Скомбротоксин (гистамин ва бошқа вазофаол аминлар жамламаси) балиқларнинг тунец, скумбрия, сардиналар, макрель, лосось, сельдь каби турларида баъзи бир бактерияларнинг ўсиши ва ривожланиши натижасида пайдо бўладиган биотоксинларга киради. Бериал кўпайиш гистамин ва бир қатор бошқа метаболитларнинг пайдо бўлишига олиб борувчи гистидин ва бошқа аминокислоталарнинг декарбоксидланиши фаоллашиши билан бирга кечади. Скомбротоксиннинг тўпланиши, одатда, мувофиқ бактерияларнинг ўсиши учун оптимал бўлган ҳароратда юз беради ва у балиқнинг алоҳида қисмларида нотекис концентрацияланади. Балиқ ва балиқ маҳсулотларига турли пазандалик, шу жумладан, иссиқлик ишлови берилиши скомбротоксиннинг парчаланишига ёки чиқиб кетишига олиб келмайди. Унинг маҳсулотда мавжудлиги органолептик кўрсаткичларга таъсир қилмайди.
Таркибида аҳамиятли миқдордаги скомбротоксин бўлган балиқни истеъмол қилганда, клиник кўринишлар (скомбротоксикоз) зудлик билан – овқатни истеъмол қилаётган пайтдаёқ намоён бўлади. Яширин (инкубацион) даври камдан-кам ҳоллардагина 2 соатгача етади. Заҳарланишнинг биринчи касаллик белгилари ачишиш, тананинг юқори қисмидаги тошмалар ва қичишиш, артериал қон босимининг пасайиб кетишидир. Кейинчалик буларга кўнгил айниши, қайт қилиш, диарея, абдоминал оғриқлар ва оғиздаги металл таъми қўшилади. Касаллик одатда 3 соатни ташкил этади. Антигистамин дориларни бериш яхши терапевтик самара кўрсатади.
Қарияларда ва жигардаги гистамин конвертациясини секинлатувчи, айтайлик, изониазид ва доксициклин каби дориларни қабул қилувчиларда скомбротоксинга нисбатан ортиқча таъсирчанлик кузатилади. Маҳсулотдаги гистамин флюоресцентли спектроскопия ёрдамида аниқланиши мумкин. Балиқдаги гистамин миқдорининг чекланган меъёри 100 мг/кг.дан ортмаслиги лозим (Россия Федерацияси нормативи). Скомбротоксикозларни профилактика қилиш потенциал хавфли денгиз балиқларини сақлаш муддатлари ва ҳарорат тартибига қатъий риоя қилишни ва улардаги гистамин миқдорини назорат қилиб туришни назарда тутади.
Цигуатоксинлар тропик ҳудудлардаги маржонлар орасидаги микроскопик сув ўтлари (динофлагелятлар)ни истеъмол қиладиган балиқлар организмида аҳён-аҳёнда тўпланади. Динофлагелятлар ўз биологик циклининг муайян (йил вақтлари билан боғланмаган) даврларида интенсив равишда цигуатоксинларни ишлаб чиқаришади ва уларнинг манбаига айланишади. Цигуатоксинларнинг прогрессив тўпланиши озуқа занжирининг бутун узунлиги бўйлаб максимал даражада юз бериб, тропик ва экваториал денгизларда яшовчи йирик йиртқич балиқлар (барракуда, елканчи, дўнгпешона) организмида тўпланади.
Таркибида цигуатоксинлар бўлган балиқларни истеъмол қилганда ўткир овқат заҳарланиши юз беради. Заҳарланишларнинг клиник намоён бўлишлари одатда ошқозон-ичаклар, неврологик ва юрак-қон томирлар бузилишларининг комбинациясидан иборат бўлади. Заҳарланишнинг биринчи касаллик белгилари одатда ўртача 6 соатдан сўнг намоён бўлади. Бошланишида умумий носпецифик белгилар: лаблар ва тилнинг қотиб қолиши ва парестезияси, оғиз қуриб қолиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши юз беради. Кейин буларга бош айланиши, бош оғриғи, мушаклар ва томирлар оғриши, томир тортишиши, қичишиш, мушаклар заифлашиб қолиши, иссиқлик ва совуқликни сезмай қолиш, томир уришининг ўзгариши, артериал босимнинг пасайиши қўшилади. Ушбу касаллик белгилари бир неча кун давомида сақланиб туради, неврологик бузилишлар бир неча ойгача сезилиб туриши мумкин. Ўлимга элтувчи ҳолатлар ўта кам юз беради.
Цигуатоксинлар билан заҳарланиш ташҳиси овқат анамнезининг клиник симптомларини таҳлил қилиш ва ўрганишга асосланади. Цигуатоксинларни ажратиб олиш мушаклардаги биологик синамалар ва иммуноферментли таҳлилни ўтказиш орқали амалга оширилиши мумкин. Цигуатоксинлар билан заҳарланишлар, биринчи навбатда, овқатланишда йиртқич маржон балиқларидан фойдаланмасликни назарда тутади, илло уларнинг потенциал хавфини баҳолаш амалда мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |