Миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига ўтиши қонуни. Ҳодисаларга макон-вақт мезони нуқтаи назаридан тавсиф бериш жараёнида «қаерда?» ва «қачон?» саволлари биринчи ўринга чиқади. Уларни билишга нисбатан бошқа бир ёндашув «нима?» саволи билан боғлиқ. Маълум жойда ва маълум вақтда мавжуд бўлган мазкур ҳодиса нимадан иборат? У қандай хоссалар билан тавсифланади? Бошқа ҳодисалардан унинг фарқи нимада ва қай жиҳатдан уларга ўхшаш? Бундай саволларга жавоб ҳодисаларни сифат ва миқдоржиҳатидан тавсифлаш орқали берилади. Мазкур тавсиф предмети сифат ва миқдор категориялари билан ифодаланади. Энг синчков таҳлил ҳам ҳодисада сифат ёки миқдор жиҳатидан тавсифлаш мумкин бўлмаган нарсани аниқлаш имконини бермайди. Бинобарин, сифат ва миқдор – ҳодисанинг қолдиқсиз «парчаланувчи» икки томонидир.
Миқдор ва сифат ўзгаришларининг бир-бирига ўтиши қонуни ривожланиш жараёнининг механизмини ёритади, у қай тарзда ва қандай шаклларда амалга оширилишини кўрсатади. Бу қонуннинг хусусиятини, у қандай намоён бўлиши ва амал қилишини аниқлаш учун унинг асосий тушунчалари: сифат, миқдор, меъёр, сакрашнинг мазмунини ёритиш талаб этилади.
Сифат нарсаларга хос ва уларнинг борлиғи билан айний бўлган ҳамда уларни муайян алоқалар тизимидаги бошқа нарсалардан фарқлаш имконини берадиган ўзига хос хусусиятни акс эттиради. Нарсаларнинг сифати уларнинг чеклилиги билан уйғун боғлиқ, зеро мазкур сифат йўқ бўлиши билан нарсанинг ўзи ҳам йўқ бўлади, у бошқа нарсага айланади. Сифат – нарсанинг ички хусусияти, предметни мазкур жиҳатдан фарқлаш учун зарур ва етарли бўлган хоссалар мажмуи. Сифат – хоссаларнинг оддий мажмуи эмас, балки уларнинг муайян яхлитликдан ўрин олган ва предметнинг алоҳида моҳият сифатида мавжудлигини белгиловчи тизимидир. Предметларнинг муносабатлари ва алоқаларининг ранг-баранглиги айни бир предметда қарама-қарши хоссалар ва сифатлар мавжудлигини изоҳлайди. Бир жиҳатдан енгил нарса бошқа бир жиҳатдан оғир бўлади, бир алоқада оқ нарса бошқа бир алоқада қора бўлади ва ҳ.к. Масалан, сув ва буғ бир-биридан сифат жиҳатидан фарқ қиладими ёки миқдор жиҳатиданми? Модданинг агрегат ҳолатини таққослайдиган бўлсак, сув ва буғ сифат жиҳатидан фарқ қилади. Таққослаш сув ва буғнинг кимёвий таркибини аниқлашни назарда тутса, уларнинг ўртасида миқдорий фарқ мавжуд бўлади. Аммо ҳар қандай нарса бир жиҳатдан битта сифатга ва турли жиҳатлардан кўплаб сифатларга эга бўлади
Хосса-предметнинг жиҳати бўлиб, унинг бошқа предметлардан фарқи ёки улар билан ўхшашлигини белгилайди ва улар билан ўзаро алоқада намоён бўлади. Хоссалар муҳим ва иккинчи даражали бўлиши мумкин. Муҳим хоссалар предметнинг сифатини белгилайди. Уларнинг йўқолиши моҳиятини мазкур хоссалар ташкил этган предметнинг ҳам йўқолишини англатади. Иккинчи даражали хоссалар ўзлаштирилиши ёки предметнинг сифатини ўзгартирмасдан йўқолиши мумкин. Ҳар қандай хосса (температура, ҳажм, энергия ва ш.к.) муайян миқдор ва сифатга эга бўлади. Ҳар қандай предмет ўзининг мавжудлигини белгиловчи барча хоссалар мажмуидир.
Миқдор-предмет муайян хоссасининг намоён бўлиши, интенсивлиги даражаси.Барча нарсалар, жараёнлар, ҳодисалар сифат билан бир қаторда муайян миқдорга ҳам эга. Улар муқаррар тарзда муайян ўлчам, ҳажм, масса ва шу кабилар билан тавсифланади. У сифат жиҳатидан ўхшаш хоссалар ёки бутуннинг қисмларини таққослаш йўли билан аниқланади. Миқдорий муносабатлар сифатга боғланмасдан аниқланиши мумкин. Шунингдек, миқдор турли предметларнинг айрим умумий хоссаси сифатида, предметларни сифат жиҳатидан тенглаштиради. Шу маънода миқдор сифатнинг зиддидир. Аммо предметнинг сифат хусусиятини мавҳумлаштириш сифат жиҳатидан ҳар хил тузилмаларни ўрганишга тадқиқотнинг миқдорий методларини жалб қилиш имконини беради. Масалан, ўлчаш таққослашнинг ўрганилаётган объектнинг миқдор кўрсаткичларини аниқловчи айрим кўриниши сифатида, сифат ҳақида аниқроқ хулоса чиқариш имконини беради. Математикада миқдорий муносабатлар сон, қиймат, функция, тўплам тушунчаларида ифодаланади. Ҳозирги замон фани математик аппаратдан фойдаланиб, микродунёнинг теран қатламларига киради, Оламнинг чексиз маконларини тадқиқ этади. Математика табиат ва жамиятни ўрганишнинг самарали воситаларидан бирига айланган.
Ҳар қандай предмет миқдор ва сифат қарама-қаршиликларининг муайян синтезидир. Унинг борлиғи объектга хос бўлган муҳим хоссаларни сақлашни назарда тутади. Оламнинг кўп сифатлилиги унинг элементлари нисбатан барқарорлиги ва мустақиллиги билан таъминланади. Аммо олам, шу жумладан ҳар қандай предмет муттасил ўзгаришда бўлади. Ҳеч нарса боқий эмас. Бутун борлиқ қачондир пайдо бўлган ва қачондир ҳалок бўлади. Дунё ўзгаради ва айни замонда ўзлигини сақлаб қолади, ўз-ўзига нисбатан айний бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |