Инкорни-инкор. Инкорни-инкор қонунининг моҳияти нимадан иборат? Айни бир атама бундай кетма-кет қўлланилишининг маъноси нимада? Инкор категорияси ривожланаётган объект тарихидаги бир лаҳзанигина тавсифлайди. Битта инкор ҳаракати ўзгариш қайси йўналишда юз бераётгани, олдинги ва кейинги воқеалар оқимида у қандай аҳамиятга эга эканлигини, юз берган воқеанинг мазмунини аниқлаш учун доим ҳам имконият яратавермайди. Бошқача айтганда, инкорни-инкор тушунчаси ривожланиш жараёнининг муҳим хусусиятларини аниқлаш имконини беради.
«Инкор» ва «инкорни-инкор» категориялари диалектикага Гегель томонидан киритилган бўлиб, айни шу мутафаккирнинг саъй-ҳаракатлари билан улар умумий фалсафий категориялар мақомини олган. Инкор ва инкорни-инкор категорияларидан Гегель ривожланишнинг ўзига хос хусусиятларини ёритиш воситаси сифатида фойдаланган. Гегель, шунингдек унинг ўтмишдошлари ва издошлари кўрсатиб берган баъзи бир ўзига хос хусусиятларни кўриб чиқамиз.
Биринчидан, инкорни-инкор ривожланиш йўналишини кўриш учун имконият яратади. Мазкур ҳодиса тараққиёт ёки таназзул аломати эканлигини бир инкор ҳаракатининг ўзидан аниқлаш мушкул. Шу боис, масалан, қабул қилинган муайян қонун, сайлов натижалари ва шу кабилар ҳақида хулоса чиқаришга шошилмаслик керак.
Иккинчидан, инкорни-инкор ривожланиш шаклининг тавсифи бўлиб хизмат қилади. Маълумки, Гегелнинг диалектика тизимида ривожланиш мантиқий зиддиятнинг юзага келиши ва унинг бартараф этилиши сифатида тавсифланади. Бу жараён «тезис – антитезис – синтез» формуласига мувофиқ юз беради. Диалектика контекстида ривожланишнинг уч босқичи ижтимоий ва табиий тизимлар ривожланишининг кўп сонли сценарийларидан бири сифатида намоён бўлади. Аммо Гегель қайд этган ривожланишнинг цикллиги, унинг чизиқсизлиги табиат ва жамиятда жараёнлар кечишининг анча кенг тарқалган шакли ҳисобланади.
Учинчидан, табиий ва ижтимоий циклларда ривожланиш ҳам, таназзул ҳам бўлмаслиги мумкин: ўзгариш айланма ҳаракат қилади. Инкорни-инкорда ривожланиш қуйи босқичининг ўзига хос хусусиятлари юқорироқ босқичда такрорланиши юз беради. Аввалги ҳолатларга қайтиш имконияти, яъни ўтилган ҳолатларнинг айрим хоссалари ривожланишнинг юқорироқ босқичида такрорланиши билиш ва тарихнинг ривожланишини тушуниш учун ўз аҳамиятини сақлаб қолади. Демак, инкор ривожланишни янги сифат пайдо бўлишига олиб келадиган аниқ йўналтирилган, қайтмас ўзгариш сифатида тавсифланади.
Шаклан ривожланишбир чизиқли ҳам, айланма ҳам эмас, балки ранг-барангроқ ва мураккаброқ, чунончи: бир чизиқли ва кўп чизиқли, тўғри чизиқли ва зигзагсимон, умумий ва хусусий, уйғун ва ноуйғундир.
Йўналиш жиҳатидан ривожланишпрогрессив ва регрессив бўлади. Ривожланиш тизим айрим элементларининг таназзули билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бутун тизим таназзулга учраши, унинг айрим элементлари эса тараққий этиши мумкин эмас. Объектга нисбатан ташқи кучлар таъсирида юз бериши мумкин бўлган ҳаракатдан фарқли ўлароқ, ривожланиш ўз-ўзидан ҳаракат, ички жараён бўлиб, зиддият, бир-бирини истисно этувчи томонлар, тенденциялар унинг манбаи ҳисобланади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Гегель фалсафасида ривожланиш тушунчаси инкор ва инкорни-инкор категорияларида ёритилади. Мазкур терминология мутафаккирнинг мантиқ тизими негизига айлантирилган объектив-идеалистик фалсафаси контекстида тасодифий бир ҳол эмас. Аввал «инкор» категориясининг мазмунини аниқлаймиз. Инкор нима? Унга икки хил – метафизик ва диалектик муносабат мавжуд.
Метафизик «инкор» асосий эътиборни эскининг йўқ бўлишига қаратади, янгининг сақланиши ва уни яратиш жараёнларини деярли эътиборга олмайди. Шундай қилиб, метафизик инкор - инкор қилиш рад этиш, йўқ қилишни англатади.
Диалектик инкор эски сифатдан янги сифатга ўтиш бўлиб, бунда эски сифатнинг муайян томонлари, мазмуни ва функциясининг элементлари ўзгарган кўринишда янги сифатга ўтади. Диалектик инкор – бу нарсани бутунлай йўқ қилиш эмас, балки эски сифатнинг баъзи бир жиҳатларини сақлаган ва ўзгартирган ҳолда уни янги нарсага айлантиришдир. У янги ва эски сифат ўртасида алоқа мавжудлигидан далолат беради. Диалектик инкор уч муҳим жиҳат билан тавсифланади:
1) эскини вайрон қилиш, бузиш;
2) эскининг элементларини сақлаш (ворисийлик);
3) янгини яратиш, тузиш.
Биз инкор категорияси метафизик ва диалектик талқинининг моҳиятини аниқладик. Энди қўш инкор нимадан иборат эканлигини кўриб чиқамиз.
«Қўшинкорни - инкор» да ривожланиш жараёни эски сифатни инкор қилишдан бошланади, уни эса орадан маълум вақт ўтгач янги сифат инкор этади. Аммо ривожланиш қандай юз беради? Тўғри (юксалиб борувчи) чизиқ бўйлабми ёки эгри чизиқ бўйлабми? Бу масала қуруқ гап эмас, балки у муҳим аҳамиятга эга. Чунки ривожланиш жараёнида эски ва янгининг алоқаси бўлмаганда, ворисийлик ҳам бўлмасди, эски бутунлай йўқ бўлар, ривожланишни график кўринишда янги эскидан фарқ қиладиган, эски эса янгида такрорланмайдиган тўғри (юксалиб борувчи) чизиқ сифатида тасвирлаш мумкин бўларди. Бироқ амалда янгида эски сақланади, унинг элементлари янгида такрорланади. Аммо бу такрорланиш юқорироқ даражада юз беради. Эскининг жиҳатлари, элементлари юқорироқ асосда такрорланиши биз муҳокама қилаётган қонуннинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Бундан қонуннинг бошқа бир хусусияти келиб чиқади. Ҳамонки эскининг олий асосда қайтарилиши мавжуд экан, ривожланиш тўғри чизиқ бўйлаб эмас, балки спиралсимон чизиқ бўйлаб юз бериши, циклдан-циклга эскига яқинлашиши (чунки такрорланиб туришлик мавжуд) ва ундан узоқлашиб бориши (чунки бу янги) аён бўлади.
Нима учун бу такрорланиб туришлик муқаррар?
Гап шундаки, инкор зиддият билан узвий боғлиқ, у мазкур зиддиятнинг ечилиши билан белгиланади. Ўзига хос зиддият билан вужудга келган ҳар қандай янги нарсани олайлик. Зиддиятнинг ривожланиш жараёнида нарса ўзининг қарама-қаршилигига айланади. Аммо инкорнинг мазкур босқичида дастлабки нарсада мужассамлашган зиддият фақат қисман ечилади. Бу тўлиқсизлик нарса ўзини инкор қилишда давом этишини белгилайди. Биринчи инкор ўрнига иккинчи инкор келади ва иккинчи нарсага қарама-қарши бўлган янги, учинчи нарса вужудга келади, у иккинчи нарсанинг инкори, яъни биринчи нарсанинг инкорининг инкори ҳисобланади. Иккинчи инкор босқичида биринчи нарсага хос бўлган зиддият тўла ечилади.
Қўш инкор натижасида, дастлабки нуқтага қайтилиши билан ривожланишнинг юқорироқ даражасига эришилади, ривожланишнинг бошланғич, лекин бойитилган шакли тикланади. Ривожланиш чизиғи гўё «спирал ўрами» айланасини ташкил этади, лекин унинг боши охири билан туташмайди. Шундай қилиб, ривожланиш ҳаракатнинг босқичма-босқичлиги ва цикллилиги жиҳатларини ўзида бирлаштиради. Бу қоида ҳам умумий аҳамият касб этади. У атроф борлиқнинг барча нарсалари ва ҳодисаларига нисбатан ўринли, яъни диалектика қонуни кучига эга. У қуйидагича таърифланади.
Инкорни-инкор қонуни – бу шундай бир қонунки, унга мувофиқ ривожланиш жараёни янгининг эскини диалектик инкор этиш чексиз занжиридан иборат бўлади, бунда ривожланиш аввалги босқичларининг барча муҳим жиҳатлари янгида сақланади ва умуман бу жараён ҳужумкор, юксалиб борувчи йўналишга эга бўлади. Айни вақтда ривожланиш жараёнида унинг олий босқичларида аввалги босқичларнинг айрим жиҳатлари ва томонлари сифат жиҳатидан янгича асосда такрорланади ва айни ҳол тўғри чизиқ, туташ доира бўйлаб эмас, балки спиралга яқинлашувчи эгри чизиқ бўйлаб юксалишни белгилайди. Ҳаракатнинг спиралсимонлиги рвожланишнинг цикллигини акс эттиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |