Витаминотерапия - кўпинча витаминлар организмга эҳтиёждан кам миқдорда тушганда ёки ошқозон ва ичакларнинг касалликлари оқибатида уларнинг сўрилиши ёмонлашган пайтларда қўлланилади. Масалан, тривит, тетравит, витаминли балиқ ёғи, С, В1, В6, В12 витаминлари препаратларини ёки витаминларга бой диетик озиқаларни қўллаш.
Витаминотерапия минерал моддалар тузлари ва бошқа даволаш усуллари билан биргаликда қўлланилганда яхши натижа беради.
Ферментотерапия ҳам викар терапиянинг бир тури бўлиб, организмда ферментлар етишмаганда уларнинг препаратлари қўлланилади. Масалан, сунъий ва табиий ошқозон шираси, пепсин кабилар гастрит ва диспепсияни даволашда ишлатилади. Сунъий ошқозон ширасидан (1 л дистилланган сув, 5 мл хлорид кислота, 10 г тиббиёт пепсини) бузоқларга 30-50, чўчқа боласига 15-20 мл ичирилади. Табиий ошқозон шираси ошқозон ва ичаклар секрецияси пасайганда қўлланилади, чунки табиий ошқозон шираси таркибида пепсин ва хлорид кислотадан ташқари ширдон ферменти липаза, гастромукопротеидлар, хлоридлар, фосфатлар ва баъзан витаминлар бўлади.
Носпецифик стимулловчи терапия - парчаланиш ёки эритиш йўли билан тайёрланган қон, оқсилли моддалар, тўқима препаратларидан даволаш мақсадларида фойдаланишни кўзда тўтади. Дори воситаларини қўллаш билан нерв тизимига таъсир этиш орқали патологик жараённи йўқотиш бу усулнинг моҳиятини ташкил этади.
Амалиётда носпецифик стимулловчи терапия усулларидан протеинотерапия, серотерапия, гемотерапия, гистолизатотерапия, цитотоксинотерапия, тўқима препаратлари билан даволаш кабилар организмнинг ҳимояланиш ва иммунобиологик хусусиятларини ошириш, носпецифик иммунитетни яхшилаш мақсадида кенг фойдаланилади.
Протеинотерапия - турли хилдаги оқсил хусусиятли моддалар, шу жумладан қон зардоблари, касал ҳайвон ўзининг ёки бошқа ҳайвон қонини парэнтерал йўллар билан организмга юбориш тушунилади.
Оқсиллар организмда синтезланиши билан бир вақтда паранекрозга учрайди, яъни денатурация бўлади. Бунда оқсилнинг бир қисми парчаланиб кетса, маълум қисми эса янги молекуляр бирикмаларни ҳосил қилади ва бошқа бир янги функцияни бажарадиган бўлиб қолади. Бу комплексларнинг баъзилари катализаторлик вазифасини бажарса, иккинчилари нерв таъсиротларини ташийди, учинчилари тўқималардаги ўтказувчанлик ва ўсиш жараёнларини таъминлайди. Ҳосил бўлган оқсил чиқиндиларининг бир қисми организмдан ташқарига чиқиб турса, маълум қисми оқсил ёки бошқа моддалар билан қайта бирикиб, юқори фаолликка эга бўлган янги биокомплекслар синтезида иштирок этади. Маълумки, барча ферментлар оқсиллар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам организмга парэнтерал йўллар билан юборилганда оқсиллар синтезини тезлатиш билан стимулловчи таъсир этади.
Протеинотерапия асосан фрункулёз, флегмона, абсцесс, плеврит, мастит, метрит, пиэлит, экземалар каби сурункали инфекцияларда ва патологик жараённи жадаллаштириш мақсадида қўлланилади.
От ва қорамолларга қон зардобидан 2-3 кун давомида, 25-50 мл. дан, жами 2-3- марта тери остига юбориш мумкин. Айнан шу зардоб 3 кундан кейин қўлланилганда анафилактик шок кузатилиши мумкин. Чунки организмда унинг таркибидаги антигенларга нисбатан антителалар ишлаб чиқарилган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |