43-§. ГЕОСИНКЛИНАЛЛАР ВА ПЛАТФОРМАЛАР ҲАҚИДА ТУШУНЧА
Секин ҳаракатланувчи, вулкан процесслари кам бўлган, чўкинди ётқизиқлари қалин бўлмаган ва яхлит кристалли фундаментга эга бўлган қуруқлик бўлаги платформа деб аталади. Платформа иккита структура этажидан тузилган.
1. Қуйи структура этажи фундамент (асоси) бурмаланган чўкинди, магматик, кристалли жинсдан иборат.
2. Устки структура этажи чўкинди жинслар қопламидан иборат-бўлиб улар горизонтал ёки бир оз қия ҳолда ётади.
Платформаларда кўпинча алевролит, кумтош ва охакли лагуна чўкинди ётқизиқлари кенг тарқалгандир. Бундан ташқари фосфорит, глауконит ва кўмир, боксит, темирли чўкиндилар учрайди. Платформалар икки хил—қадимги ва ёш бўлади. Қадимги платформа фундаментини (кембрий давригача ҳосил бўлган, ўта кристалланган метаморфик қалин, яхлит) токембрий жинслари ташкил этади. Ёш платформалар фундаментини эса палеозой эрасида ҳосил бўлган бурмаланган метаморфик ва магматик жинслар ташкил этган. Айрим ёш платформаларнинг фақат бир қисмигина ҳаракатда бўлади (ҳозирги вақтда хам актив ҳаракатда). Тяншань тизмасидаги ороген областларда (Чоткол-Қурама ва Олой-Туркистон зонаси) мезокайнозой ётқизиқларидан ташкил топган структура этажи неоген ва антропоген даврида бурмаланган. Уларнинг ости кристаллашган палеозой ётқизиқларидан усти кристалланмаганлиги ва бурмаланмаганлиги билан фарқ қилади. Ўрта-Осиёдаги Турон пасттекислиги (Қорақум, Устюрт ёки Турон плитаси фундаменти кристалланган палеозой эраси ва триас даври чўкинди ҳамда интрузив метоморфик жинслардан ташкил топган. Унинг устида, ётган ўрта ва юқори мезозой, кайнозой эралари ётқизиғи бурмаланмаган, кристалланмаган ва унча қалин эмас (300—1000 м). Улардан газ, нефть, олтингугурт, туз, кўмир, боксит конлари топилган.
Қуруқликларда ҳозирги вақтда қуйидаги платформалар ажратилади: Шарқий Европада (Рус платформаси), Си б и р ь, Шимолий ва Жанубий Америкада (Канада, Бразилия), Африка, Ҳиндистон, Арабистон, Шимолий Хитой, Тибет, Тарим,Австралия,Антарктида, Колима ва бошқалар.
Платформа областлари орасида вақт ўтиши билан эпейроген ҳаракат туфайли кичик структуралар — қалқон плиталар, синклиза ва антиклизалар вужудга келади.
Қалкон платформанинг кичик қисмини ташкил этиб, эпейроген ҳаракат сабабли ер юзасига чиқиб қолган кристалли фундамент.
Плиталар —платформанинг аста чўкиб борувчи бир қисми бўлиб, чўкиддилари горизонтал ҳолда, қалинлиги 100 м дан 3000 м гача боради.
Синклиза — платформа орасидаги катта ва кенг майдонни чўкиши натижасида пайдо бўлади. Кўндаланг кесимининг узунлиги 10 км дан ортиқ бўлади.
Антиклиза—платформа орасидаги катта ётиқ антиклиналдир. Геосинклиналь зона ер пўстининг серхаракат, эгилувчан ва чуқур ер ёриқлари билан чегараланган қисми бўлиб, у бир неча 1000 км га боради. Геосинклиналь зона асосан тўрт босқичдан иборат: биринчи босқич ҳам икки хил бўлади: а) бошланғич чўкиш; б) асосий чўкиш—бунда кўплаб чўкинди жинслар, асосий лавалар денгиз остига тўпланади. Иккинчи босқичда асосан марказий қисми кўтарилиб, чўкиндилар тўпланади, вулкан процесслари ва қисман бурмаланиш рўй беради. Учинчи босқичда чўкиндилар бурмаланиб, тоғ пайдо бўлади ва денгиз қайтади.
Тўртинчи босқичда геосинклиналлар қуруқликка айланади ва емирилади, натижада платформалар пайдо бўлади. Ер тарихида геосинклиналь босқичдан ўтмаган қуруқликлар жуда кам бўлиб ҳатто платформалар ҳам архей, протерозой эраси давомида геосинклиналь босқичини бошидал кечириб палеозой эрасида платформага айланган. Геосинклиналь зоналар геосинклиналь областларга бўлинади. Ер шарида яхши ўрганилган еттита геосинклиналь зона: Ўрта денгиз, Урал-Монголия, Атлантика, Арктика, Тинч океан, Марказий Африка ва Бразилия маълум. Ер тарихида геосинклиналь зон-ларда бир неча марта тоғ бурмаланиши бўлиб бир қатор тоғ системалар пайдо бўлган. Бундай ҳаракатлар туфайли геосинклиналь зоналардан бир қанча геосинклиналь областлар ажратилган. Масалан, Тинч океани зонасида Берхоян-Чукотка, Анд Кордильера геосинклиналь областлари; Атлантика зонасида Грампион, Аппалачи, Ғарбий Европа геосинклиналь областларн, Ўрта денгиз зонаси Карпат-Альп, Кавказ, Копетдоғ, Помир, Ҳимолай геосинклиналь областлари.
Геосинклиналь областлар геосинклиналь система ва чекка ботиқларга бўлинади.
Чекка ботиқлар геосинклиналь областлар билан платформалар оралиғидаги тор (8—15 км) ботиқлар бўлиб, бу зоналарда чўкиш туфайли қуруқлик ва ниҳоят лагуна (қалинлиги 2—10 км) ётқизиқлари тўпланади. Бундай жойларда нефть, газ, кўмир ва бошқа конлар ҳосил бўлади. Бунга Кавказ олди, Урал олди, Қопетдоғ олди( Фарғона, Тожикистон (Ҳисор олди) ботиқлари ва бу жойлардаги нефть, газ, кўмир, туз ва бошқа фойдали қазилмалар мисол бўлади.
44-
Do'stlaringiz bilan baham: |