Тоғолди кўллари. Юқорида қайд этилганидек, Ўрта Осиёнинг тоғолди кўллари 5001000 метргача бўлган баландлик зоналарида жойлашган. А.М.Никитин маълумотларига кўра, шу шартни бажарадиган кўллар сони ҳаммаси бўлиб 40 тани ташкил этади. Тоғолди кўллари сонининг бу даражада камлиги Туркистон табиий географик ўлкаси тоғолди ҳудудининг ер сирти рельефи, иқлим шароити ва бошқа омиллар билан тушунтирилиши мумкин.
Жадвалдан кўриниб турибдики, уларнинг 13 таси (32,5 фоизи) Амударё ҳавзасида, 10 таси (25,0 фоизи) Сирдарё ҳавзасида ва қолган 17 таси (42,5 фоизи) Чуй дарёси ҳавзасида ҳисобга олинган.
Тоғолди кўлларининг жойлашиш ўрнида ҳам маълум қонуниятларни сезиш мумкин. Масалан, Амударё ҳавзасидаги тоғолди кўллари шу дарёнинг биринчи тартибли ирмоқлари (Панж, Вахш, Кофирниҳон, Сурхондарё) нинг қуйи оқимидаги қайирларда, табиий ботиқларда жойлашган. Бу қонуният Сирдарё ва Чуй ҳавзаси учун ҳам ўринлидир.
Тоғолди кўлларининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шуки, улар асосан кичик сойлар, мавсумий қор ва ёмғирлар сувлари ҳисобига тўйинади. Шу туфайли уларнинг сув юзаси майдони ва сув ҳажми кичик бўлиб, йилнинг иссиқ мавсумларида баъзан бутунлай қуриб қолади.
Текислик кўллари. Ҳудуддаги текислик кўллари асосан йирик дарёлар (Амударё, Сирдарё, Чуй, Талас) қайирларида ва дельталарида жойлашган. Фикримизнинг ёрқин далили сифатида 12жадвал маълумотларини келтириб ўтиш лозим. Ҳақиқатан ҳам манбаларда текисликдаги кўлларнинг умумий сони 2473 та деб қайд этилган бўлса, унинг 422 таси (17 фоизи) Амударё дельтасида, 826 таси (33 фоизи) Сирдарё дельтасида ва 832 таси (34 фоизи) Чуй, Талас дарёлари дельталари ҳамда қайирларида жойлашган.
Текисликдаги кўллар асосан тошқин давридаги сувлар ҳисобига тўйиниб, уларнинг сув юзаси майдони ва сув ҳажми йил давомида ўзгариб туради. Текислик кўллари айрим ҳолларда йирик кўллар атрофидаги табиий ботиқларда гуруҳгуруҳ бўлиб учрайди. Масалан, Каспий денгизининг шарқий қирғоқларида ана шундай кўллардан 26 таси ҳисобга олинган.
Юқоридагиларга қўшимча равишда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, текислик кўлларининг сони кейинги йилларда ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби экин майдонларида ҳосил бўлган оқава сувларнинг табиий ботиқларга оқизилишидир. Бу жараённинг иккинчи сабаби йирик ирригация каналлари (Қорақум, Қарши магистрал канали, АмуБухоро канали, Қизкетган канали ва бошқалар) таъсир зонасида улардан ер остига шимилган сувларнинг ер сиртидаги ботиқларда тўпланишидир. Масалан, А.М.Никитин маълумотларига кўра Қорақум канали таъсир зонасида кейинги йилларда ана шундай 16 та кўллар ҳисобга олинган.
Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, текислик кўллари учун юқори чегара сифатида 500 метр абсолют баландлик қабул қилинган бўлса ҳам улар умумий сонининг 9095 фоизи 50100 метр оралиқдаги баландликларга тўғри келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |