Мақолада иқтисодчи олимлар ва жаҳондаги йирик рейтинг агентликларининг мамлакат кредит рейтингини ҳисоблаш усуллари ва методологияларидин фойдаланилган. Шунингдек, қиёсий, иқтисодий-статистик ва мантиқий таҳлиллар, гуруҳлаш, кузатув, анализ ва синтез усуллари қўлланилган.
Суверен кредит рейтинги мамлакат ёки мустақил ташкилотларга бериладиган махсус рейтинг бўлиб, инвесторларга маълум бир мамлакат иқтисодиётига киритган сармояларини қайтариб олиш эҳтимолини ёки унга таъсир қилувчи омиллар хавф- хатарларини, шунингдек ҳукуматнинг давлат қарзини ва қарз учун фоиз тўловларини ўз вақтида тўлаш қобилиятини ва қанчалик даражада қарзларни тўлашга тайёрлигини баҳоловчи кўрсаткичдир. Мамлакатнинг суверен кредит рейтинги унинг қарз олиш қобилиятига сезиларли таъсир кўрсатиши, яъни у ҳукумат томонидан чиқарилган ҳар қандай облигациялар фоиз тўловларини қандай даражада бўлишига салбий ёки ижобий таъсир қилиши мумкин. Мамлакатнинг сўровига биноан кредит рейтинг агентлари рейтинг бериш учун унинг иқтисодий ва сиёсий муҳитига баҳо беради. Юқори суверен кредит рейтингини олиш, одатда халқаро облигация бозорларидан маблағ жалб қилишни истаган ривожланаётган мамлакатлар учун жуда муҳимдир.
Бугунги кунда дунёда 150 дан зиёд рейтинг агентликлари фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг энг йириклари Standard & Poor’s (S&P), Moody’s ва Fitch Ratings рейтинг агентликларидир.
Суверен кредит рейтинг агентликлари ташқи агентлик сифатида мамлакатлар иқтисодиётини холисона баҳолаб, давлатнинг иқтисодий ва молиявий ҳолатини қандай даражада эканлигини баҳолаб беради. Мамлакатнинг кредит рейтинги қанчалик юқори бўлса, хорижий инвесторлар учун шунчалик жозибадор бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ҳажми ошишига хизмат қилади. Шунингдек, халқаро молия бозорларида давлат ёки шу давлатда жойлашган корхоналар томонидан жойлаштирилган облигацияларнинг паст фоизларда сотиш имкониятини беради.
Standart&Poor’s Global Rating агентлиги бугунги кунда 26 та мамлакатда фаолият олиб боради. S&P бутун дунё бозор капиталлашувининг 99% ни қамраб оладиган, йилига 135 млрд АҚШ доллари атрофида молиявий маълумотларни чуқур таҳлил қилган ҳолда эмитетларнинг рейтингини баҳолайди. S&P рейтинг агентлиги назорат қилиш, ахборотлар тўплаш, уларни тартибга солиш ва шулар асосида башорат қилиш каби бир қатор функцияларини бажаради.
Moody’s рейтинг агентлиги хусусий ва давлат ташкилотлари томонидан чиқарилган облигациялар бўйича халқаро молиявий рейтинг кўрсаткичларини баҳолайди. Moody’s рейтинг агентлиги банклар ва бошқа молия институтлари учун жаҳон капитал бозорида маълум бир қимматли қоғозларнинг кредит рискларини баҳолашда муҳим роль ўйнайди. Moody’s томонидан чиқарилган рейтинг баҳолари инвесторлар ва бизнес сфераси учун молиявий қарорларни қабул қилишида асос жуда муҳим маълумот бўлиб хизмат қилади. Moody’s катта ҳажмли ахборот ресурслари ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда инвесторларни дунё бозорларида ишончли ҳаракат қилишлари учун етарлича маълимот билан таъминлашга ёрдам беради.
Fitch ретинги агентлиги банклар, давлатлар ва компанияларнинг молиявий ҳолатини чуқур таҳлил қилган ҳолда уларнинг кредит рейтингларини аниқлайди. Fitch рейтинглари эмитентларнинг молиявий мажбуриятлари бўйича фоизларни тўлаш қобилиятини баҳолайди. Инвесторлар Fitch кредит рейтинг маълумотларига асосланиб қарор қабул қиладилар, чунки улар киритаётган сармояларини қайтиш эҳтимоллигини амалдаги шартларда сармоянинг қайтарилишини башорат қилади. Рейтинг агентлиги корпорациялар, суғурта ва молия ташкилотлари, банклар шунингдек, давлат молия органлари ва шу каби эмитентлар томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар ва бошқа мажбуриятларни ҳам баҳолайди.
Standard & Poor’s (S&P), Moody’s Fitch Ratings ва бошқа рейтинг агентликлари ўзлари ишлаб чиққан метод асосида мавжуд бўлган ахборотлардан фойдаланиб 100 дан ортиқ индикаторлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширади. Натижалар бирлаштирилиб суверен кредит рейтинг кўрсаткичлари аниқланади ва махсус ҳарфлар, сонлар ва плюс (+), минус(-) ишоралари ёрдамида ифодаланади.
Шунингдек, рейтинг агентликлари томонидан рейтингни амал қилиш муддатига қараб узоқ ва қисқа муддатли рейтингларга ажратилади (1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |