Ўқув қўлланмасида керамика ва оловбардош материалларнинг таърифи ва хоссалари, ишлаб чиқариш технологик усуллари, жараёнлари, қуритиш, куйдириш, пишиш ҳақида маълумот берилган. Қурилиш керамикаси материаллари ишлаб чиқаришда ишлатилувчи хом-ашъёнинг турлари, деворбоп материалларнинг эффектив турларини ишлаб чиқариш учун қўшимча материаллар, кошинлар, черепица, канализация қувурлари ишлаб чиқариш технологияси, оловбардош материаллар саноати, оловбардош материалларни структура тузилиши ва ишлатилишига кўра таснифланиши, хом-ашъё материалларнинг турлари, оловбардош мертел ва аралашмалар, техник керамика ва нафис керамика технологиясининг назарий ва амалий асослари келтирилган.
Китоб олий ўқув юртларининг кимё, кимёвий технология ва қурилишга оид йўналишлари ва ихтисосликларини ўзлаштирувчи талабалар учун мўлжалланган. Ундан илмий мутахассислар, ишлаб чиқаришдаги мухандис ва техник ходимлар ҳам фойдаланишлари мумкин.
СЎз боши.
“Керамик қурилиш материаллари” фанига бағишланган ушбу китобда силикат саноатининг йирик сохаси - керамика ва оловбардош материаллар ишлаб чиқариш кимёси ва технологияси хақида сўз юритилади. Унда систематик равишда керамика ва оловбардош материаллар таърифи ва кимёвий таркиби, классификацияси ва хоссалари, уларнинг асосий махсулотлари- қурилиш ғишти, плитка, черепица, қувур, сопол, чинни, оловбардош материал, техника керамикаси маҳсулоти, иссиқлик ҳимояловчи керамика каби материал ва буюмлар ишлаб чиқариш технологиясининг асослари ҳақида маълумотлар келтирилади. Китобда маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг қисқача тарихи, маҳсулот хом-ашъёси, хом ашъё ва маҳсулотларнинг асосий хусусиятлари ва ишлатилишига оид маълумотлар берилган.
Шунинг учун ҳам “Керамик қурилиш материаллари” фани силикат ва қийин эрийдиган нометалл материаллар технологияси йўналиши ва мутахассислари бўйича кадрлар тайёрловчи Олий ва махсус ўрта таълим вазирлигининг олий ўқув юрти ўқув режасидан мустақил фан сифатида ўрин эгаллаган.
Ушбу китоб олий ўқув юрти талабалари учун ёзилган бўлиб, унда “Керамик қурилиш материаллари” ихтисосликларига таалуқли материаллар биринчи маротаба ўзбек тилида ёритилган.
Китобда энг мухим керамика материаллари ва махсулотларининг таркиби ва хом ашъёси, олиниш йўллари, умумий хоссалари ҳамда ишлатилишига оид асосий маълумотлар баён этилган. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнига оид назарий масалалар, силикат материалларининг серқуёш Республикамизда ишлаб чиқаришга оид малумотлар ҳам қисқача ёритилган.
Китоб шартли равишда беш қисмдан ташкил топган. Биринчи қисмда керамика ва оловбардош материаллар кимёси ва технологиясига оид умумий масалалар қисқача тарзда ёритилган. Кейинги қисмларда эса материалларнинг хоссалари ва олиниш йўлларидаги фарқларга асосланган керамика технологиясининг тўрт қисми – қурилиш керамикаси, техник керамика, нафис керамика ва оловбардош буюмларини ишлаб чиқариш алоҳида баён этилган.
Мазкур китобни нашрга тайёрлашда фойдали маслахатлар, танқидий фикр-мулохазалар билдирган т.ф.д., проф. Р.И. Абдуллаева ва к.ф.д., проф. З.Р. Қодироваларга муаллифлар самимий миннатдорчилик билдиради.
Китоб биринчи бор нашр қилинаётганлиги сабабли фойдаланувчиларнинг қуйидаги адресга юборилган барча танқидий мулоҳаза, истак ва фикрлари мамнуният билан қабул қилинади: Тошкент, Навоий кўчаси, 32, ТошКТИ.
Do'stlaringiz bilan baham: |