8-мавзу: ЭКИНЛАРНИ СУҒОРИШ РЕЖИМИ
Режа:
1.Мавсумий суғориш меъёри.
2. Суғориш меъёри.
3. Ҳисобий қатлам қалинлиги.
4. Суғориш сони, суғориш ва мавсум давомийлиги, суғоришлар орасидаги давр.
5. Суғориш муддатларини белгилаш услублари.
6. Экинларни суғориш схемаси.
7. Суғориш гидромодули ва графиги.
1. Мавсумий суғориш меъёри дейилганда 1 га майдонга экиннинг ўсув даври давомида бериладиган сув миқдори (м3/га ёки мм ҳисобида) тушунилади. Амалдаги мавсумий суғориш меъёри ўсув даврида ўтказилган барча суғоришларда берилган сув миқдорлари – суғориш меъёрлари (mнт) йиғиндисига тенг, яъни
Мнт = mнт.
Қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳисобий суғориш режимини белгилашда мавсумий суғориш меъёри бир неча усулларда ҳисобланиб келинмоқда. Одатда, у экиннинг сувга бўлган умумий эҳтиёжи ва сув билан табиий таъминланганлик миқдорлари ўртасидаги фарқ -ўсув даврида сувга бўлган эҳтиёж камомади бўйича аниқланмоқда, яъни
Мнт = dэк,
бу ерда Мнт – мавсумий суғориш меъёри (нетто); dэк - ўсув даври давомида сувга бўлган эҳтиёж камомади.
Мавсумий суғориш меъёри (нетто) А.Н.Костяков (1951) таклиф этган қуйидаги соддалаштирилган ифода ёрдамида аниқланиши мумкин:
Мнт = Е – 10 ∙ а ∙ Р – (Wб – Wо) – Wс,
бу ерда Мнт – мавсумий суғориш меъёри, м3/га; Е – сувга бўлган умумий эҳтиёж (Мтр+Мбуғ ёки У∙Ку), м3/га; Р – ўсув даври давомида тушадиган ёғин миқдори, мм; 10 – миллиметр ҳисобидаги ёғин миқдорини гектарига кубометр (м3/га) ҳисобига ўтказиш учун кўпайтувчи; а – ёғин сувларидан фойдаланиш коэффициенти (шимолий ва марказий иқлим минтақаларида 0,85 га, жанубий минтақада 0,4–0,6 га тенг); Wб – ўсув даври бошида тупроқнинг ҳисобий қатламидаги табиий нам миқдори, м3/га; Wо – ўсув даври охирида тупроқнинг ҳисобий қатламидаги нам миқдори, м3/га; Wс – ўсув даври давомида экинлар сизот сувлардан фойдаланадиган миқдор (гидрогеологик районларга кўра сувга бўлган умумий эҳтиёжнинг 60%гача), м3/га.
Мавсумий суғориш меъёри сизот сувлари минераллашган ерларда шўр ювиш тариқасидаги суғориш режими қўлланилиши туфайли 15–20% га оширилади.
Мавсумий суғориш меъёри қатор омилларга боғлиқ. Иқлим шароитлари кам бошқарилади ва у мавсумий суғориш меъёри миқдорини белгиловчи асосий омил ҳисобланади. Масалан, ғўзанинг мавсумий суғориш меъёри шимолий иқлим минтақасида 4–6 минг м3/га бўлса, марказий ва жанубий иқлим минтақаларида тегишлича 6–8 ва 8–10 минг м3/га. ни ташкил этади. Суғориладиган ерларда мавсумий суғориш меъёрини камайтиришда қуйидаги воситалардан ҳам фойдаланиш мумкин: экинларни тезпишар навларини яратиш, плёнка остига эрта муддатларда уруғ экиб, уларни барвақт етилишини таъминлаш ва кимёвий ишлов бериш орқали ўсув даврини сунъий тўхтатиш, сувдан тежамли фойдаланиладиган технологияларни татбиқ этиш ва бошқалар. Мавсумий суғориш меъёри суғориш усуллари ва техникасига боғлиқ ҳолда турлича бўлади (8- жадвал).
Мавсумий суғориш меъёри экин тури ва навига ҳам бевосита боғлиқ. Сувга талабчан шоли экинида бу кўрсаткич 25–30 минг м3/га. ни ташкил этса, бедани йўлаклаб бостириб суғоришда 10–12 минг м3/га. гача ўзгариб туради.
8- жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |