2. Педагогика фанининг таркибий тузилиши ва бошқа фанлар билан муносабати.
Фан ва техниканинг тез суръатлар билан ривожланиши, турли йўналишларда билим ҳажмининг ошиб бориши фаннинг табақаланиб, турли тармоқларга бўлинишига сабаб бўлмоқда.
Яқин ўтмишда фалсафадан ажралиб чиққан педагогика фанида ҳам кўпгина тармоқларга бўлиниш жараёни, яъни таркибий тузилиши кўзга яққол ташланади. Масалан, мактабгача тарбия педагогикаси, мактаб педагогикаси, катталар педагогикаси, олий мактаб педагогикаси кабилар шулар жумласидандир. Айримлари эса, фан сифатида энди шаклланиб келмоқда.
Ўзининг бутун тарихи давомида педагогика фалсафа билан чамбарчас боғланган ва хатто XIX асргача унинг бир қисми ҳисобланган эди. Хуллас, педагогика фанининг методологик асосини Ўзбекистон республикаси Конституцияси, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”, “Таълим тўғрисида” ги қонун, ҳукуматимиз томонидан чиқарилган қонун ва фармонлар ҳамда фалсафа ташкил этади. Чунки, тарбиянинг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлоднинг илмий дунёқарашини шакллантиришдан иборат.
Педагогика бола тарбиясида унинг ёш ва индивидуал (психологик) хусусиятларини ҳисобга олиб боради. Шу боис, педагогика бугунги кунда фалсафадан ажаралиб чиқиб, бир қатор фанлар Билан муносабатда бўлади. Жумладан, у психология фани билан чамбарчас боғлиқ. Кейинги вақтларда педагогика кибернетика билан боғланмоқда, буни дастурлаштирилган таълим мисолида кўриш мумкин. Шунингдек, у этнография, биология, одам анатомияси, иқтисодиёт, санъат, маданият каби фанлар билан чамбарчас боғлиқдир
Тарихийлик тамойили ҳар қандай фан ривожланишининг зарур тамойили ҳисобланади. Зеро ўтмишни ҳозирги давр билан қиёслаш фақат ҳозирги ҳодисаларнинг асосий ривожланиш босқичларини яхши кўзатиб боришга ёки ўтмишнинг бебаҳо тажрибаси ҳамда эришилган ютуқлардан фойдаланишга ёрдам бериб қолмай, шу билан бирга, бу соҳада хатоларга йўл қўйишдан сақлайди ва келажакка йўналтирилган амалий таклифлар, мақсадли изланишларни амалга оширишга кўп даражада асос бўлади. Жамият ҳаётини қайта қуриш, ўсиб келаётган ёш авлодни шунингдек, ҳамма меҳнаткашлар табақаларини тарбиялашни кучайтиришни талаб этади. Бундай шароитда педагогиканинг тадқиқот соҳалари доираси кенгаяди. Ҳозирги кунда педагогикани асосий тармоклари сифатида қуйидагиларни келтириб утамиз.
Ёш даврлари педагогикаси мазкур гуруҳлар билан олиб бориладиган тарбиявий-ташкилий ишларнинг қонунийлигини тадқиқ этади ҳамда энг аввало уларни тарбияланувчиларнинг ўқув муассасалари шарт-шароитларида амалга ошириш дастўрини ишлаб чиқади.
Катта ёшдагилар педагогикасида олий ўқув юрти шарт-шароитларида ёшларни тарбиялашнинг назарий масалалари ва методикасини ишлаб чиқадиган педагогика тармоғи сифатида олий ўқув юрти педагогикасининг шаклланаётганлиги, унинг аниқлашиб бораётганлиги кўзга ташланади.
Миллий армиямиз учун мутахассислар тайёрлайдиган ҳарбий ўқув юртларида ёшларга таълим бериш ҳамда тарбиялаш муаммолари билан ҳарбий педагогика соҳаси шуғулланади.
Бўлардан ташқари оила педагогикаси бугунги кундаги долзарб вазифалардан бирини ташкил этиб, оилаларда, оила марказларида, маҳаллаларда, жамоат ташкилотларида, оила-никоҳ муассасаларида амалга оширилаётган тадбирларда намоён бўлади.
Умумий педагогикада тарбияланувчилар орасида мафкуравий тарғибот ва маданий маърифий ишлар ҳам ўзига хос тармоқларига эгадир. Бу меҳнаткашларни тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшади ва белгиланган педагогик ғояларга суянади. Педагогика фанининг ҳамма тармоқлари ўзининг турли ривожланиш, тараққиёт босқичларига эгадир: уларнинг айримлари аниқ шаклланиб бўлган ва етарли даражада кенг ишлаб чиқилган бошқалари ўзининг шаклланиш жараёнини бошдан кечирмоқда (масалан, олий ўқув юрти муассасаси педагогикаси, ишлаб чиқариш педагогикаси) баъзи бир тармоқлар педагогикасининг ажралиб чиқиши эндигина бошланмоқда. Умумтаълим ўқув юртларида эмас, балки ёрдамчи ўқув юртларида шуғулланишлари мумкин бўлган шахслар яъни, кўриш, эшитиш, сўзлаш аъзоларида камчиликлари бўлган шахсларни меҳнат фаолиятига тайёрлаш, тарбиялаш ва таълим беришнинг ўзига хос томонларини тадқиқ этувчи фанлар педагогика фанининг махсус гуруҳини ташкил этади. Педагогиканинг бу махсус тармоқлари дефектология ёки махсус гуруҳга бирлаштирилган.
Дефектология фанлари ўз навбатида алоҳида мустақил бўлган тармоқларга бўлинади:
Сурдопедагогика - кар ва гунг тарбияланувчилар таълим-тарбияси масалалари билан;
Тифлопедагогика - кўзи ожиз тарбияланувчилар таълим-тарбияси билан;
Олигофренопедагогика - ақли ожизлар таълим- тарбияси билан шуғулланади.
Бундай илмий ишлар билан шуғулланадиган институтлар Республикада турли тавсиялар бериш, методикани ишлаб чиқиш билан бир қаторда илмий изланишлар, тажриба алмашиниш билан ҳам самарали тадбирларни олиб боришади. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида махсус ташкил этилган Дефектология факультетида муносиб мутахассислар тайёрланаётганлиги фикримизнинг далилидир.
Педагогика инсонлар орасидаги муносабатларни ва ижтимоий муҳитнинг инсонга таъсирини тадқиқ этувчи фан сифатида иқтисодиёт, маданият ривожланишининг ўзига хослиги ҳамда уларнинг инсон шахси шаклланишига таъсирини ўрганади. Шу билан бирга, педагогика ўқув муассасаси тизимининг ташкилий жиҳатларидаги кўпгина масалаларни ҳал этишга, шахсларни тарбиялашда ўқув муассасаси, оила ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришига ёрдам беради.
«Педагогика» тарбия жараёнини ижтимоий ҳодиса сифатида ўрганар экан, табиий равишда жамиятдаги барча фанлар билан боғлиқдир. «Фалсафа» фан сифатида инсоният жамияти, табиат ривожланишининг умумий қонуниятларини ташкил этадиган, яъни педагогиканинг тараққий этиб боришига имкон берадиган илмий манбаидир. Шу билан бирга, файласуфлар ва педагогика фанлари вакиллари томонидан ишлаб чиқилган бир қатор умумий масалалар фалсафада ҳам, педагогикада ҳам баробар мавжуддир.
Бўлар жумласига тарбия билан бошқа ижтимоий ходисалар орасидаги ўзаро алоқалар; дунёқарашни, ахлоқий, меҳнат ва эстетик тарбияни шакллантириш масалалари; шахс ва жамоа муносабатлари; таълим жараёни моҳиятини тушуниш ҳамда билишнинг диалектик назариясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлган гнесеологик масалалар ва бошқа муаммолар киради.
Педагогиканинг аниқ масалаларини ишлаб чиқишда фалсафанинг социология, этика, эстетика каби тармоқлари катта аҳамиятга эгадир.
Этика фалсафанинг ахлоқий ва тарбия масалалари билан бевосита боғлиқдир. Уларни хал этишда педагогика ахлоқнинг умўминсоний қадриятларига суянади.
Эстетика (нафосат тарбияси) инсоннинг эстетик идеалларини шакллантириш, маданиятга ва воқеликка эстетик муносабатлари умумий қонуниятларини ўрганади ва эстетик тарбияни илмий жиҳатдан асослаш учун хизмат қилади. Бу асосларни педагогика фани ишлаб чиқади, ёшларни гўзалликни ҳис қила олиш, тушунишга ўрганиш воситалари ва йўллари белгилаб беради.
Педагогиканинг фалсафа ва бошқа ижтимоий фанлар билан боғлиқлигини, ҳал этадиган илмий масалаларнинг умумийлигини педагогиканинг ижтимоий хусусияти, унинг мафкуравий йўналишга эга эканлигини таъкидлаб туради. Тарбиянинг ҳамма муаммоларини бошқа сиёсий, ижтимоий масалалар билан бир қаторда ҳал этиш заруриятини кўрсатиб беради.
Жамиятимиз ривожланишининг ҳозирги босқичида педагогиканинг иқтисодиёт фанлари билан алоқаси мустаҳкамланиб бормоқда. Ижтимоий фанлардаги маълумотларга суяниб, педагогика жамиятнинг тарбияга бўлган объектив эҳтиёжини ва уларни амалга ошириш шарт-шароитларини ўрганади.
Инсоннинг ақлий ривожланиши қирраларини, жиҳатларини ўрганадиган бошқа фанлардан фарқли ўлароқ, педагогика инсон шахси, унинг тараққиёт босқичлари билан шуғулланади.
Педагогика психология ва физиология билан ҳам бевосита ва билвосита боғлиқдир. Физиология педагогика ҳамда психологиянинг табиий илмий базаси ҳисобланади. Педагогика физиологиянинг олий асаб (нерв) фаолиятининг ривожланиши, асаб тизимининг ўзига хослиги, биринчи ва иккинчи сигнал системалар ҳақидаги, шунингдек сезги органларининг, таянч ҳаракат аппаратларининг, юрак, кон-томир ҳамда нафас олиш системаларининг фаолияти, ривожланиши ҳақидаги маълумотларга суянади.
Психологик ҳодисаларнинг физиологик асосларини билиш педагогика учун тарбия ва таълимнинг баъзи бир омилларини яққол, аниқ билиб олиш, тушуниш имкониятини яратади ҳамда таълим-тарбия жараёнини самарадорлигини оширишнинг кўпгина муаммоларини муваффақиятли ҳал этишга ёрдам беради.
Психология педагогиканинг бошқа фанлар томонидан аниқланган билимлар, ўсиб келаётган инсоннинг шахсини шакллантириш, ички жараёнларини юз бериш омиллари ва шарт-шароитлари ҳақидаги билимлар билан қуроллантиради.
Кейинги вақтларда педагогика бошқа янги ривожланаётган фанлар билан, жумладан, мураккаб динамик тизимларни режали бошқариш ҳақидаги фан бўлган кибернетика билан мустаҳкам алоқада ривожланмоқда. Бўларнинг барчаси педагогика ўзининг предмети ва тадқиқот соҳасига эга бўлиб, бошқа бир қатор фанлар билан жуда мустаҳкам боғлиқликда эканлигини кўрсатади.
Ҳозирги мустақиллик шароитида ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида умўминсоний қадриятларни, умўминсоний ижобий хислатларни ривожлантириш Ўзбекистон ҳукуматининг қарорларида мустақил Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов асарларида, нутқларида ўз аксини, тасдиғини топган.
Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида тутган ўз йўли, тамойиллари тарбия жараёнида ҳали аввалги кекса авлод олдида турмаган янги масала ва муаммоларни ечиш учун зарур бўладиган хислат ва сифатлар шакллантирилишини тақозо этади.
Ўзбекистонда миллий истиқлол мафкураси аста-секин шаклланиб бораяпти. Педагогика илмидаги тушунчалар таърифлар миллий истиқлол мафкурасига мос умўминсонийлик руҳида тушунтирилмоғи мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Албатта таълим ва тарбияда умўминсоний қадриятлар билан бирга миллий ўзига хослик нисбати, мувозанати алоҳида аҳамиятга эга. Яна бир томондан таълим назариясини, таълим-тарбия мазмунини, шаклини ва услубларининг асосий жиҳатлари Шарқда ишлаб чиқилиб, Европо орқали ўзгариб, ривожланиб яна Шарққа қайтиб келганини ва дунё педагогик жараёнини бир бутунлигини ҳисобга олинса, қуйида келтириладиган тушунчаларда хусусий миллийликдан кўра, умўминсонийлик жиҳатларининг кўплиги кўзга ташланиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |