Белгилари. Шартли равишда касалликнинг уч босқичи фарқланади. Биринчи босқичида тери қопламаси ва туёқлар ялтироқлигининг пасайиши, иштаҳанинг ёмонлашиши ва ўзгариши, маҳсулдорликнинг камайиши қайд этилади. Ҳайвонларда лизуха кузатилиб, бир - бирини, охирлар ва деворларни ялайди, тўшамаларни ейиши мумкин. Бу босқичда қўзғалувчанлик кучайиб, мускуллар таранглашади. Шиллиқ пардалар оқаради, иккиламчи остеодистрофияда эса кучсиз сарғайиши мумкин. Кавш қайтариш сийраклашган, истар - истамас, ошқозон оли бўлимларининг гипотонияси, баъзан қатқориннинг қотиши, деворларни ялаши оқибатида ич кетиши қайд этилиши мумкин. Тана ҳарорати меъёрлар чегарасида бўлиб, клиник ва қоннинг лаборатор кўрсатгичларда айтарлик ўзгаришлар кузатилмайди.
Касалликнинг иккинчи босқичида суяк тизимининг ҳамда тоғай ва мускулларнинг жароҳатланиш белгилари пайдо бўлади. Ҳаракат ва ўрнидан туриш пайтида оғриқ сезиш, оқсаш, букчайиб туриш ҳолати қайд этилади. Суякларнинг минералсизланиши оқибатида умутрқа поғонаси қийшаяди, охирги қовуралар чўкади ва юпқалашади, охирги дум умуртқалари ингичкалашади ва сўрилади. Кўрак суягининг юпқалашиши, кесувчи тишларнинг қимирлаши, бўғинларнинг катталашиши қайд этилади. Айниқса алиментар остеодистрофия пайтида лизуха кучаяди. Касал ҳайвон ёғоч, таёқлар, резинка, целофан кабиларни ютишга ҳаракат қилади, тушамаларни иштаҳа билан истеъмол қилади. Семизлик даражаси ва маҳсулдорлик кескин пасаяди. Кўпинча суякларнинг синиши қайд этилади. Кўкрак қафаси деформацияга учрайди. Мускулларнинг қотиши, клоник ва тоник қалтироқ, айрим ҳолларда мускуллар фалажи, юрак уриши сонининг бир дақиқада 60-80, нафас сонининг 40 мартагача етиши, катта қорин девори ҳаракатининг 2 дақиқада 3 мартадан ошмаслиги характерли бўлади.
Касалликнинг учинчи босқичи суякларнинг жиддий ўзгаришлари, гавданинг букчайиб туриши, оёқларнинг қийшайиши, лордоз ёки кифоз, кучли ориқлаш характерли бўлади. Касал ҳайвон кўпинча ётади, ўрнидан қийинчилик билан туради, секин ҳаракатланади. Лизуха кучаяди, семизлик ва маҳсулдорлик кескин пасаяди. Остеосклероз ривожланишида умуртқа поғонаси кам ҳарактчан бўлади.
Алиментар остеодистрофиянинг иккинчи босқичида қондаги гемоглобин миқдорининг, эритроцитлар ва лейкоцитлар сонининг, умумий ва ионлашган кальций, анорганик фосфор миқдорининг кучли даражада камайиши ва ишқорий фосфатаза ферменти фаоллигининг ортиши қайд этилади.
Ташхис. Рационлар таҳлил қилинади, унинг таркиби, ҳайвонларнинг асосий озиқавий элементлар, биологик фаол моддаларга бўлган эҳтиёжларининг қондирилиши, кальций-фосфор нисбатлари аниқланади.
Касалликни эртачи диагностика қилиш учун И.Г.Шарабрин усули С.А.Ивановский модификацияси билан бешинчи дум умуртқасида рентгенофото-метрия, катта кадрли флюрография, ультратовушли эхоостеометрия каби усуллар билан суякларнинг зичлиги ва минералланиш даражаси аниқланади. Алиментар, иккиламчи ва энзоотик остеодистрофияларни бир - биридан фарқлаш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |