Меҳнатнинг турли хиллари режалаштирилади:
а) табиатдаги меҳнат кўчат ўтказиш, сув сепиш, ўсимлик ва ҳайвонларни парвариш қилиш ва шу кабилар;
б) хўжалик маиший меҳнат идишларни ювиш, хонани йиғиштириштириш, китобларни ёпиштириш-елимлаш, ўсимликлар баргини артиш);
в) қўл меҳнати (табиий материаллар, дарахтлар меваси,
самончалар, латталар ёғоч ва картондан ҳар хил буюмлар ясаш) ҳар бир ёш гуруҳида меҳнатнинг қайси тури ўтказилиши дастурда кўрсатилган. Эрталаб 2-3 хил фаолият режалаштирилади. Эрталабки соатларни режалаштиришда шу кунги ўтказиладиган машғулотлар эътиборга олинади. Машғулотда бирор нарса ўқиб бериш режалаштирилган бўлса, эрталабки соатда расм кўриш, онаси тўғрисида сўзлаб бериш, ўқиш режалаштирилмайди, шу куни эрталабки соатга меҳнат, катталик, шакл билан таништириш, тасвирий фаолият режалаштирилади. Тарбиячи ҳар хил машғулотларни режалаштиради; болаларга янги билим берувчи машғулотлар уларнинг олган билимларини, орттирган тажрибаларини мустаҳкамловчи ва тартибга солувчи машғулотлар, комплекс машғулотлар ва ҳисобот-назорат (текширувчи) машғулотлари бўлади. Тарбиячи ўзининг календарь режасига машғулотнинг номи ва дастур мазмунини ёзиб қўяди. Дастур мазмунига машғулотнинг таълим-тарбиявий вазифалари ва болалар эгаллаб олишлари, аниқлаш ва мустаҳкамлаш керак бўлган билим, малака, кўникмалар хажми ҳам ёзилади.
Машғулотни режалаштириш болалар томонидан маълум хажмдаги билимларни эгаллаш ва кенгайтириш имкониятини яратибгина қолмай, шу билан бирга уларнинг билимларини аниқлаш, мустаҳкамлаш, мустақил фаолиятларида қўллаш имконини беради. Болаларга бериладиган билим, малака ва кўникмаларнинг ҳажми машғулотдан-машғулотга кенгайтириб, мураккаблаштириб борилади. Масалан, тарбиячи биринчи машғулотда болаларни уй ҳайвонлари билан таништиради, болалар уларни кузатишади, номини айтишга ўрганади. Кейинги машғулотда эса бу билимлар мустаҳкамланиб, ҳайвонларни кузатиш жараёнида янги билимлар ҳосил бўлади. Болалар бу ҳайвонларнинг фойдали белгиларини, хатти-ҳаракатини кузатишса, келгуси машғулотда болалар уй ҳайвонини одамлар қандай парвариш қилиши ва бу парваришга ҳайвонлар ўз «миннатдорчилигини» қандай билдириши тўғрисида гап боради.
Дастур материалини ўрганиш машғулотдан-машғулотга мана шу изчиллик билан амалга ошириб борилади. Болаларнинг билим, малака ва кўникмаларни муваффақиятли ўзлаштиришлари аксарият холларда тарбиячининг тайёрлаган метод ва усулларига, шарт-шароитга боғлиқ бўлади. Бу ёшдаги болаларнинг ёш хусусияти асосан кўргазмали методдан кузатиш намойиш қилиш методи хикоя, сухбат тушунтириш; амалий метод машқ ўйиндан фойдаланишни такрорлайди.
Ҳар бир метод умумий вазифани амалга оширишга қаратилган ягона йўл бўлиб, усуллар йиғиндисидан ташкил топади. Ҳамма усулларни шартли равишда учта гуруҳга бўлиш мумкин: кўргазмали (кўрсатиш), оғзаки (савол, солиштириш, шеър айтиш, топишмокдан фойдаланиш), амалий (топшириқ, ўйин, вазият усуллари ва бошқалар).
Бевосита фаоллаштирувчи методлардан ташқари бавосита методлардан ҳам фойдаланилади (эслатиш, маслаҳат, танбеҳ бериш, тузатиш). Кўп холларда метод ва усуллардан комплекс тарзда фойдаланилади. Машғулот вақтида бериладиган билим, малака ва кўникмаларни болалар яхши ўзлаштириб олишлари уларнинг ҳиссий ҳолатини кўтариш учун хизмат қилади.
Тарбиячи ўзининг календарь режасида машғулотда фойдаланиладиган усулнигина ёзиб қолмасдан, шу билан бирга унинг мазмунини ҳам очиб ёзиши керак.
Болаларга бериладиган саволларни ҳам қандай изчилликда берилса, шундай ёзиб қўйиш зарур. Агар тарбиячи машғулотда топишмоқ ёки шеърдан парча келтирмоқчи бўлса, унинг мазмунини ёзиб қўйган маъқул. Солиштиришга ўргатишда қайси буюмлардан, уларнинг қайси белгисидан, қандай саволлардан фойдаланиш лозимлиги ҳам ёзилади.
Тарбиячининг машғулотни режалаштиришдаги баъзи бир метод ва усулларини кўриб чиқамиз.
Тарбиячи машғулотга тайёргарлик кўраётганда, албатта, ёш боланинг тафаккури кўргазмали-образли бўлишини эътиборга олади ва асосан машғулотда кўргазмали методларни режалаштиради. Кузатиш методи тарбиячи раҳбарлигида кузатилаётган объектни боланинг ҳиссий идрок қилишини таъминлайди. Нарса ва буюмларни намойиш этиш ҳам шундай аҳамият касб этади. Кўп машғулотларда, айниқса-нутқни ўстириш машғулотида тарбиячининг ҳикоясидан фойдаланилади. Бу болаларга таниш бўлган бадиий асардан, теварак-атрофдаги ҳаётдан олинган воқеа-ҳодисаларни тарбиячи хис-ҳаяжон билан жонли, образли қилиб баён этишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |