Фермер хўжалигида СФУлар фаолиятидан фойдаланиш
Сув ресурсларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида республика фермер хўжаликларига ўз вақтида сув билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, унинг бажарилиши таъминланмоқда. Масалан 2000 йилда 141 та СФУ ташкил қилинган бўлса, 2006 йилда 406 та СФУ ташкил қилиниб, республикада жами бўлиб 1502 та уюшма фаолият кўрсатмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилдаги 476 сонли қарорида белгиланган 255 та СФУнинг ўрнига 223 та (87,4%) ташкил этилиб, уларнинг балансига 4702 миллион сўм маблағ ўтказилди ҳамда кўплаб мол-мулк ва техника воситалари берилди.
Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари фаолиятини яхшилаш тўғрисидаги асосий вазифалар:
СФУлар сувдан фойдаланувчиларга ажратилган лимитлар доирасида сув етказиб беради;
уюшма таъсисчилари ва бошқа сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув хўжалиги ташкилотлари билан ички сув хўжалик обектларини таъмирлаш ва ишлатиш бўйича шартномалар тузишади ва унинг бажарилишини таъминлайди;
уюшма хўжалиги ҳудудидаги сув хўжалиги объектларини тозалаш ва таъмирлаш, реконструкция қилиш ишларини ташкил этади;
сув ўлчаш асбобларини қуришни ташкил этади ва уларни белгиланган тартибда паспортларини тузади, шаҳодатлаш ҳамда рўйхатдан ўтказишни таъминлайди;
ер эгаларига суғориладиган ерларнинг шўрини ювиш, сувдан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича тадбирларни амалга оширишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;
сувни иқтисод қилувчи илғор тажрибаларни ҳамда технологияларни жорий этишни ташкил этади;
уюшма балансидаги асосий воситаларни техник кўрикдан ўтказиб боради, таъмирлаш ва янгилаш, ресурсларни иқтисод қилувчи техника ва технологияларни жорий қилиш ва истиқболли режаларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳар бир сувдан фойдаланувчининг бадалларини ҳисоб-китоб қилиб, белгиланган тартибда таъсисчиларнинг умумий йиғилишида тасдиқлайди.
Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, СФУлар фермер хўжаликларига сув етказиб бериш ишларини амалга оширмоқда. Республика деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмасининг Фарғона шаҳри вакиллиги қошида «Водий-шаршара» сувдан фойдаланувчилар маркази 120 дан ортиқ фермер хўжаликларига сув етказиб бериш юзасидан шартнома тузган.
Сувдан фойдаланувчилар маркази шартномага асосан, сувдан фойдаланувчиларга ажратилган лимит доирасида сув етказиб бериш, ички сув хўжалик объектларини таъмирлаш, тозалаш ва реконструкция қилиш ишларини ташкил этган бўлиб, бу соҳада бир қанча муаммолар мавжуд. СФУ томонидан шартномага асосан, ички сув хўжалик объектларини таъмирлаш, тозалаш ва реконструкция қилиш ишлари талаб даражасида бажарилмаяпти. 2004 йилда СФУлари 35 мингдан ортиқ фермер хўжаликлар билан 4848 млн.сўмлик шартнома тузган бўлиб, 2402 млн.сўмлик ёки 49,5 фоиз хизматлар кўрсатилган, холос. Тузилган шартномаларнинг бажармаслигига сабаб, сувдан фойдаланувчилар уюшмаларининг моддий-техника базаси шаклланмаганлигидир. Қашқадарё вилоятида Вазирлар Маҳкамасининг 476-сонли қарорига асосан, тугатилган ширкат хўжалиги ўрнида ташкил этилган фермер хўжаликларига 25 та СФУлар ташкил этилган. Лекин СФУ балансида бирорта техника йўқ. СФУлар фермер хўжаликлари билан сув лимити асосида шартнома тузмаган. СФУнинг 2005 йил учун харажатлар сметаси тузилган. Фермер хўжаликларига ер тақсимлаб берилган. Харажатлар сметасида йиллик иш ҳақи фонди 5379 минг сўмни, ишлаб чиқариш харажатлари 1562 минг сўмни, маъмурий харажатлар 608 минг сўмни, жами 2005 йил учун харажат 7549 минг сўмни ташкил қилган. Харажатлар сметасида сувдан фойдаланувчилар уюшмасининг моддий-техника базасини шакллантириш учун маблағ ажратиш кўзда тутилмаган. СФУлар хизмат кўрсатаётган 121 та фермер хўжаликларида суғориладиган ер майдони 2649 гектарни ташкил этади. Шундан ҳар бир гектарга 2850 сўм сувдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ўтказилган таҳлил натижалари ва Республика деҳқон фермер хўжаликлари уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, Республикамизнинг Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида ташкил этилган айрим Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари номигагина фаолият кўрсатмоқда. Моддий-техника базаси ва маблағига эга бўлмаган сувдан фойдаланувчилар уюшмалари илғор тажрибаларни, ресурсларни, техника ва технологияларни жорий қилиш ҳамда асосий воситаларни янгилаш каби ишларни олиб боришлари керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |