3.1. Поэтик индивидуалликда оксюморон
Тил воситаларининг бирикмалар шаклидаги актуаллашувига асосланган оксюморон ҳақиқий маънода индивидуал поэтик воситадир. У стилистик фигура сифатида антитезанинг бир кўриниши саналади. «Чунки бунда ҳам маънолари бир-бирига қарама-қарши бўлган сўзлар иштирок этади. Шу билан бирга, улар ўртасида жиддий фарқ ҳам бор. Бу фарқ шундан иборатки, антитезада маъно бир-бирига зид бирликларни параллел, ёнма-ён қўйиш орқали очилади, оксюморонда эса, бу икки сўз бирикма ҳолида бўлади ва зид маъноли сўзлардан уларнинг ҳар бирининг маъноси сақлаб қолинган янги бир контекстуал маъно келиб чиқади».129
Оксюморондан антитеза яна шу билан фарқ қиладики, антитезада қарама-қарши тушунчалар биргаликда қўлланмайди. Оксюморонда эса маъноларига кўра бир-бирига ёпишмайдиган сўзлар ёнма-ён ишлатилиб, янги маъно ва фавқулодда ажойиб образлиликни юзага келтиради. Антитезада маънолари бир-бирига зид бирликларни параллел, ёнма-ён қўйиш орқали очилади, оксюморонда эса бу сўзшакл бирикма ҳолида бўлади ва зид маъноли сўзлардан уларнинг ҳар бирининг маъноси сақлаб қолинган ҳолда янги бир маъно келиб чиқади.130
Кузатишларимиз жараёнида Усмон Азим қўллаган олов ва муз сўзлари зиддиятига эътиборимизни қаратдик. Шоирнинг олов-муз антиномиясидан оксюморон сифатида фойдаланиш маҳоратини аниқлаш мақсадида, Зулфиянинг «Камалак», «Мушоира», «Шалола» тўпламлари, М.Алининг «Сайланма», А.Суюннинг «Сайланма» асарлари матнига мурожаат қилдик ва унинг намуналарини Зулфия асарларида учратдик.
Аммо Зулфия оксюморонлари бироз бошқачароқ тарзда – музламоқ-куймоқ/ёнмоқ антиномиясига асосланганлиги маълум бўлди. Бинобарин, улар ифода этган поэтик нозиклик Усмон Азим оксюморонларидан фарқ қилади. Масалан, Илиқ нигоҳ, оқбош тоғлари,/ Кўзларингни куйдирса ҳам муз, / Ёмғирига баҳор чоғлари / Илк севгига тутган каби юз (Бу кунларда уйда эмасман) парчасидаги музнинг куйдиришида сиртдан қараганда оксюморон бор, гўё муздаги совуқлиқ билан куйдиришдаги иссиқлик зидлангандай. Аслида бу ерда куйдирмоқ сўзи ялтирамоқ, кўзни қамаштирмоқ маъноларида келмоқда. Табиийки, ифодада ялтираган музнинг кўзни қамаштириши билан ялтираган музнинг кўзни куйдириши ўртасидаги тасвирийлик кучи бир хил эмас. Мана шу маънода музнинг кўзни куйдириши чинакам поэтик воситага айланган.
Зулфиянинг «Қоғоздан ёқилган гулханлар гар кўркам» шеърида музнинг куйдириши иккинчи бир маъно оттенкаси билан иштирок этади. Асарда севгисида собит тура олмайдиганлар ҳақида мушоҳада юритилади: Буларнинг севгиси, дейди шоира, қоғоздан ёқилган гулханнинг ёнишига ўхшайди. Бир дамда олови осмонга чиқади, атрофни нурафшон этади ва бир дамда сўнади. Оний ёниш офтобнинг ботиш лаҳзасидагидай ҳароратсиз. Агар уларни икки қирғоқ десак, уларнинг ўртасида оқаётган нарса ҳам меҳр эмас, икки дилдаги дард ҳам вақтинча – бу дарднинг куйдириш кучи музнинг эришичалик вақтдан иборат, холос: Икки қирғоқ ора оққан меҳрмас, / Икки дилдаги дард – муз куйдириши мисрани бошқа маънода – умуман беҳудалик маъносида тушуниш ҳам мумкин: музнинг куйдириши амалга ошмайдиган ҳодиса бўлгани каби, уларнинг юрагидаги дард ҳам ана шу беҳудаликка ўхшайди.
Шеър шундай якун топади: Афсус, сўнган гулхан қайта олмас чўғ,/ Дарз кетган кўнгиллар бўлмайди бутун. Зулфия «Сен дейсанки: муҳаббат сўнмас» шеърида қаршилантиришнинг ажойиб намунасини кашф эта олган ва бунинг натижасида севгининг гротескли ифодаси юзага келган: Мен дейманки: ҳа, севги бумас, / У музда ҳам ловуллаб ёнар. / Олов номли кучга бўйсунмас, / Ўла туриб азобдан ёнар. «Муҳаббат – бу...» шеъридаги Қалбга худди болға тушгандай / Тонгга, тунга кирасан тикка: / Ўтда титраб, ёнасан музда, / Уринасан дунёга сиғмай, / Ўхшаб қафасдаги какликка парчасидаги оксюморон – ўтда титраб, ёнасан музда мисраси чуқур мушоҳадани талаб этади. Юксак бадиий тафаккур маҳсули бўлган бу образли ифода ишқ дардига йўлиққан ошиқ аҳволининг ғоятда нозик ва гўзал тавсифидир.
Унинг «Йиллар, йиллар» шеърида оксюморонли жумланинг уч марта қўлланилиб, синтактик параллелизм ҳосил қилиши эса ундаги поэтик ифоданинг янада самарали бўлишига хизмат қилган: Муз куйдирар қалбимни/ Бор вужудим бўлар парт. / Ўт қучганда танимни / Тортганмидим бундай дард? каби.
Усмон Азим «Параллел чизиқлар» шеърида тўғриликни ўз тақдири деб билган кишилар ҳақида мулоҳаза юритади. Уларни ўзи билан бирга юрган киши – параллел чизиқ сифатида баҳолайди. Уларга қарата Тўғри йўллар чарчатди-ку, / Эй, параллел йўлдошим, деб хитоб қилади ва маънавий қиёфаси чизгиларини кучайтириш учун уларнинг акси бўлган одамларга – эгри чизиқларга қиёслайди: Боққин эгри чизиқларга / Улар айрилаверар./ Лаҳза ўтмай йўлларидан / Жим-жит қайрилаверар. Кейинги мисраларда бу қиёфа тасвифи босқичма-босқич кучайтирилиб, тобора ойдинлаштирилиб борилаверади: Ел қўзғолса, қалтирашар,/ Сокин паноҳ излашар, / Чақмоқ чақса, чекинишар мисраларида унинг «сифатлари» бирма-бир санаб ўтилиб, тавсиф Оловларда музлашар мисрасига етгач, ифода образлиликда ўзининг олий даражасига етади.
Амалда мумкин бўлмаган, бадиий мушоҳада маҳсули сифатида юзага келган оловда музлашнинг бу одамга нисбатан қўлланиши эгри одам ҳақида ўқувчини ҳам мулоҳаза қилишга ундайди ва унинг кўз олдида ўзининг соясидан ҳам қўрқадиган, субутсиз ва бетайин бир одам гавдаланади. Шу маънода Усмон Азим қўллаган оловда музламоққа нафақат зидланиш асосида шаклланган образли ифода, айни пайтда, индивидуал фразеологизм даражасига кўтарилган тасвирий восита сифатида қараш мумкин бўлади.
«Беҳишт гулшанлари топдилар завол» шеърида ўзини фаришта санайдиган, аммо шайтонлар ҳамдами бўлган аёл ҳақида гап кетади. Унинг маҳбубини – ўзининг дўстини эслайди: Уни-ку гапирмай... Ўтди у – эртак, / Ўтли ҳисларини пойингга ёзди. Мана шу банднинг давомидаги Сен, эй, оловларда музлаган эрка, / Музда уйғонишнинг лаззати созми? бандида ишлатилган оксюморон асосига қўрилган оловда музламоқ жумласи қалбсиз ва ҳиссиз бир кимсанинг маънавий қиёфасини чизишга йўналтирилган. Чунки фақат ана шундай одамлар қайноқ қалблардагина туғиладиган илиқ ва самимий муносабатларнинг қадрига етмайди, одамларнинг барчасига бирдай – музлаган, ҳиссиз бир ҳолатда муносабатда бўлади. Мана шу маънода оловда музламоқ жуда катта бадиий-эстетик вазифани адо этади, Усмон Азим бадиий мушоҳадасининг маҳсули сифатида намоён бўлади.
Ҳақиқатдан ҳам, Усмон Азим поэтик олами шу қадар кенгки, уни унча-мунча китобхон англаб етмаслиги, моддий оламни лирик қаҳрамон руҳиятига мос тарзда тасаввур қила олмаслиги мумкин.
Аммо шеърдаги бир сўз – айрилиқ лирик қаҳрамон руҳиятини англаш кўмаклашадиган калит – очқич вазифасини ўтайди: Айрилиқда муз ёниш – узун, / Қор устига тўкилган ғамман. / Кўкрагимга урилган учқун / Тешиб, ўтиб борар елкамдан. Ўзбек мумтоз шеъриятида айрилиқ ўти жумласига кўплаб дуч келамиз. Лирик қаҳрамон ҳам ана шу ўтда ёнаётгани ва бу жараённинг адоқсиз – узун эканлигидан у ўз ғамларини қор устига тушаётган учқунлардай ҳис қилади. Айни пайтда, ёнаётган ўт ҳароратсиз, у лирик қаҳрамон қалбини иситаётган эмас. Мана шу ўринда муз ва ёнмоқ сўзлари бирикувидан ҳосил бўлган муз ёниш фавқулодда образли ифодани вужудга келтирганлиги билан поэтик мазмун касб этган.
Ҳаётдан ҳақиқат ахтараётган ва унинг келишига қаттиқ ишонган лирик қаҳрамон руҳий кечинмалари силсиласида оптимизм устунлик қилади: Кўзларимдан миямга қадар / Изғиринлар кираркан елиб, /Англайманки, келар муқаррар / Ҳақ васлининг музаффар сели дейди шоир.
«Қорнинг ёғишини тасвирлашга уч уриниш» шеърида ҳам зидланиш чўққиси бўлган оксюморондан фойдаланилган. Аммо у асар бадииятини таъмин этувчи ягона тасвир усули эмас. Уни қўллагунга қадар шоир ифоданинг такрор ва қофия усулидан моҳирона фойдаланган. Туроқларнинг 4+3, 5+2 тарзда ташкил этилгани шеърнинг ўқилишида енгилликни пайдо қилган: Қор ёғди йирик-йирик, / Қор ёғди лайлак-лайлак,/ Қор ёғди тирик-тирик – / Бунча тирикдир, кўриб – / Чидай олмайди юрак... Шу тахлит қорнинг ёғиш манзарасини лирик қаҳрамон руҳиятида кечаётган туйғулар билан уйғунлаштира олган. Айтилганлар баробарида, Усмон Азим яратган музда ёнмоқ оксюморон-ибораси алоҳида поэтик мазмун касб этади: Дунё қўшиққа тўлди! / Ундан бир ун олишга / Парвардигор, журъат бер.../ Таслимман!.. Тамом кўндим / Музларингда ёнишга!..
Лирик қаҳрамон руҳиятидаги енгиллик гўё мисраларга кўчгандай муз – умуман қор ёғаётган пайтдаги табиатнинг мусаффолиги ва совуқлигини англатиш вазифасини ўз зиммасига олса, ёниш – илиқлиқ, роҳатланиш, ҳузурланиш маъноларини мужассам қилган. Ана шу маънода Усмон Азим поэтик индивидуаллигининг меваси бўлган музда ёнмоқ ғоятда гўзал ифода сифатида қабул қилинади.
Усмон Азим оксюморонлари кўлами олов-муз ва ёнмоқ-музламоқ антиномияси негизида кашф этилган олов-музламоқ, муз-ёнмоқ бирикувлари билан чегараланиб қолмайди, балки уларга маънодош сўзлар ҳисобига кенгайтириб бораверади. Масалан, совуқда ёнмоқ: Сирғанади музда шўх шамол, / Йиқилади қорга юзтубан. / Мен совуқда ёнаман ҳамон,/ Уйғонаман барча уйқудан (Юрак).
Мисоллардаги музда ёнмоқ ва совуқда ёнмоқ оксюморонли бирикувларнинг стилистик қийматини, совуқ ўз ва муз кўчма маъноларда келаётгани учун, айнан бир хил деб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳар иккаласидаги образлиликни эътироф этган ҳолда бадиий-эстетик қийматини бир хил баҳолаш ҳам мумкин бўлмайди.
«Тош қўшиғи» шеърининг лирик қаҳрамони тоғнинг тоши. У қушга мурожаат қилиб, фақат шохлару бутоқларда сайрайверма, менинг кафтига ҳам қўн, дейди: Маним муздай кифтимга қўн, Ишқда ўртаниб куйла. Кейинги: Жоним каби – cовуқ ўтда / Бир бор куйиб кўр-чи, қуш (Фонус) мисралари эса «сен ҳам мен каби ишқ ўтида бир ёниб кўр», деган гапнинг поэтик ифодаси. Шоир тошнинг табиий ҳолатини совуқлик тарзида тасаввур қилади. Айни пайтда, у шеърда тирик мавжудот сифатида намоён бўлади. Унинг қалбида ҳам ҳарорат бор ва бошқа инсонлар каби эътиборга, севгига муҳтож. Шунинг учун ҳам шеър унинг тилидан: Соғинчингда ер қаърида / Тоғдай ўсдим – билмайсан мисралари билан якунланган.
Усмон Азим шеърлари матнида сукунатда йиғламоқ, ўлик хитоб, тунларим ёп-ёруғ, жимжит суҳбат, жим сўз, қафасда озодлик, ўлимда гулламоқ, митти осмон, тотли оғриқ сингари кўплаб оксюморонларга дуч келамиз. Уларнинг ҳар бири ўз микроматнида ички мантиқий боғланишларга эга ва бу каби ғайриодатий қўлланишларда шоир бадиий тафаккурининг ифодага боғлиқ бўлган маълум бир қирраси образли тарзда намоён бўлади: Тоғлар сукунатда йиғлаб ётдилар, / Парвозсиз қисматнинг залворин сезиб (Юрак). Вақт келар – дунёнинг боғчаларидан, /Тутундай тарқайди ўлик хитоблар (Сайланма). Жим сўзларга / чин сўзларга / келди навбат (Юрак) каби.
Бу оксюморонлар таркибидаги ҳар бир элемент ўзининг семантик асосини сақлаб қолгани ҳолда янги бирикувларда янги мазмуний ва шаклий ўзгаришларга юз тутади ва бу ўзгаришлар, гарчи ўзбек тили синтагматик қоидаларига зиддек туюлса-да, бадиий тафаккур ифодаси мантиғига мутлақо зид эмас.
Ижод жараёнида муаллиф ўз ҳис-туйғуларига мос келадиган ва уни тўғри ифодалай оладиган ҳар бир сўзнинг ичига кириб бориб, унинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етгандан кейингина матнга олиб киради. Худди шундай бошқа бир сўз билан боғлиқлик жиҳатларини излайди ва уларни ўзаро алоқага кириштиради. Шунинг учун ҳам шоирнинг меҳнати бадиий тафаккурнинг чексиз уммонларидан жавоҳир теришга қиёсланади.
«Шох отиб таралди сувлар далага» шеърида О, жимжит суҳбатлар!.. Англадим аён, / Яшил дўстларимнинг нозик тилини (Юрак) деб ёзади шоир. Дабдурустдан қараганда жимжит суҳбат мантиқсиздай туюлади. Аслида эса бу каби валентлиги бир-бирига тўғри келмайдиган сўзларнинг маъно оламига чуқур кириб бориш, улардаги энг нозик, бошқалар илғай олмаган оттенкаларни топиш, худди шу жараённи икки сўз билан ҳам олиб бориш ва бу бирликларни ўзаро боғлаб, улардан бутунлай янги бир маъно келтириб чиқариш, уларни бадиий матннинг энг зарур образли воситасига айлантириш – мана шуларнинг ўзи фақатгина бадииятда юзага келадиган мураккаб ижодий жараёндир. Ана шу жараён туфайли тил бирликлари актуаллашади, фавқулодда поэтик мазмун касб этади.
Фиркимизни далиллашда давом этамиз. Бунинг учун бизга таҳлилларни яна олов ва муз сўзлари доирасида амалга ошириш маъқул кўринди. Чунки у бизга Усмон Азимнинг фақат ўзигагина хос бўлган ифода усулини англаб етишимизда энг ишончли лингвистик восита сифатида намоён бўлди.
Ижодкорнинг бу сўзларни қўллашдаги иккинчи ҳолат – уни микроматн таркибида дистант ҳолатда фойдаланишдир. Бу ҳам ифодани руҳий зиддиятлар оламида кучайтиришнинг ишончли усулларидан бири. Шоир «Бешафқат баллада» шеърида раққосанинг нози оловга, кўзлари музга қиёсланади: Раққоса! Даврада илдам-илдам суз!.. / Нега нозинг – олов, кўзларинг – нақ муз!
Ушбу шеърда қаламга олинган раққоса бизнинг тасаввуримиздаги санъаткор эмас. Тўйю томошаларда тирикчилик илинжида ўйинга тушишни ўзига касб қилиб олган кимса. Одамларнинг диққатини тортиш, кўпроқ пул ишлаш учун у жон-жаҳди билан ноз-карашма қилади. Унга бошқа нарсанинг қизиғи йўқ. Шунинг учун унинг қарашларида одамларга меҳр, самимийлик ҳисси сезилмайди. Таъкидлаганимиздек, раққоса нозининг оловга, кўзларининг музга таққосланиши сабаби ҳам шу. Уларнинг бир мисра таркибида келиши эса унинг ташқи ва ички қиёфасидаги зиддиятларнинг акси сифатида ифодани юқори поэтик мақомга олиб чиққан.
Асардаги образлиликни шу икки сўз зиммасига юклаб қўйиш ҳам тўғри эмас, албатта. Аммо матнда бу вазифа муқом ва мақом, пул ва ор-номус, нодон базм сўзларига ҳам тақсимланган. Шунингдек, кечаси билан рақс тушиш, кундузлари ухлаш, ўзини англаб етганида йиғлаши, йиғлаш ҳиссидан маҳрум бўлиш эса даҳшатли эканлиги ҳақидаги баёнлар мажмуида олов-муз зидлануви ҳам кучли тасвирий восита сифатида образли ифода юкининг бир қисмини ўз елкасида кўтариб туради.
Шеър баёнидаги барча тил воситалари раққоса қисматига бўлган ачиниш туйғусини бадиий тарзда ифодалашга бўйсундирилган. Бу ачиниш ҳисси шеър якунида кульминациясига етади: Ҳа, ҳаёт – бешафқат! Тугади эртак! / «Тўхта!.. » деб қичқирмас бирор-бир эркак!
Усмон Азим шеърлари матнида олов-муз зидланишлари рўйхатини яна давом эттириш мумкин. «Сайланма»сидан уларнинг айримларини келтирамиз: Мен ҳаммани оловда ёқдим, / Фақат ўзим музладим, севгим (107); Бу оловда эриб оқди,/ Ёниб оқди муз жисмим (348); Соғинч тўла руҳимга қадар / Қорлар тушар олов фалакдан (354); Қимтинган лабларга боқиб беилож, / Ёнғин ва муз аро бўлмасимдан ғарқ (383); Чексизликда нари яна чексизлик –/ Фақат бири – музкор, бири – оловкор (146) каби.
Лекин Усмон Азимнинг бу тил бирликларидан фойдаланишдаги маҳорати айтилганлар билан чегараланиб қолмайди. Масалан, унинг оловни ўз маъносида қўллаганини камдан-кам ҳолатларда кузатамиз. Ўртаниб ёзаяпман хат, / Айрилиқ олови жонда қўқийди (Фонус), На-да дўзах олови ямлар, / На-да эшик очади беҳишт (Сайланма), Тошкентнинг кенг бошидан ёз олови қуйилди (Юрак), Бу чолнинг кўзлари ловуллар, / яшайди инқилоб оловини одамларга улашиб (Сайланма), Оловдан бермагин бефойда дарслар, / Мен қалбим оловин мангу йўқотдим (Сайланма), мисолларидаги айрилиқ олови, дўзах олови, ёз олови, инқилоб олови, қалб олови, сингари анъанавий; Зумрад оловларга қучоғи ёнди: – / У пайт соғинмайсан – саволинг бекор (Фонус, Юрак), Муқаддас оловдай қолди, ёрижон, / Шукурким, сиз билан ёндим, ёрижон (Сайланма) мисолларидаги зумрад олов, муқаддас олов метафорик эпитетли қўлланишларнинг барчасида бу сўзга қўшимча вазифа юкланади – ўзининг аниқловчиси бўлган сўзлардаги маънолар унинг ёрдамида кучайтирилади ва уларнинг бирикувидан поэтик талабларга мос келадиган образли ифодалар юзага келади. Бу бирикувларнинг ҳар бир ўқувчидан алоҳида мушоҳадани талаб этади ва ҳар бир ҳолатда олов ўзининг янги бир маъно қирралари билан намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |