ТИЛ ВОСИТАЛАРИ АКТУАЛЛАШУВИ ВА ПОЭТИК ИНДИВИДУАЛЛИК
Коммуникатив муносабатларнинг алоҳида типини ташкил этадиган поэтик нутқ тил воситаларининг актуаллашуви билан бошқа матнлардан жиддий фарқланади. Бадиий актуализация жараёнида қўлланган тилнинг тасвирий воситалари семантикасида ўзгариш юз беради. Ноодатий тарзда қўлланган бу бирликлар ўқувчини ўйлашга мажбур қилади ва зеҳнини ўткирлайди. Лингвопоэтика соҳаси тадқиқотчилари поэтик актуаллашаётган бирликларни метасемиотик (лингвостилистик) ва метаметасемиотик (лингвопоэтик) планда таҳлил этишни тавсия этганининг сабаби ҳам ана шу.
Профессор Т.С.Монина «Поэтик нутқда нутқий субъект типининг актуаллашуви» асарида таъкидлайдики, поэтик нутқни нутқнинг бошқа турларидан фарқловчи энг асосий хусусияти унинг ахборот узатиш усули – коммуникация типининг ўзига хослигидир. Бу типдаги коммуникацияда ахборот узатиш бир вақтнинг ўзида икки канал бўйича амалга оширилади: матнлар «МЕН – У» тизимида яратилади, ва аксинча, ахборот узатувчи кодларга айланади. Поэтик матн ана шу икки тизим: «МЕН – У» ва «МЕН – МЕН» ўртасида худди маятник сингари тебранади. «МЕН – МЕН» коммуникатив каналида сифат ўзгаришларига юз тутадиган, иккинчи «МЕН»ни қайта қуришга олиб келадиган коммуникатив вазият трансформацияси амалга ошади.125
Барча ижодкорларда бўлгани каби Усмон Азим шеъриятидаги тил васиталари актуализацияси лирик қаҳрамон – инсон ички дунёсини очишга йўналтирилди. Шоир ана шу йўл билан инсон руҳиятига чуқур кириб борди, унинг эстетик оламини кўра олди.
У қўллаган тил воситалари, индивидуал метафоралар, муаллиф неологизмлари, сўз шаклларида содир бўлган турли хил ўзгаришлар, сўз ўйинлари сингари стилистик усуллар ёрдамида актуаллашди ва буларнинг барчаси тасвирнинг образли бўлишига, фавқулодда, кутилмаган хулосаларни ўртага ташлашда ижодкорга кўмаклашди.
Актуализация туфайли сўз жисмида гўё жонланиш юз беради, асарнинг мазмун майдонини, лирик қаҳрамон ички дунёсини ҳис этиш кўлами кенгаяди, тасвир объекти ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади. Актуализация жараёни муаллифни ижодий фаолликка рағбатлантиради. Асарда қўлланган ўхшатишлар, эпитетлар, метафорлар, перифразалар, жонлантиришлар сингари бадиий санъатлар табиий равишда ижодкор индивидуаллигини таъмин этувчи поэтик воситаларга айланиб боради.
Тадқиқотчилар бадиий адабиёт интерпритацияси матнга янги тушунчаларни олиб кириш, ҳаммага маълумларини эса қайта идрок этиш, ноанъанавий маъноларда қўллаш билан боғлиқ эканлигини таъкидлайдилар. Актуализация ҳам ана шу жараёнларнинг таркибий қисмидир.
Прага лингвистик тўгараги актуализацияни поэтик тилга хос хусусият деб қараганда, Я.Мукаржовский поэтик тилнинг вазифаси баённи максимал актуаллаштиришдир, деганда унинг ана шу жиҳатларини назарда тутишган.126
Актуаллашув хусусида сўз бирикмасининг умуман матннинг яхлит мазмуни билан бевосита алоқада бўлиб туриб, бу сўз бирикмасининг компоненти жумла (фикр, мулоҳазанинг) бошқа элементи билан муайян алоқаларини ривожлантириши ҳолатларида сўз юритиши лозим. Бу сўз бирикмаси хоссаларининг лингвопоэтик жиҳатдан тўлақонли нутқ ишлатилишига нисбатан кенгайишига олиб келади.127
Актуализация – бу тил элементлари потенциал имкониятларининг рўёбга чиқиши, муайян нутқ вазияти талабларига мослашишидир.128 Матнда, биринчи навбатда, муаллиф фикрлари актуаллашади.
Интерконтекстуал бирликлар матннинг таркибий қисмига айланиб, унинг мазмунини, акс эттиришни, бадиий-эстетик моҳиятини намойиш этувчи экспрессив воситалар сифатида қатнашади. Шу маънода, актуализацияни муаллиф томонидан тил воситаларини алоҳида қўллайдиган стилистика усул сифатида баҳолаш тўғри бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |