Машғулотнинг мақсади: талабаларга касал ҳайвонларни даволашда электротерапевтик асбоблардан фойдаланиш қоидаларини ўргатиш.
Керакли жиҳоз, реактив ва асбоб-ускуналар: жадваллар, Слайдлар, АГН-2 гальваник аппарати, Искра-1 аппарати, диатермик аппарат, УЮЧ-аппарати, касал ҳайвонлар.
Машғулотнинг бориши: Электротерапия деб даволашда электр токидан фойдаланишга айтилади. Бунинг учун кичик кучланишли ҳамда паст частотали (гальванотерапия, электрофорез), юқори кучланишли ва катта частотали (дарсонваллаш, индуктотермия), импульсли (фарадийлаш) электр токлари ва ультра юқори частотали электромагнит тўлқинлардан (УЮЧ терапия) фойдаланилади.
Маълумки, ҳайвон танаси электр энергиясининг манбаи ва электр токини ўтказувчи бўлиб ҳисобланади. Чунки ҳайвон танасининг 80 фоизга яқин қисмини сув ва ўзидан электр токини яхши ўтказадиган натрий, калий, кальций, магний, фосфор, темир каби элементлар ташкил этади. Бундан ташқари, тўқималардаги кристаллоидлар ва биоколлоидлар ҳам электр токининг ўтишига ёрдам беради.
Ўзидан электр токини ўтказувчи эритмаларга «электролитлар» дейилади. Электролит молекулалари парчаланганда мусбат (катионлар) ва манфий (катионлар) зарядланган ионлар ҳосил бўлади. Коллоид эритмалардаги коллоид доначалари нейтрал бўлиб, электр токининг таъсирида у ёки бу зарядли ионларни ўзига бириктириб олиши мумкин ва бириктириб олинган ионнинг зарядига кўра улар қарама-қарши зарядли электродга томон ҳаракат қилади. Ионларнинг катодга қараб ҳаракатига катофорез, анод томонга силжишига анофорез деб аталади. Бу жараёнлар биргаликда электроосмос деб юритилади. Электроосмоснинг электролиздан фарқи шундаки, агар элекролизда эриган модданинг парчаланиши ва уларнинг электролитларда нейтрал атомлар ҳолида чўкиши оқибатида эритмалар кимёвий ўзгаришларга учраса, электроосмосда эса фақат бутун бир нейтрал (диссоциацияга учрамаган) молекулаларнинг механик жой ўзгартириши содир бўлади.
Гальванотерапия деб паст кучланишли (30-80 В) ва кичик ток кучига (50 мА гача) эга бўлган электр токи билан даволашга айтилади.
Гальваник ток аккумуляторлар, ўзгармас ток динамлари ёки ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантириб берадиган бошқа асбоблар ёрдамида ҳосил қилинади.
Гальваник токнинг организмга таъсири қуйидагича бўлади: тери ҳамда шиллиқ пардалардаги рецепторларни қитиқлайди, электролиз, электрофорез (анофорез, катофорез), иссиқлик эффекти намоён бўлади. Ток кучи катталаша борган сари тўқималарнинг қалтираши ва кейинчалик, оғриқ сезиш намоён бўлади. Гальваник ток берувчи аппарат электродларнинг гавдани қайси жойига қўйилганлигига қараб ўша жойдаги чуқур жойлашган аъзолар тўқималарига таъсирот берилади ва оқибатда моддалар алмашинуви ҳамда тўқималарнинг функционал хусусиятлари ўзгара бошлайди.
Таъсиротларга жавоб реакцияси сифатида тери капиллярлари кенгаяди, физиологик фаолликка эга бўлган янги моддалар (гистаминлар) пайдо бўлади. Бу ўзгаришлар нафақат терида, балки чуқур жойлашган аъзоларда ҳам юз беради. Масалан, бир валентли металл ионларининг катод атрофида тўпланиши ҳужайра мембранаси юзасининг бўшаши ва унинг ўтказувчанлик қобилиятининг ортишига олиб келади. Икки валентли кальций ионларининг анод атрофида тўпланиши натижасида ҳужайра пўстлоғи қотади ва таъсирланиш даражаси пасаяди.
Гальванотерапия оқибатида моддалар алмашинуви, тўқималарнинг ўсиши ва қайта тикланиши, оғриқнинг пасайиши, фаол гиперемия, безлар секрециясининг кучайиши намоён бўлади. Диссоцияланиш жараёни тезлашади, суюқ ва коллоид заррачаларнинг тўқима девори орқали ҳаракати (электроосмос) кучаяди. Бу мураккаб жараёнлар натижасида тўқималараро моддалар алмашинуви ҳамда патологик суюқлик ва чиқиндиларнинг сўрилиб кетиши тезлашади.
Гальванотерапиядан фалаж ва ярим фалажлар, невралгия, буғин ва мускулларнинг ревматик ва травматик яллиғланишлари, қулоқ олди ва қалқонсимон безларнинг шамоллашлари, гайморит ва фронтитларни даволашда фойдаланилади.
Ветеринария амалиётида гальванотерапия учун АГН-1 ва АГН-2 аппаратлари ишлатилади. Бу аппаратлар электрод пластинкасининг 1 см2 юзасида 0,3-0,5 мА ток кучига эга бўлган электр токи ҳосил бўлади. Аппаратнинг иккита электроди, гидрофил чунтакчалари ва ўтказгичлари бўлади. Электроднинг пластинкалари қурғошиндан тайёрланиб, кичик ўлчамли электрод пластинкаси фаол, катта ўлчамли электрод пластинкаси пассив электрод ҳисобланади.
Аппаратни ишлатишдан олдин тери юзаси жунлардан тозаланиб, гидрофил чунтакчалар 1-2%-ли натрий хлорид ёки натрий сульфат эритмалари билан намланади. Электродлар халтачаларга солиниб, резина бинтлар ёрдамида ҳайвон танасига маҳкамланади.
Фаол электроднинг қутбини аниқлашда уларнинг хусусиятлари эътиборга олинади. Оғриқни пасайтириш ёки тинчлантириш учун фаол электрод анодга уланади. Тўқималарнинг таъсирланиш даражасини ошириш ва патологик шишларнинг қайта сўрилишини тезлаштириш учун эса фаол электрод катодга уланади. Патенциометр ёрдамида ток кучи ошира борилади. Фаол электроднинг юзаси 100 см2 бўлса 50 мА гача (0,3-0,5х100) ток берилади. 20-60 дақиқадан жами 20-30 муолажа тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |