Туқима препаратлари билан даволаш бугунги кунда энг кўп қўлланилаётган носпецифик стимуллаш усулларидан ҳисобланади. Бу усул ҳайвонот ёки ўсимлик тўқималарини консервация қилиш йўли билан олинган препаратларини профилактик ва даволаш мақсадида организмга юборишга асосланган.
Диетотерапия - даволаш мақсадида озиқалантириш бўлиб, махсус озиқлантириш орқали патогенетик жараённи тугатишга қаратилгандир. Диетотерапия ҳайвонлар тури, зоти, ёши ва маҳсулдорлигини, ишлаб чиқариш технологияси ва алоҳида патологияни ҳисобга олган ҳолда олиб борилади.
Парҳез озиқа сифатида енгил ҳазмланадиган, оқсиллар, углеводлар, витамин ва минералларга бой ва яхши сифатли озиқалар танланади. Парҳез озиқалар макро- ва микроэлементлар тузлари ҳамда витаминлар билан бойитилади. Яхши ҳазмланиши учун озиқаларга майдалаш, тузлаш, буғлаш ва ўстириш усуллари билан ишлов берилади. Парҳез озиқалар сифатида қорамоллар учун янги ўрилган ўтлар, ҳар хил ўтлар ёки беда пичани, ўт уни, сабзи, қандли ёки озиқабоп лавлаги, яхши сифатли омихта емлар, майда шохли ҳайвонлар учун ҳар хил ўтлар пичани, минерал ва витаминлар аралаштирилган омихта емлар, чўчқалар учун омихта емлар, қайнатилган картошка, илдизмевалилар, ёғи олинган сут, кўкат озиқалар, гўштхур ҳайвонлар учун эса гўшт қиймаси ва қайнатмаси, сут ва гуручли бўтқа берилиши мумкин.
Диетик режимни тавсия этишда диагнозни, касал ҳайвон ва жарохатланган аъзо ҳолати ҳисобга олинади. Масалан, жигар ва буйрак касалликларида туз бериш камайтирилади, саноат қолдиқларини бериш тўхтатилади, ошқозон олди бўлимларининг гипотониясида ҳайвонни 1-3 кун давомида ярим оч қолдириш ва кўп миқдорда сув ичириш тавсия этилади. Ҳайвон соғайгач асосий рационга аста-секинлик билан ўтказилади. Парҳез озиқалар яхши сифатли, тўйимлиги юқори бўлиши ва организмнинг эҳтиёжларини тўлиқ қондириши ҳамда кам-камдан тез-тез берилиши лозим. Айрим ҳолларда парентерал йўллар, клизмалар орқали сунъий озиқлантириш тавсия этилади.
Механотерапия (массаж) - даволаш ва профилактик мақсадда тери ва аъзоларга умумий механик таъсирот бериш бўлиб, организмда физиологик жараёнларни меъёрлаштиришга қаратилган бўлади.
Массаж таъсирида асаб толалари учларининг қитиқланиши ва теридаги тешикчаларнинг очилиши туфайли теридан нафас олиш яхшиланади, организмда оқсилларнинг парчаланиши ва мочевинанинг сийдик орқали ажралиши кўчаяди. Терида ҳосил бўлган гистаминсимон моддалар қонга сўрилиб, организм фаоллигини оширади, қон ва лимфа айланишини жадаллаштиради, оксидланиш жараёнлари, мускулларнинг озиқланиши ва тўқималарда модда алмашинувини кучайтиради. Мускулларда тўпланиб қолган сут кислотаси ва бошқа зарарли моддаларнинг қайта сўрилишининг кучайиши туфайли улар иш қобилиятининг тикланиши тезлашади.
Массаж туфайли қоннинг димиқиши камаяди ва инфильтратнинг сўрилиши тезлашади. Механик таъсиротнинг юзаки ва чуқур жойлашган асаб учлари орқали марказий асаб тизимига берилишидан унинг фаолияти кучаяди. Қорин соҳаси соат стрелкасининг ҳаракатига тескари йўналишда массаж қилинганда тери рецепторларининг қитиқланишидан ошқозон олди бўлимлари деворининг ҳаракати тикланади, қисқаришлар сони ва сифати ортади, ичаклар перистальтикаси кучаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |