Ғарбий Қорахонийлар давлати.
Юқорида таъкидлаганимиздек Ғарбий Қорахонийлар Мовароуннаҳр ва Хўжандгача Ғарбий Фарғонани ўз ичига олган эди. Буюк ҳоқоннинг пойтахти дастлаб Ўзган, кейинчалик Самарқанд бўлган.
Ушбу давлатнинг биринчи ҳукмдори I. Муҳаммадхон 1052 йилда вафот этганидан сўнг унинг ўрнига укаси Ўртоқ Ҳоқон Иззул-умма Абу Ишик Иброҳим Тавғочхон келади. Товғач Иброҳимхон, Шарқий Қорахонийлардан Шош, Илак каби чегара шаҳарлари билан Фарғонанинг бир қисмини қўлга киритади. Иброҳимхон олим, адолатли ҳукмдор бўлган. Давлатнинг бошқаруви учун лозим бўлган қонунлар чиқарган, ўғирликни батамом бартараф қилган. Халқнинг манфаатини ҳимоя қилиб, бозорларни тартибга солган. Олимларнинг суҳбатларида қатнашган ва уларнинг фикрларини ўрганиб қонунлар чиқарган.
Иброҳимхондан кейин ўғли Шамсул-Мулк Наср ҳукмдор бўлади. 1080 йилда Насрнинг вафотидан кейин ўғли Абу Шужа Хизир тахтга ўтиради. Хизирхонинг ҳукмронлиги бир йилга яқин давом этади. Унинг ўрнини эгаллаган Аҳмадхон даврида уламо билан ҳукмдор ўртасида келишмовчилик келиб чиқиши натижасида Салжуқийлар султони Маликшоҳ, дастлаб Бухорони, кейинчалик Самарқандни ишғол қилади ва Аҳмадхонни Ўзганда асир олиб Исфахонга олиб кетади. Бунинг натижасида, Қорахонийлар қўшинининг асосини ташкил қилган чигил қабиласининг ҳарбий бошлиғи Ёқуб бин Сулаймон Самарқандга чақирилди ва ҳукмдор деб эълон қилинди. Буни кузатиб турган Маликшоҳ иккинчи маротаба Самарқандга юриш қилиб Қорахонийлар давлатини Салжуқийларга тобе ҳолатига келтиради.
Қорахоний ҳукмдорларидан Биринчи Масуддан кейин Салжуқийлар султони Беркяруқ олдинма - кейин учта ҳоқонни тайинлайди. Буларнинг учунчиси бўлган Жаброилхон Салжуқийлар шаҳзодалари ўртасидаги тахт талашларидан фойдаланиб, Хуросонни қўлга киришга ҳаракат қилади. Ўша вақтларда Хуросан ҳокими бўлган Султон Санжар Термиз шаҳри учун олиб борилган жангда ғалаба қозонади ва Жаброилхонни асир тушириб 1102 йилда қатл эттиради.
Ушбу ғалабадан кейин Султон Санжар, Мовароуннаҳрни қайтадан сиёсий бошқарувини ташкил қилади. Қорахонийлар сулоласидан бўлган, Салжуқийлар саройида тарбияланган жияни Муҳаммад бин Сулаймонни Арслон хон унвони билан Самарқандда буюк ҳоқон деб эълон қилади. Тоғаси Султон Санжарнинг кўмагида исёнларни бостирган II. Муҳаммадхон душманларига қарши юришлар қилади. II. Муҳаммадхоннинг ички исёнларни бостириш учун олдинига Султон Санжардан ёрдам сўраб, кейинчалик келаётган ёрдамдан воз кечишидан жаҳли чиққан Султон Санжар 1130 йилда Самарқандга келади ва Муҳаммадхонни Марвга олиб кетади. Муҳаммадхон 1132 йили ўша ерда вафот этади.
Султон Санжар, Муҳаммадхоннинг ўлимидан кейин навбати билан Ғарбий Қорахонийлар ҳукмдорлигига Абул-Меали ал-Ҳасан бин Али, Абу Музаффар Иброҳим бин Сулаймон ва Маҳмуд бин Муҳаммадни тайинлайди. II. Маҳмудхон, Қорахитойлар билан 1137 йилда Хўжанд яқинида бўлиб ўтган жангда мағлубиятга учрайди ва Самарқандга чекинади. Қарлуқлар билан мамлакат ичкарисдаги келишмовчилик натижасида Султон Санжардан ёрдам сўраганида, қарлуқлар ҳам Қорахитойларга мурожаат қилишади. Султон Санжар ва II. Маҳмудхон, 1141 йил 8 июлда Катавон жангида Қорахитойларга енгилиб, Хуросанга чекинади. Қорахитойлар Мовароуннаҳрни эгаллаши натижасида Маҳмудхоннинг укаси Ўртоқ Ҳоқон Товғоч Буғрохон Иброҳим бин Муҳаммадни Буюк Ҳоқон деб эълон қилади. III. Иброҳимхон, Қарлуқлар билан келишмай қолиши натижасида Бухоро яқинидаги Каллабоз жангида ўлдирилади. Унинг ўрнига ўтирган ўғли Маҳмудхон Хуросонга чекинади ва умрининг охиригача ўша ерда қолади. Умуман келиб чиққан ички ва ташқи низолар натижасида Ғарбий Қорахонийларда ҳокимият Али Тегиннинг авлодларига ўтади.
III. Иброҳимга тахт вориси бўлган Али Тегин хонадонидан Али бин Ҳасан, қарлуқлуқларга қарши курашиб, уларнинг раислари Пайгухонни ўлдиради. Алихоннинг 1160 йилда вафотидан кейин 1004 йилгача иккита хон алмашади. 2004 йилда Усмонхон буюк ҳоқон бўлади ва Қорахитойларга қарши Муҳаммад Хоразмшоҳ билан иттифоқ тузади. Муҳаммад Хоразмшоҳ қизига уйланган Усмонхон одат ҳуқуқига кўра бир йил Хоразмда қолади. 1211 йилда Самарқандга қайтган Усмонхон Қорахитойлар билан иттифоқ тузиши Хоразмшоҳнинг Мовароуннаҳрни ишғол қилишига сабаба бўлади. Асир олинган Усмонхон 1212 йилда қатл қилиниши натижасида Ғарбий Қорахонийлар давлати тугатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |