2. Сомонийлар давлати ва ҳуқуқи .
Ўзбекистон ҳудудидаги ривожланган ўрта асрлар давлатларидан бири – сулолавий давлат – Сомонийлар давлатидир. Сомонийларнинг оилавий нисбаси, яъни номи уларнинг аждоди бўлмиш Сомонхудот исми билан боғлиқ. Сомонхудотнинг келиб чиқиши ҳақида турли хил маълумот ва фикрлар мавжуд. Абу Бакр Наршахий (10-а) ва Ҳамза Исфаҳоний (10-а) келтирган маълумотларга қараганда, Сомонхудот Балх вилоятидаги Сомон қишлоғида, ал-Муқдасий (10-а)нинг маълумотига кўра эса, у Самарқанд вилоятидаги Сомон номли қишлоқдан бўлган. “Саъдийа” номли асар (17-а)да келтирилган маълумотларга кўра, унинг асл исми Арқуқ бўлиб, у Фарғонадан Термизга кўчиб келган ва уерда Сомон номли қишлоғига асос солган.
Кўпчилик манбалар (Ҳудуд ал-олам, Ибн Ҳавқал, Беруний, Гардизий ва ҳ.к.)га кўра, Сомонхудот сосонийлар давридаги машҳур саркарда Баҳром Чўбин (6-а)нинг 4- ёки 5- поғонадаги авлоди бўлган. Баҳром чўбиннинг келиб чиқиши эфталийлар билан боғлиқ. У сосонийларга қарши қўзғолон кўтариб (590 й.) мағлубиятга учрагандан кейин Фарғонага қочиб келган ва туркий маликага уйланиб, умрининг охиригача ўша ерда қолиб кетган. Унинг авлодлари ҳам ўзларини подшолар оиласига мансуб деб ҳисоблаганлар ва Сосонийлар давлатидаги шаҳаншоҳлар олий тахтига даъво қилганлар. Сомонхудотнинг шажарасида келтирилган аждодларидан айримларининг (Жуба, Жамчан, Тамғас каби) туркий исмлар бўлган. Шуниси диққатга сазоворки, туркийларнинг ривоятларида Сомон-ябғу (яъни, Сомонхудот) туркийларнинг Ўғузхондан кейинги даврларда яшаган аждодлари қаторида тилга олинади.
Ўрта Осиёга араблар бостириб келганда, Сомонхудот, айрим маълумотларга кўра, Балх вилоятидан Марвга Хуросон амири асад ибн Абдуллоҳ ал-Қушарий (725/727 ва 735-738 й.лар)нинг олдига келиб, ундан душманларига қарши қуролли ёрдам беришни сўрайди. Араблар ёрдамида душманларини енгач, сомонхудот ислом динини қабул қилади ва ўғлининг исмини амирнинг шарафига Асад қўяди. Асаднинг нуҳ, Аҳмад, Яҳё ва Илёс исмли ўғиллари ал-Маъмуннинг Марвдаги саройида хизматда бўлган ва рофи ибн Лайс қўзғолонини бостиришда фаол қатнашган. Бунинг эвазига ал-Маъмун уларни бир неча вилоятларга амир этиб тайинлаган (819-820 й.). Хусусан, нуҳ – Самарқанд амири, Аҳмад – Фарғона амири, Яҳё – Шош ва Уструшона амири, Илёс эса Ҳирот амири этиб тайинланади. Улар дастлаб Хуросон амирлари бўлган тоҳирийларга тобе бўлган ва ҳарбий куч тўплаб, Араб халифалигининг шарқий чегараларини қўриқлаб туришган, шунингдек, шимолдаги туркларга қарши бир неча бор юришлар қилишган. Нуҳ ибн Асад Исфижобни босиб олиб (840 й.) уни ўзига тобе қилган. Шундай қилиб, ака-уканинг тўнғичи бўлган Нуҳ ибн асад Самарқанд ва Суғднинг катта қисмини, шунингдек, Фарғона ва бошқа бир неча шаҳарларни ўз ҳокимияти остида бирлаштиради. Нуҳнинг вафотидан кейин (842 й.) сулоладаги етакчилик унинг укаси Аҳмад ибн Асад оиласига ўтади. Унинг 7 та ўғли бўлиб, улар отасининг вафотидан кейин (866 й.) Мовароуннаҳрнинг асосий шаҳарларида ҳокимиятни ўз қўлларга оладилар. Фақат Бухоро шаҳри тоҳирийлар қўлида эди. Илёс ибн асад вафотидан кейин унга қарашли бўлган Ҳирот шаҳрида ҳам ҳокимият Сомонийлар қўлидан кетади. Тоҳирийлар ҳокимияти тугатилгандан кейин (873 й.) Бухорада бир муддат сиёсий беқарорлик ва тартибсизлик юз берди. Шунда Сомонийлар оиласининг бошлиғи бўлган Наср ибн Аҳмад маҳаллий деҳқонлар таклифига биноан, Бухорога укаси исмоил ибн Аҳмадни ҳоким қилиб юборади. Шундай қилиб, Бухоро ҳам Сомонийлар қўлига ўтиб, уларнинг қудрати яна ҳам ортади. Наср даврида сомоний туркларнинг Шовғар шаҳрига юриш қиладилар. Деярли бутун Ўрта Осиё ерлари уларнинг ҳокимияти остида бирлашгандан кейин оила бошлиғи Наср халифа ал-Муътамиддин Мовароуннаҳрни бошқаришга махсус ёрлиқ олди. (875 й.) Кўп ўтмай Исмоил акаси Насрга бўйсунишдан бош тортиб, унга қарши қўшин тортади. Ака-ука қўшинлари орасида бўлиб ўтган жангда (888 й.) Наср мағлубиятга учрайди ва натижада Исмоил ибн Аҳмад бутун ҳокимиятни ўз қўлига олади. У 893 йилда Тароз шаҳрига юриш қилиб уни босиб олади. Ўша йилнинг ўзида Аҳмад Уструшонадаги афшинлар сулоласининг охирги вакилларини йўқ қилади ва вилоятни буткул ўзининг ҳокимиятига бўйсундиради. Сомонийларнинг кучайиб бораётганидан хавфсираган араб халифаси Исмоилни ҳокимиятдан четлатиб, ўрнига 898 йилда Хуросон амири Амр ибн Лайс Саффорийни тайинлайди. Амир қўшин билан Мовароуннаҳрга йўл олганда, Исмоил унга қарши чиқиб, бир неча жангдан кейин уни 900 йилда мағлубиятга учратади ва натижада саффорийларга қарашли бўлган хуросонни ҳам ўз ерларига қўшиб олади. Шундай қилиб, Исмоил ибн Аҳмад ҳукмронлиги даврида Талас водийсидан Хуросонгача бўлган ерларни ўз ҳокимияти остида бирлаштиради. Исмоил ибн Аҳмад вафотидан кейин (907 й.) ҳокимият унинг авлодлари қўлига ўтади: Аҳмад ибн Исмоил (907-914), Наср ибн Аҳмад (914-943), Нуҳ ибн Наср (943-954), Абдумалик ибн Нуҳ (954-961), Мансур ибн Абдумалик (961-976), Нуҳ ибн Мансур (976-997), Мансур ибн Нуҳ (997-999), Абдумалик ибн Мансур (999-1000). Шундан кейин мамлакатдаги ҳокимият қорахонийлар сулоласининг қўлига ўтиб Сомонийлар ҳокимияти тугатилди. Сулоланинг охирги вакили Исмоил ал Мунтасир (1000-1005 й.лар) қорахонийлар сулоласига қарши кураш олиб бориб, Сомонийлар ҳокимиятини тиклашга уринди, лекин натижа бўлмади ва охири ўзи ҳам ўлдирилди. Шу билан сомонийлар сулоласи тарих саҳнасидан бутунлай кетди.
Do'stlaringiz bilan baham: |