Таянч сўз ва иборалар:
ХК программавий таъминоти турлари
Программавий таъминот тушунчаси
Амалий программавий таъминот
Системавий программавий таъминот
Махсус программавий таъминот
Утилитлар
Операцион система тушунчаси
ХК нинг операцион системасининг асосий турлари
Программавий бошқарув принципи ва унинг аҳамияти.
Хар қандай инсоннинг юриш туриши, қилаётган ишлари ва режалари қандайдир дастур ёки программа орқали амалга ошириладики, бу программа ёки дастур унинг тарбияси, кўп йиллик хаёт тажрибаси, билими, атроф-мухити ва хакозолар орқали аниқланади. Компьютерлар хам ўз ишлаш жараёнида маълум бир программавий бошқарувга асосланадики, бу уларнинг бир маромда ва тўғри ишлашига олиб келади. Ушбу программавий бошқарув принципининг асоси нимадан иборат бўлиши мумкин деб ўйлайсиз? Нима учун бу принцип амалга оширилганидан сўнггина компьютерлар амалларни автоматик равишда бажара олиш имконига эга бўлдилар? Бу муаммони хал қилиш учун икки хил объект бор деб фараз қилинг – биринчиси программавий дастурсиз ишлайдиган объект ва иккинчиси тегишли программавий дастур бошқаруви остида ишлайдиган объект. Яъни, биринчи объектда нималар қилиниши кераклигини доимо ва мунтазам равишда кўрсатиб туриш керак, кейинги объектда эса вазифаларнинг вақт бўйича тақсимланиши олдиндан аниқ ва равшан кўрсатилган, шунинг учун хам у барча вазифаларни режа асосида аниқ бажаради ва бошқарилади. Уларнинг қайси бири конкрет шароитларда яхшироқ натижаларга олиб келади?
Ҳар қандай ЭҲМ нинг ишлаши асосида программа билан бошқариш принципи ётади. Бу принцип шундан иборатки, қўйилган масалани ЭҲМ аввалдан тузилган ва машина хотирасига киритилган программага тўла мос ҳолда автоматик ечади. Фақат программа ЭҲМ учун у қандай маълумот устида ва қандай кетма-кетликда қайси амалларни бажариши кераклигини белгилайди. Шу боисдан хам ЭҲМ ни керакли амаллар кетма-кетлигини берилган программа бўйича ва унга қатъий мос равишда бажариш йўли билан изланилаётган натижани олишни таъминлайдиган программа асосида бошқарилувчи автомат деб қараш мумкин. ЭҲМ да ахборотни қайта ишлаш жараёни арифметик, мантиқий ва бошқа махсус амалларни машинада тузилган программага мос равишда бажаришдан иборатдир. Ушбу амалларнинг кетма- кетлиги программада ҳисоблаш машинасининг алоҳида буйруқлари билан кўрсатилади, ёки бошқача қилиб айтганда, программа алоҳида олинган буйруқлардан ташкил топиб, улар процессорга машина хотирасида сақланаётган ахборотлар устида у ёки бу амалларни қандай бажаришга топшириқ беради. Худди мана шу изоҳнинг ўзи ЭҲМ нинг программа асосида бошқариш принципини етарлича изохлаб беради.
ЭҲМ да ҳар бир буйруқ машина тилида, яъни ушбу ЭҲМ да қабул қилинган ва тегишли бошқарув қурилмалари тушунадиган код кўринишида ифодаланади. Бунда буйруқлар коди машинада бажариладиган амаллар турини белгилайди, шунингдек ушбу амалларнинг бажарилиш жараёнида керак бўладиган маълумотлар сақланган хотира ячейкаларининг номерини хам кўрсатади. Машина амаллари бажарилишида қатнашадиган маълумотлар ва буйруқлар мажмуаси операторлар деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |