Куннинг иккинчи ярмини режалаштириш. Куннинг иккинчи ярми икки қисмдан иборат: гуруҳдаги ва сайрдаги ишлар куннинг иккинчи ярмида болаларнинг гуруҳдаги ўйин фаолияти режалаштирилади.
Уйқудан кейинги ўйин учун кичик гурухда - 45дақиқа, ўрта гуруҳда 1 соат, катта гуруҳда-1соат,тайёрлов гуруҳида -1,5 соат ажратилади.
Сюжетли-ролли ўйинлар ҳам режалаштирилади (фақат номигина ёзилади). Режада шунингдек стол усти босма ўйинлари, дидактик ўйинлар ҳам мўлжалланади. Режага стол усти босма уйинлари қоидаси, тушунтирилиши ҳам ёзилади. Бу вақтда драмалаштирилган ўйинлар ҳам режалаштирилади.
Тарбиячи қурилиш ўйинларида ўзининг қатнашишини ҳам режага ёзиб қўяди. Унда тарбиячининг болалар билан атрибутлар ясаши ҳам мўлжалланади.
Кечқурунга кўнгил очиш ўйинларини режалаштириш мумкин. У ҳафтасига бир марта ўтказилади. Катта ва тайёрлов гуруҳида китобларни бир неча кун давомида ўқиб бериш ҳам режалаштирилади. Тарбиячи ҳар гал ўқишдан олдин ”Ўтган гал мен сизларга нима ўқиб берган эдим” дейди. Болалар буни эсга тушириб, сўзлаб беришади. Тарбиячи саволлар билан ёрдам бериб туради.
Куннинг иккинчи ярмида асосан болаларнинг хилма-хил ўйин фаолиятлари ташкил этилади. Болаларнинг сюжетли-ролли ўйинлари учун шароит яратиш, ўйинчоқлар билан ўйнашга ўргатиш ва бошқалар календарь режасига ёзилади. Ўйинда тарбиячининг қатнашиши ҳам режада қайд этилади. Бу болалар ўйинини ташкил этиш ва унга тарбиячининг раҳбарлик қилиши учун шарт-шароит яратади.
Катта ва тайёрлов гуруҳларида тарбиячининг болалар ўйинига раҳбарлиги ўзгариб, бевосита раҳбарликдан бавосита раҳбарликка ўтади, тарбиячи болаларнинг мустақил фаолиятларини рағбатлантиради. Тарбиячи қурилиш материаллари билан ўйналадиган ўйинларни, саҳналаштирилган ва қоидали ўйинларни ҳам режалаштиради.
Кундузги уйқудан кейин гуруҳ хонасини йиғиштириш, йиртилган китобларни таъмирлаш, қўғирчоқ кийимини ювиш, кичик болалар учун ўйинчоқлар ясаб бериш, ўсимлик ва ҳайвонларни парвариш қилиш каби меҳнат фаолияти режалаштирилади. Тарбиячи шунингдек кўнгил очар ўйинларни ҳам унутмайди. Бунга қўғирчоқ, соя театри, концертлар, спорт, мусиқа ва бадиий кўнгил очиш соатлари, мусиқа эшитиш ва шунга ўхшашлар киради. Тарбиячи бадиий асарларни ўқиб бериш, классик ва замонавий рассомларнинг расмларини томоша қилишни ҳам эсдан чиқармайди. Куннинг иккинчи ярмида ҳар куни сайр ўтказилади, унинг мазмунига ҳаракатли ва ижодий ўйинлар, меҳнат фаолияти киради.
Буюмларни, ижтимоий ҳаёт воқеаларини кузатиш, жонли объект билан мулоқотда булиш ҳам календарь режасидан ўрин эгаллаши керак.
Тарбиячи болаларнинг ўзлари қизиққан фаолият билан шуғулланишлари учун шарт-шароит яратади. Режа кун давомида ҳар бир бола мазмунли, қизиқарли фаолият билан шуғулланадиган қилиб тузилиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |