Эрих Фромм 1941 йилда “Озодликдан қочиш” китобини нашр қилди. Бу китобида у одамнинг идентичлилик (ўз ноёблигини англаш)га бўлган эҳтиёжларини қондиришга интилиши ва шу билан бирга жамият билан самарали ҳамкорлик қилиши ички зиддиятларга сабаб бўлади, уларни бартараф қилиш эса нафақат конкрет одам, балки жамият тараққиётини ҳам ҳаракатга келтирувчи куч бўлиб ҳисобланади, деган фикрни илгари сурди. Замонавий цивилизация тараққиёти йўналишини таҳлил қилиб Э. Фромм шундай хулосага келдики, ёлғизлик – бу одам мавжудлигининг ажралмас белгисидир. Инсон мавжудлигининг асосий зиддияти одамнинг озодликка (мустақилликка) интилиши ва шу билан бирга бошқа одамлар ҳамда жамият билан алоқаларга эҳтиёжни ҳис қилишидир. Кўплаб одамлар учун бу зиддиятни бартараф қилиш оғир юк бўлган озодликдан воз кечиш ҳисобланади. Озодликдан воз кечишнинг бундай кўриниши ёки бошқаларнинг иродасига бўйсуниш, ёки бошқаларни ўз иродасига бўйсундиришда намоён бўлади. Озодликдан қочишнинг рақобат шакли одам ихтиёрсиз фаоллик намоён қилиб ижобий озодликка эришадиган муҳаббат ва меҳнат ҳисобланади. Таъмасиз мухаббат бу талаб қилишдан кўра кўпроқ ўзини фидо қилишда кўринади. Фроммнинг таъкидлашича; ”Кимгадир ниманидир бера олиш бу қудратингни кўрсатишнинг энг юқори кўринишидир. Бериш орқали мен ўз кучимни, давлатимни ва қобилиятларимни ишга соламан. Ҳаётий қувватимни ва қудратимни ишга солиш менга қувонч бағишлайди. Мен шу орқали ўзимдан қониқаман, ўзимни бағишлайман, яшайман ва шунинг учун бахтлиман. Ўзини фидо қилиш бу нимадандир айирилиш эмас аксинча қувонч ва бу менинг ШАХС бўлиб етишганимнинг белгисидир”.
Виктор Франкл мазмун муаммосини ўрганиб, шундай хулосага келадики, мазмун қидириш одам ҳаётининг бирламчи қўзғовчи мотиви ҳисобланади. Ҳар бир одам фақат унгагина хос бўлган алоҳида ва қайтарилмас ҳаёт мазмунига эга. В. Франкл экзистенциаль фрустрация ходисасини тасвирлаб, бу ходиса одамнинг мазмунга интилиш фрустрацияси, деб тушунади. Узоқ давом этган экзистенциаль фрустрация ахлоқий зиддият, турли қадриятлар ўртасидаги зиддият кўринишидаги нооген неврозларга сабаб бўлади. Нооген неврозларни бартараф қилиш одам экзистенциясини маънавий ўлчаш даражасида амалга оширилиши мумкин. Одам – бу, асосий вазифаси ҳаёт мазмунини қидириш ва уни амалга оширишдан иборат мавжудот, унга унинг ҳаёт мазмунини излашда ёрдам бериш лозим. Ҳаётда мазмунга эга бўлиш учун инсонга учта йўл мавжуд: биринчидан биз ҳаётга нима бераяпмиз (ижодий фаолият мазмунида), иккинчидан биз ҳаётдан нима олаяпмиз (қадриятлар кечинмаси мазмунида), учинчидан ўзгартиришга қурбимиз етмайдиган тақдирга нисбатан қандай позицияни эгаллаяпмиз. Шунга мос равишда қадриятларнинг учта гуруҳи ажратилади: ижодий қадриятлар, кечинмалар қадриятлари ва муносабатлар қадриятлари. У илмий мулоқот доирасига киритган яна бир атама экзистенциаль бўшлиқ тушунчаси бўлиб, бу тушунча ички бўшлиқ туфайли пайдо бўладиган зерикиш, лоқайдликни ҳис қилишда намоён бўлади. В. Франкл бошқа одам моҳиятини англашнинг ягона усули – муҳаббат, деб ҳисоблаган. Франкл инсон тақдиридаги ҳаёт мазмунини шундай ифодалайди: ”Инсоннинг борлиғи нимагадир ёки кимгадир йўналгандир. Ишга бўлган ёки кимгадир бўлган мухаббат орқали инсон ўз -ўзини намоён қилади. У ўзини қанчалик кўп даражадда ишга ёки шеригига бағишласа у шунчалик ИНСОН бўлиб бораверади. Шу тарзда ўз имкониятларини ривожлантирган сари у ўзини унутиб ўзига ва турмуш икир чикрларига эътибор бермаган холда ўзлигини топа боради”. Франкл, айнан инсоннинг ҳаёт мазмунини англаган холда йўналганлиги ва ориентацияси унинг руҳий хотиржамлиги, психологик чидамлилиги ва руҳан соғлом бўлишининг асосий омилидир, деб ҳисоблайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |