Давлат тузуми.
Сомонийлар сулоласининг ҳокимиятдаги вакиллари амир деб аталган бўлиб, уларга даргоҳ (сарой аҳли) ва девонлар бўйсунган. Вазир мансабига, асосан, Жайҳонийлар, Балъамийлар ва Утбийлар аслзода оилаларнинг вакиллари тайинланар эди. Жайҳоний ва Балъамий улардан энг машҳур вазирлардир. Сомонийларда вазир девонидан ташқари 10 девон бўлиб, улар учун бухородаги регистон майдонида махсус бино қурилган эди. Сомонийларнинг бошқарув тизими, асосан, маҳаллий деҳқонлар, аслзодалар ва дин арбобларидан ташкил топган бўлиб, ҳар бир амалдор араб ва форс тилларини мукаммал билиши, шунингдек, диний ва дунёвий фанлардан хабардор бўлиши шарт эди. Бундай одимларни аҳл ал-қалам (қалам аҳли) деб аташган. Сарой ҳарбий қўмондонлари ҳожиб, Хуросон лашкарбошиси эса сипоҳсолор деб аталган бўлиб, бошқарув ишларига катта таъсир ўтказиб келишган. Сомонийларнинг солиқлардан келиб тушадиган йиллик даромади 45 млн. Дирҳамни ташкил қилган бўлса, бу маблағдан 20 млн.га яқини бошқарув тизимида хизмат қилаётган амалдорлар ва қўшин эҳтиёжларига сарфланган. Хизмат учун иш ҳақи ҳаммага ҳар 90 кунда, яъни бир йилда 4 марта мунтазам равишда бериб турилган.
10 аср бошида Сомонийлар ҳукмронлиги остидаги мулклар қуйидаги вилоятлардан ташкил топган: Бухоро, Самарқанд, Уструшона, Фарғона, Шош, Исфижоб, Хоразм, Кеш, Насаф, Чоғониён, Хутталон, Бадахшон, Балх, Тохаристон, Гузганон, Ғарчистон, Марв, Ҳирот, Ғур, Нишопур ва Гўргон.
Вилоятларда бошқарув ҳокимлар қўлида бўлиб, улар амир томонидан тайинланган. Бу мансабга кўпинча маҳаллий ер эгалари ва вилоят ҳокимлари хонадони вакиллари тайинланар эди. Шаҳарларнинг бошқаруви раислар қўлида бўлиб, улар ҳокимлар томонидан тайинланган.
Сомонийларнинг сарой маъмурияти ичидаги амалдорларнинг бир қисмини форслар, қолган қисмини маҳаллий туркийлар ташкил этган. Вилоятларда ҳам худди шундай аҳвол кузатилган. Ҳарбий ва мудофаа ишлари тўла туркийларнинг қўлида бўлган. 10-асрга келиб исфижоб, Тароз ва бошқа шаҳарларнинг туркий аҳолиси кўплаб ислом динини қабул қилганликлари туфайли Сомонийларнинг бошқарув тизимида уларнинг салмоғи ошиб кетган. Хусусан, Алптегин, Сабуктегин, Алп Арслон, Алитегин, Симжурий, Бектузун сингари машҳур тарихий шахслар ва уларнинг авлодлари шулар жумласидандир. Шунингдек, турли вилоятлар ва шаҳарларни Инаж, Ил-Мангу, Сабукра, Бойқаро, Субошитегин, Камтегин ва бошқлар бошқарган.
Ҳокимият Сомонийлар қўлидан кетиб, қорахонийлар қўлига ўтгандан кейин уларнинг деярли барчаси иккиланмай янги ҳукмдорлар хизматига ўтишган. Шунинг учун Буғрохон 992 йилда Исфижобдан юриш қилиб, Самарқанд ва Бухорони эгаллаганда, унга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаган. Чунки маҳаллий аҳоли, шу жумладан, амалдорлар ҳам, уларга мовароунаҳрнинг арабларгача бўлган асл эгалари сифатида ва энди ислом динини қабул қилиб, ўз ерларига қайтиб келган ҳукмдорлар деб қараганлар.
Шундай қилиб, Сомонийлар бошқарув тизими аниқ ва мукаммал равишда тузилган бўлиб, ўзида давлатчиликнинг ўша даврда энг илғор анъаналарини мужассамлаштирган. Лекин қонунчилик нуқтаи назаридан Сомонийлар ҳукмронлигини тенг ҳуқуқли мустақил давлат сифатида қараш ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки у даврда, яъни 9-10 асрларда, аббосийлар халифалигида марказий ҳокимият заифлашиб, вилоятлардаги маҳаллий ҳокимият кучайгани ва деярли мустақил ички сиёсат олиб боргани билан, барча маҳаллий сулолалар, шу жумладан, Сомонийлар ҳам, расман бўлса-да, Боғдод халифаларига бўйсунган эдилар. Улар фақат маъмурий бошқарувда ва хўжалик ишларини юритишда халифалар томонидан берилган кенг ҳуқуқлар ва ўзини ўзи бошқариш ваколатларига эга бўлганлар. Шариат нуқтаи назаридан ҳам, Хуросан ва Мовароуннаҳр маъмурий жиҳатдан Аббосийлар халифалигининг ажралмас қисми, Сомонийлар эса халифаларнинг шу вилоятлардаги ҳокимиятни бошқариш учун тайинланган волийлари ҳисобланган. Демак, Сомонийларнинг ҳукмронлиги давлатчилик сифатида эмас, балки Аббосийлар халифалигининг таркибида Боғдоддан тайинланган ва нисбатан мустақил ички сиёсат олиб борилган маҳаллий ҳукмдорлар сулоласининг ҳокимияти сифатида баҳоланиши ҳам мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |