Кошинлашматериаллари ҳам сопол буюмлар ишлаб чиқаришнинг умумий технологияси асосида тайёрланади.
Кошинлаш материаллари нам ўтказмайдиган бўлиши ва деворнинг асосий материалига нам ўтишига йўл қўймаслиги, совуққа бардош бера олиши (25 цикл) мустаҳкам бўлиши ва деворларга осонликча қопланадиган бўлиши зарур.
Кошинлаш материалларини ишлаб чиқаришнинг замонавий технологияси 2-6% намликдаги гилтупроқ кукунини юқори босим остида пресслаш усулига асосланган.
Плиткаларни тайёрлашда қолипдаги гилтупроқ кукуни пресслаш ускуналарида (14-16 МПа босимда остида) яхшилаб зичлаштирилади. Махсус автоматларда сирланади ва хумдонларда пиширилади.
Деворлар сиртларига қоплаш (кошинлаш) учун ишлатиладиган материалларнинг асосий турлари булар кошинлаш ғиштлари, блоклари ва кошинлаш плиткаларидан иборат (7-расм).
Фасадни плиталар билан кошинлаш асосан деворларни қуриш вақтида амалга оширилади. Уларнинг ўлчамлари турлича бўлиши мумкин (240х140х15 мм; 120х65х6 мм). Гилам нусха сополалар ранг-баранг юпқа плиткалардан иборат бўлиб, қоғозга ёпиштириб ишлатилади ва гиламга ўхшаб туради. Плиткалар 46х46х4; 23х23х3; 48х48х4; 48х23х4; 20х20х2 мм ўлчамларда ишлаб чиқарилади.
Биноларнинг ички сиртларини кошинлашда ишлатиладиган материаллар совуққа бардошли бўлиши шарт эмас. Уларнинг ўлчами аниқ, шакли мунтазам ва ранги бир текисда бўлиши керак. Сув шиммайдиган, ўтга чидамли, етарлича мустаҳкам бўлиши зарур. Шакли тўғри тўртбурчак, квадрат ёки бошқача бўлиши мумкин. Плиткалар юзининг қинғир-қийшиқлиги биринчи сортда энг кўпи билан 1,0 мм бўлишига йўл қўйилади. Сув шимувчанлиги 16% дан ортмаслиги керак.
Полбоп сопол плиткалар бундан ташқари зарбга чидайдиган ва ейилмайдиган бўлиши зарур. Улар икки турга бўлинади: сопол плиткалари ва кошинлар (нақшли плиткалар). Плиткаларнинг сув шимувчанлиги 4% дан ошмайди, ейилувчанлиги 0.25 г/см2.
7-расм. Пардозлаш ишлари учун мўлжалланган сопол плиткалар
Фасадларни пардозлаш учун фойдаланиладиган барча табиий тош материаллари маълум даражада ғоваклик ва баъзи холларда кўз билан кўриб бўлмайдиган хилма-хил майда чизиқларга эга бўлиши мумкин. Вақт ўтиши билан бундай пардоз материали юмшаб, уваланиб кўчиб туша бошлайди. Бундай муаммони бинони текис сайқалланган керамогранит билан пардозлаш орқали ҳал қилиш мумкин.
Керамогранитнинг тарихи ХХ асрнинг 60 йилларининг охирларига бориб тақалади ва бир қанча йил ўтиб бу материалдан кенг кўламда фойдалана бошланди.
Ушбу материал ноёб сифатга, яъни кислота ва ишқор таъсирига чидамлилиги билан ажралиб туради. Керамогранитнинг яна бир ноёб сифатларидан бири бу унинг қаттиқлиги (Моос шкаласи бўйича 7-8) ва унинг едирилишга юқори чидамлилигидир.
Керамогранит – экологик тоза материал бўлиб, унинг сув шимувчанлиги массаси бўйича 0,1–0,2% ни ташкил этади. Унинг билан нафақат ички ва ташқи деворларни, балки шамоллатилувчи фасадларни пардозлаш ва очиқ балкон ва айвонларда фойдаланиш мумкин (8- расм).
8-расм. Керамогранит билан пардозланган хонанинг кўриниши
Унинг физик ва механик хоссалари юқори ва афзалликлари қуйидагилардан иборат:
кенг кўламдаги ранглар ва турли кўринишда ишлаб чиқаришнинг мавжудлиги (9–расм).
Керамогранитнинг камчилиги сифатида унинг шиша структурасига ўхшаш мўртлиги ва эгилишдаги мустаҳкамлигининг пастлигини кўрсатиш мумкин.
9-расм. Ёғоч ва табиий тош текстураси бериб тайёрланган керамогранитлар
Гиламнусха-мозаика плиткалари (гиламнусха керамика) кичик ўлчамдаги юпқа сир билан қопланган ёки қопланмаган бўлиб, гилам кўринишида қоғоз асосга елимланган ҳолда ишлаб чиқарилади. Плиткаларнинг юзаси шаффоф ёки хира, ялтирайдиган ёки ялтирамайдиган, оқ ёки рангли сир билан қопланган бўлиши мумкин. Улар юзасини қоплашда «березка», «мимоза», «малахит» ва бошқа табиий материалларниг кўринишини берувчи сирлар билан қопланиши мумкин.
Гиламнусха-мозаика плиткалари юзасига махсус суяк елими суриб ўров ёки қоп ишлаб чиқариладиган қоғозга елимланган ва ўралган ҳолда етказиб берилади. Плиткалар орасидаги чоклар вертикал ва горизонтал тўғри чизиқли ёки хаотик равишда жойлаштирилган бўлиши мумкин (10-расм). Ҳозирги вақтда қоғоз ўрнига полипропилен тўрларидан фойдаланимоқда. Плиткалар ўз жойига ўрнатилганидан сўнг уларнинг юзасига иссиқ сув билан ишлов бериб, қоғоз ёки тўрни плиткалар юзасидан ажратиб олиш мумкин (10-расм).
10-расм. Майда плиткалардан мозаикали гилам
Сопол материалларнинг канализация учун мўлжалланган сопол қувурлар, санитария-техника буюмлари каби турлари ҳам мавжуд.
Турар жойларни сув билан таъминлаш ва канализация муаммолари қадимий Миср ва Месопотамия даврида мавжуд бўлган. Санитар-техник қурилмаларнинг мураккаб турлари қадимги Миср ва Римда яратилган. Мураккаблик жиҳатидан улар ҳозирги замонавий иншоотлардан қолишмаган. Санитар техниканинг кейинги ривожи XVIII асрда Англия ва Францияга тўғри келади. Ўша вақтда унитазли хожатхоналар ихтиро қилинган. Санитар фаянс – ванналар, раковиналар, унитазлар ишлаб чиқариш бошланган. Уларни оқ пластик гилтупроқ, каолин, кварц ва дала шпатидан тайёрлаб, юқори хароратда пиширишган. Кейинчалик бундан буюмларни ишлаб чиқариш Германияда бошланган.
Махсулотни тайёрлашда тайёрланган лой гипс қолипларга қуйилган. Кейин қуритилган махсулот таркибида қўрғошин бўлган енгил эрувчан сир билан қопланган.
Санитария-техника буюмлари фаянсли (унитаз, умивальник) чинни ва ярим чинни гуруҳларга бўлинади (11 - расм). Ҳозирги вақтда улар аъло сифатли хом ашёдан тайёрланади.
Ҳамма санитария буюмлари, уларга зарур хоссаларни бериш ва ташқи кўринишини яхшилаш учун сир билан қопланади.
11-расм. Санитария-техника буюмлари
Санитар-техник буюмлар декаративлик, силлиқ юза, осон тозаланиш ва узоқ вақт ўз хоссаларини сақлаб қолиш хусусиятига эга.
Бу буюмларнинг камчилиги уларнинг мўртлигидир. Шунга қарамай чиннидан тайёрланган санитар- техник буюмлар ханузгача энг яхши ва замонавий буюм бўлиб қолмоқда.
Қувурлар диаметри 150-600 мм гача, сополи зич, зарралари уюшиб кетган, сирти ва ичи сирланган бўлади. Булар ўтга чидамли ёки қийин эрийдиган пластик лойдан шамот қўшиб (баъзан кварц қуми) махсус прессларда тайёрланади. Қувурлар 2 атм гидравлик босимга бардош беради.
Сополдан ўтга чидамли материаллар ҳам тайёрланади. Булар динас, шамот, магнезитли, доломитли, хромли каби буюмлардир. Ўтга чидамли материаллар юқори (100-17500С) ҳарорат таъсирига бўладиган конструкцияларни қуриш учун ишлатилади.