Билимни мустаҳкамлаш учун саволлар:
Портландцемент ва унинг турларини айтиб беринг.
Портландцемент ва унинг турлари Ўзбекистонда қайси корхоналарда ишлаб чиқарилади?
Портландцемент ва унинг турларини ишлаб чиқариш усуллари хақида гапириб беринг.
Қуруқ усулда портландцемент ишлаб сиқаришнинг афзалликлари нимада?
Ишқорли цемент хақида нималар биласиз?
Ишқорли цемент қандай усулларда ишлаб чиқарилади?
Ишқорли цемент ишлаб чиқаришнинг технологик тизими хақида гапириб беринг.
Ишқорли цемент ишлаб чиқариш учун қандай хом ашёдан фойдаланилади?
Ишқорли цемент портландцементдан нима билан фарқланади?
4. ҚУРУҚ ҚУРИЛИШ ҚОРИШМАЛАРИ
Қуруқ қурилиш қоришмалари – бу кўп компонентлардан ташкил топган бўлиб, уларнинг таркибларида минерал боғловчи ва тўлдиргичдан ташқари, минерал боғловчининг қотиши ва мустаҳкамлигини бошқариш ва қоришма қотгандан кейинги зарур физик-механик хоссаларга эришишини таъминлаш мақсадида кимёвий қўшимчалар комплекси мавжуддир.
Ҳозирги вақтда қурилиш ишларини қуруқ қурилиш қоришмаларисиз тасаввур этиб бўлмайди, чунки улар завод шароитида қоришманинг тури ва фойдаланиладиган жойига қараб, барча компонентларнинг нисбати аниқ ўлчаб тайёрланади. Қуруқ қурилиш қоришмаларининг асоси сифатида оҳак, ёки гипс, ёки цементдан фойдаланилади. Қурилиш қоришмаларига зарур хоссаларни бериш учун қўшимчалардан фойдаланилади. Полимер қўшимчалар ёпишиш қобилиятини оширади. Қуруқ қурилиш қоришмалари ёрдамида юқори ишлов бериш мумкинлигини таъкидлаш зарур. Бундан ташқари улар қуйидагиларни имконини беради:
- вақт ва жойни иқтисод этиш, яъни ҳамма компонентларни харид қилиш, сақлаш ва мураккаб бўлган таркибларни аралаштириб тайёрлашдан воз кечилади;
- ҳар қандай мураккабликдаги таркибларга буюртма бериш имконининг мавжудлиги, чунки қуруқ қурилиш қоришмалари замонавий ускуналар ёрдамида тайёрланади;
- нобудгарчиликнинг йўқлиги, яъни ҳохлаган вақтда зарур миқдордаги қоришмани тайёрлаш мумкин;
- транспорт харажатларининг иқтисоди, яъни қуруқ қурилиш қоришмаларидан фойдаланиш қурилиш майдонига доим тайёр қоришмани ташиб келтиришдан воз кечиш имконини беради;
- юқори сифат кафолатининг мавжудлиги, яъни таркиб компонентларини аниқ ўлчаш хисобига қоришма рецептининг аниқлиги (қуруқ қурилиш қоришмаларининг сифатини қурулиш майдонида компонентларни ўлчаб тайёрланган қоришмаларнинг сифати билан солиштириб бўлмайди).
Замонавий қуруқ қурилиш қоришмаларининг номенклатураси жуда кенгдир. Қурилиш материаллари бозори ҳозирги вақтда сувоқ, шпаклёвка, затирка, елим, грунтовка ва бошқаларнинг хилма-хил турларини таклиф этмоқда.
Ҳозирги вақтда республикамизда 40 яқин кичик ва ўрта бизнес тадбиркорлари томонидан қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистон қуруқ қурилиш қоришмалари бозорида ўзимизнинг маҳаллий қуруқ қурилиш қоришмаларини ишлаб чиқарувчиларимиздан КНАУФ, «Alimix Production», ООО "REAL BUILDING MATERIALS" (Қорасарой қурилиш материаллари) компаниялари, ООО Eleron Elit Servis, СП BAUPLAST, «Rademus-servis» хусусий компанияси, VENTUM, ООО "New Live Buildis", «RAHNAMO» компанияси, MEGAMIX компанияси, ООО «ZEIGER IMPEX», ООО "RAZATA", ООО "BI Vermiculit Group" ва бошқалар етакчилик қилмоқда (29-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |