни қайта ишлаш технологиясига таъсир кўрсатувчи хусусиятлари аниқланади. Нометал хом ашёларнинг кўпчилик конларида, шу жумладан табиий қурилиш материаллари хом ашёси учун техник намуналаш, уларнинг саноат қимматини аниқлашнинг асосий усули бўлиб саналади ва даврий равишда ўтказилади. Бунда бажариладиган вазифалар муайян ГОСТларда ифодаланган норматив талабларга мослаштрилади. Бир қатор фойдали қазилмалар(слюдалар, асбест, пьезооптик хом–ашёлар, қурилиш материаллари, тошкўмир ва бошқалар) учун техник намуналар асосий ҳисобланади.
Намуналаш орқали фойдали қазилмалар сифатини аниқлашдан ташқари бошқа масалалар ҳам хал этилади. Кўплаб конларда маъданлар аста секин маъданлашган жинсларга ўта бошлаган жойларда намуналаш асосида маъданли таналарни чегаралаш(контурлаш), маъданли таналар ичида эса маъданларнинг саноат навларини ажратиш имкони туғилади. Намуналаш натижалари заҳираларни ҳисоблаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Намуналаш ёрдамида маъданларнинг ўзгарувчанлиги, маъданда қимматли компонентлар ва минералларнинг жойлашиш қонуниятлари ўрганилади.
Конлардан фойдаланишда намуналаш маъданларнинг йўқотилиши ва кондициясининг пасайишини ҳисобга олиш имкониятини беради, маъданларни қазиб олишни режалаштириш ва улар таркибини ўртачалаштириш учун асос яратади. Маъданларни қайта ишлаш давомида тоғ–маъдан истемолчилари ва етказиб берувчилари ўртасида ўзаро ҳисоб китобларни амалга ошириш учун хом–ашёлардан олинадиган саноат маҳсулотлари ва концентратлардан намуналар олинади.
Намуналашга қўйиладиган асосий талаблардан бири уларнинг ишончлилигидир. Намуналашдаги ҳатолик маъданли таналар контурларига катта таъсир кўрсатиши, маъданлар ва компонентлар заҳираларини ҳисоблашда сезиларли ҳатоликларни келтириб чиқариши, коннинг аҳамияти тўғрисида нотўғри ҳулосалар чикаришга олиб келиши, тоғ–маъдан корхоналарини лойиҳалашда ҳатоликларга йўл қўйилиши мумкин.
Намуналашнинг ишончлилиги намуна турларини, уларнинг ўлчамлари ва жойлашувини, олиш усулларини, қайта ишлаш ва таҳлилини самарали танланиши билан таъминланади. Намуналашда уларнинг ишончлилик талабларини сақлаш учун уни фарқланишини баҳолаш ва қўпол ҳатоликларга йўл қўймаслик имконини берувчи назорат намуналаридан фойдаланилади.
Намуналаш нафақат ишончли балки, тўла бўлиши лозим. Биринчидан, маъдан таркибида барча эътиборга молик қимматли компонентлар аниқланиши лозим. Афсуски, баъзан конларни қайта ўрганиш вақтида намуналар таркибида нафақат йўлдош, балки асосий қимматли компонентлар ҳам аниқланмай қолиш холатлари ҳам содир бўлади. Иккинчидан, намуналашда коннинг барча қисмини қамраб олиш лозим.
Намуналашга, айниқса конлардан фойдаланишда кўпинча тезкор талаблар қўйилади. Намуналаш маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ишларини олиб боришга тўсқинлик қилмаслиги керак.
Шундай қилиб, намуналаш иқтисодий жихатдан самарали ва юқори унимдорликга эга бўлиши лозим. Иқтисодий жихатдан самарадорликка қўйиладиган талаблар, ишончлиликка қўйиладиган талабларнинг умуман тескариси бўлиб, намуналаш тизимини шундай қуриш лозимки, берилган ишончлиликни таъминлашга энг кам ҳаражатлар эвазига эришилсин. Кўрсатиб ўтилган вазифаларни хал этиш имкониятини берувчи кўплаб намуна турлари мавжуд. Ҳар бир намуна тури учун намуналарнинг учта асосий–намуналарни олиш, уларни қайта ишлаш ва синовдан ўтказиш кетма-кетлик операцияларини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |