50-§. ДЕВОН ДАВРИ ВА ОРГАНИК ДУНЁСИ
Девон даври ётқизиқлари силур давридагиларга номос ётади ва ўсимлик ҳамда ҳайвонот қолдиқлари билан фарқ қилади. Девон номи шу давр ётқизиқларини биринчи марта аниқлаган Англиядаги Девоншир графлиги номидан олинган. Девон системасини биринчи бўлиб, 1839 йили Р.И.Мурчисон ва А. Сидживиклар аниқлаган. Ётқизиқлари ва органик қолдиқларини яхши сақланганлиги туфайли палеон тологлар бу даврни аниқ чегаралаб бўлим ва ярусларга ажратганлар.
Девон системаси уч бўлимга бўлинган: қуйи девон, ўрта ва юқори девон. Қуйи девон 3 та ярусга, ўрта ва юқори бўлимлари 2 тадан ярусга ажратилган.
Бу даврда органик дунё янада мураккаблашган. Қуйи палеозой эрасида яшаган органик дунёнинг кўпчилиги девон даврига келганда қирилиб кетади, уларнинг ўрнига бошқа тур, зот хайвонлар пайдо бўлади. Айниқса бу даврда ўсимлик дунёси тубдан ўзгаради. Қуйи девонда псилофитлар яхши ривожланади, ўрта ва юқори девонда плаун, қирқ бўғинлилар, папортниклар ва ниҳоят мураккаб ўсимликлар ҳам пайдо бўлади. Папоротниклар вакилидан аrcheopteris юқори девонда ўсган. Силур даврида денгизда яшаган умуртқасиз ҳайвонлардан кўпчилик турларн ва ҳатто зотлари камаяди, баъзилари қирилиб кетади. Масалан, ковак ичлилар жуда камайиб кетади, уни ўрнига тўрт шуълали маржон полиплардан Cyathophyllum, якка яшайдиганлардан Сalceola кўпаяди. Елка оёқли моллюскалар камаяди. Лекин Спириферидое ва Рхйнчонеллеидае оиласи кенг тарқалади. Бу оила зотлари юқори девон (О3) даври ётқизиғини аниқловчи тури ҳисобланади.
Девон даврида бош оёқли моллюскалардан аммонитлар кўпаяди, улардан Монтикдерлас, Тиманитез, Клеймениа турлари характерлидир. Денгизда яшовчи бўғин оёқлилар (трилобитлар) қирилиб кетади, улардан фақат Пхакопс тури сақланиб қолган. Денгизда денгиз типратиконлари ҳам яшайди, масалан, Купрессонериус. Бўғин оёқлилардан қуруқликда яшовчи бошланғич хашаротлар пайдо бўлган.
Умуртқалилар девон даврида яхши тараққий этади. Юқори силур даврида яшаган тоғайли балиқлардан янги тур: қалқонли ва акуласимон балиқлар кенг тарқалади. Девон даврида икки хил нафас олувчи балиқлардан сувда ва қуруқда яшовчи ҳайвонлар келиб чиққан.
Девон давридаги платформа ва геосинклиналлар. Девон даври бошларида ер юзасида кембрийгача бўлган қуруқликлардан ташқари Каледон тоғ бурмаланиши туфайли ҳосил булган қуруқликлар пайдо бўлади. Бу қуруқлик асосини каледон тоғ бурмаларидан ҳосил бўлган қуйи палеозой кристалли жинслари ташкил этади. Девон даври бошларида геосинклиналлар бирмунча қисқарган, қуруқлик (платформа) эса кенгайган.
Ўрта ва юқори девон давридаги платформаларни қисман, баъзиларни эса жумладан, Хитой платформасини бутунлай сув босмайди. Шимолий Американинг (Канада платформаси), жануби-ғарбий ва шимолий қисмини эса сув босади. Гондвана (Африка, Австралия, Жанубий Америка) платформасида асосан қуруқлик бўлади. Бу катта қуруқликнинг фақат Амазонка дарёси ҳавзасини, Африканинг шимоли-ғарбини ва Австралия платформасининг шимолини бир оз сув босади. Девон даври охирида кўпчилик платформалардан денгиз қайтади ва улар қуруқликка айлана бошлайди, баъзи бирларида (Рус платформасида) лагуна шароити вужудга келади ва кўл ётқизиғи тўплана бошлайди.
Девон даврида Рус платформасининг жануби-ғарби чўкади. Буни Донеик ботиғи деб айтилади. Ботиқда узоқ вақтгача (тошкўмир, ҳатто пермь давригача) қалинлиги бир неча км келадиган кўмирли чўкиндилар ҳосил бўлган. Ботиқ чеккасидаги чуқур ер ёриқларидан базальт лаваси чиқиб қуйилганлиги характерлидир.
Девон даврининг иқлими яхши ўрганилмаган, лекин шунга қарамай, бу даврда чўккан қизил рангли йирик бўлакли чўкиндилар борлиги,. Жанубий Африкадан топилган музлик ётқизиқлари, ер шарида иссиқ иқлимли ва совуқ иқлимли минтақалар бўлганлигини кўрсатади. Девон даврида Каледон тоғ бурмаланишидан ҳосил бўлган тоғлар емирилган ва материкни сув босган жойлар чеккасида йирик бўлакли жинс: шағалтош, қумтош, гил кўплаб хосил бўлган. Сув қайтиши натижасида девон охирида қуруқликда туз, гипс ва кўмирли жинслар ҳосил бўлган. Масалан Кузнецк хавзаси шимоли шарқидаги Барзос ва Шпецберген оролидаги, Тиман қалқонидаги кўмир конлари шулар жумласидандир. Гипс, ош тузи ва калий тузи конларини Рус платформасида, Украина чўкмасида, Белоруссияда ҳосил бўлгани (Ромна, Искоч конлари) характерлидир. Бу туз конлари устида ҳатто туз гумбазлари хосил бўлган. Девон даврида сув босган платформаларда охактош, мергель, гил жинслари кўплаб хосил бўлган. Айниқса Урал олди ботиғида чўкиш процесси авжига чиққан ва бу ерда битумли охактошлар, нефть сақловчи жинслар хосил бўлган, чунончи, Волга-Ўрал нефтли области шулар жумласидандир. Бу ерда нефть девон, тошкўмир ва пермь даври ётқизиқлари орасидаи олинади. Татаристон, Бошқирдистон, Пермьшаҳри ва бошқа жойлардаги ҳамда Шимолий Америка платформасидаги нефть ҳам девон даврида ҳосил бўлган.
Девон даврида юқори силурдаги геосинклиналь шароит давом этган. Каледон тоғ бурмаланишида кўтарилмасдан қолган жойлар: масалан, Ғарбий Европа, Аппалачи, Урал-Тяншань геосинклиналларида чўкиш давом этган ва қалинлиги бир неча 100 м келадиган чўкиндилар хосил бўлган. Бу геосинклиналь областларда асосан қалин ва юпқа қатламли кул ранг, қора рангли охактош, доломит, доломитли охактош, материк чеккасидаги чўкмаларда эса қумтош, гравелит, шағалтош ва қисман пайдо бўлган гил жинслари қалинлиги бир неча 100—1000 м га етган. Бу ётқизиқларда девон даврида яшаган органик дунёнинг жуда кўп қолдиқлари яхши сақланган.
Ўрта Осиёда айниқса Тяншань геосинклиналининг жанубий ва марказий қисмида Каледон бурмаланишидан кейин чўкиш бошланади. Д. В. Наливкин, О. И. Сергункова ваН. И. Ишназаровлар Жанубий Бўкантов, Туркистон-Олой тоғ тизмасининг шимоли ва ғарбида, Қоратов шимолида кенг тарқалган девон даври ётқизиқларини текширганлар. Бу жойларда асосан охактош қисман гилли сланец ва шағалтошлар хосил бўлмай, уларни бир қатор махаллий горизонт ва свиталарга ажратилган. Девон даври ётқизиғи Шохимардон, Сўх, Исфара сойлари оралиғида Туркистон тоғининг шимолий қисмида кўп учрайди. Бу ерда охактош қатламлари орасидан девон даври ётқизиғи ёшини исботловчи моллюскалар қолдиғи топилган. Девон даврида вақти-вақти билан денгиз остида базальт лавалари чиқиб турган, улардан диабаз ва спилит туфли қумтошлар кўпроқ (Қорачатир зонасида ва Султон Увайс тоғида) учрайди. Шунингдек, девон давридаги қумтош, оҳактош, доломитли оҳактошлар Зарафшон, Олой, Ҳисор ва Ўзбекистон ғарбидаги Нурота, Томдитоғ, Қулжуқ тоғларда хам учрайди. Ҳозирги вақтда ер юзасида учрайдиган девон ётқизиқларининг қалинлиги ҳамма жойда бир хил эмас, 500 м дан 4500 м гача боради. Эрозия натижасида ювилиб кетган жойларда 200—300 м дан ошмайди.
Қуйи ва ўрта девон даврида Жанубий Тяншань жанубидаги Ҳисор ва ғарбидаги Султон Увайс тоғларининг бир қисми қуруқлик бўлган. Шундай қилиб девон даврида Тяншань геосинклиналида кучли тоғ пайдо бўлиш процесси бўлмаган. Эпейроген харакат туфайли денгиз ости секин-аста чўккан, баъзан бир оз кўтарилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |